Миссионерликнинг манфур ниятлари
04 сентябр 2019 й.
195 марта ўқилди.

 

 Миссионерликнинг манфур ниятлари

        Бугунги кунда ислом динига нисбатан бутун дунёда қизиқиш ва интилиш кучайиб, унинг хайрихоҳ ва тарафдорлари кўпайиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Бунинг асосий сабаби муқаддас динимизнинг ҳаққонийлиги ва поклиги, инсонпарварлиги ва бағрикенглиги, одамзодни доимо эзгуликка чорлаши, ҳаёт синовларига ўзини оқлаган қадрият ва анъаналарни аждодлардан авлодларга етказишдаги беқиёс ўрни ва аҳамияти билан боғлиқ.   Халқимизнинг маънавиятини шакллантиришга, ҳар қайси инсоннинг Аллоҳ марҳамат қилган бу ҳаётда тўғри йўл танлаши, умрнинг мазмунини англаши, авваламбор, руҳий покланиш, яхшилик ва эзгуликка интилиб яшашида унинг таъсирини бошқа ҳеч қандай куч билан қиёслаб бўлмайди. Шу нуқтаи-назардан қараганда, муқаддас ислом динимизни пок сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга тўғри тушунтириш ислом маданиятининг эзгу-ғояларини кенг тарғиб этиш вазифаси ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда. Бир неча диний экстремистик оқим ва йўналишлар фаолияти тобора кескинлашиб бораётган бир даврда муқаддас ислом динимизга ва миллий маънавиятимиз ҳамда қадриятларимизга раҳна солишга уринаётган ноисломий йўналишлардан бири бу Миссионерлик йўналишидир. 
  Миссионерлар исломий бирликка зарба берганларидан сўнг, мусулмонларни динларидан узоқлаштириш ва Аллоҳ билан алоқаларини узиш мақсадида, Ислом низомидан чиқиб куфру даҳрийлик йўлига ўтишлари учун муқаддас динимиз душманлари бўлган ўзга кучлар билан ҳамкорликка интилдилар. Бу ниятларини амалга ошириш йўлида бир неча йўналишда иш бошладилар:
1. Қуръони каримга қарши кураш ва унинг аҳкомларини бузиб кўрсатиш.
 Миссионерлар Қуръони каримни мусулмонлар қувватининг қадимий шавкатларига қайтишларининг ва бурунги куч ва маданиятларининг асосий манбаи деб ҳисоблайдилар. 
 Ашаддий миссионер Жалод Стун Умум Британия мажлисида йиғилганлар ҳузурида Қуръони каримни кўтариб, "Модомики бу Қуръон мусулмонлар қўлида экан, Оврупа Шарққа ҳокимлик қилишга ҳеч қачон қодир бўлолмайди ва ўзи ҳам тинч яшаёлмайди", деб жар солди.
  Миссионер Валим Жифурд шундай ёзади: "Қуръон ва Макка шаҳри араблар диёридан йўқолсагина, уларнинг ғарб маданиятига қўшилишига, Муҳаммад ва унинг китобидан узоқлашишига эришишимиз мумкин". Душманлар Қуръони каримга қарши курашларида унинг аҳкомларини бузиб кўрсатишга ва масхаралашга ҳар қанча интилсаларда ҳеч нарсага муваффақ бўлолмадилар. Зеро, Ҳақ таоло  Қуръони каримни сақлашни ўз кафолатига олгандир. 
إِنَّا نَحۡنُ نَزَّلۡنَا ٱلذِّكۡرَ وَإِنَّا لَهُۥ لَحَٰفِظُونَ ٩
“Албатта, бу зикрни (яъни Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва уни Ўзимиз асрагувчидирмиз”. (Ҳижр, 9)

2. Ислом сувратини бузиб кўрсатиш.
   Ғарб жамиятида душманлар ғарбликларнинг Ислом динига кириб кетишларининг олдини олиш учун турли йўл ва воситалар билан Ислом сувратини бузиб кўрсатишга ҳаракат қиладилар. Британиялик кинорежиссёр бир неча вақт олдин "Сайфул Ислом" ("Ислом қиличи") деб номланган хаёлий видеофилъм намойиш этади. Унда мусулмонларни босқинчи, динни қилич билан тарқатган, кишиларни унга киришга мажбур этган қонхўр сифатида тасвирлаганлар. Мусулмонлар динларига мустаҳкам  эьтиқодлари сабабли қолоқ ва ортда қолган кишилар қилиб кўрсатилган.
3. Ислом мамлакатларига фикрий ва маданий юриш.
   Босқинчилар ҳарбий юришлар Ислом мамлакатлари устидан ҳукмрон бўлиш йўлида фойда бермаслигини англадилар. Чунки мусулмонлар ўз ерларини озод қилишга ва босқинчиларга бўйсунмасликка отландилар. Бинобарин, улар ҳарбий юришдан кўра  хавфли бўлган ўзга юришга яъни  фикрий ва ғарбий маданий юришга юз бурдилар. Улар Ғарб фикри, асосий одати ва анъаналарини мусулмонлар ўртасида ёйишга, Ислом фикри ва асосларига қарши курашга, тараққиёт ва маданият номи билан Ислом номини бузиб, унинг моҳиятини камситиш ва мусулмонларни қадрсиз кишиларга айлантиришга интилмоқда. Бу янги юриш оммавий ахборот воситасининг газета, радио, ойнаи жаҳон, видео ва сунъий йўлдошлар каби турларида амалга оширилмоқда.
4. Миссионерлик.
Миссионерлик Ислoмга қарши курашнинг энг хатарлисидир. Зеро, у биринчи навбатда мусулмонни динидан ажратиб насронийликка даъват этишни, Ислом ва унинг ёйилишига тўсқинлик қилишни, Ислом оламини насроний давлатлар ҳукмига бўйсундиришни, Ислом бирлигига болта уриб, уни парчалаб ташлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Уларнинг бу мақсадларининг далили сифатида миссионерлар раҳбари поп Зуарнинг Фаластинда Британия бссқинчилиги вақтида ўтказилган Қудс конференциясида сўзлаган нутқидан парча келтирамиз: "Биз масиҳий давлатлари сизларни юбораётган Ислом мамлакатларида миссионерлик вазифаси мусулмонларни насроний қилиш эмас. Чунки, бу уларни тўғри йўлга бошлаш ва ҳурматлаш бўлади. Аммо сизларнинг вазифаларингиз -мусулмонлар Аллоҳ билан алоқаларини йўқотган махлуқга айланиши учун уларни Исломдан чиқаришдир. Сизлар зиммангиздаги бу вазифани яхши уддаладингиз. Мусулмонлар диёрида Аллоҳ билан алоқа қилмайдиган ва уни билишни ҳам истамайдиган авлодларни тарбияладиларингиз, мусулмонни Исломдан чиқардингиз ва уни насроний динига ҳам киритмадингиз. Ўз навбатида насроний босқинчилари хоҳишига мувофиқ улкан ишларга эьтиборсиз, роҳат ва танбалликни истаган, дунёда ҳамма фикрини шаҳватга қаратган авлод етишди".
Миссионерлардан бири Ислом оламини босқинчилар ҳукмига бўйсундиришга интилишларини шундай баён этади: "Миссионерлик гуруҳларининг мақсади  фақатгина насронийликни ёйиш бўлмай, балки Ислом оламини насроний Оврупа ҳукмига бўйсундиришдир. Насронийлик ва Ислом ўртасидаги кураш миссионерлик урушлари тугаши билан тугамайди, балки у то абад давом этадиган курашдир".
  Миссионерларнинг бу режалари мусулмонлар озчиликни ташкил этган жойларда ҳам, асл аҳолиси мусулмон бўлган жойларда ҳам амалга оширилмоқда. Айниқса, камбағаллик, нодонлик ва касаллик каби иллатларга дучор бўлган тараққий этмаган мамлакатларда бу режа осонлик билан амалга оширилмоқда. Уларга кўмаклашиш мақсадида шифохоналар, мадрасалар, тарбия ўчоқлари қуриб беряпти. Бу диёрларда озиқ-овқат, дори-дармон ва кийим-бошнинг баҳоси масиҳий бўлишдир.
Миссионерлар бу ҳаракатларида ўз имконларидаги барча воситаларга, хоссатан, оммавий ахборот воситаларига суянишади. Улар радио ва телевидения, газета ва журналларга, ҳатто сунъий йўлдошларга эга. Миссионерлар ўз мақсадларини кўр-кўрона эмас балки ўта пишиқ низом ва режалар асосида амалга оширади. Бунинг орқасида Бутун олам канисалар мажлиси бошчилигида бир неча миссионерлик муассасалари туради. Улар ўз режа ва мақсадларидан қай бирини амалга ошириб, қай бирини рўёбга чиқаришга ҳаракат қилиш маслаҳати учун конференция ва йиғинлар ўтказиб туришади. 
Хулоса қилиб айтганда, бугунги тахликали замонда миссионерларнинг иштаҳалари чакки эмас. Ўз юртларида, дунёнинг бошқа жойларида ҳунарлари ўтмаганидан кейин, қулай жой ва фурсат топиш  мақсадида дунёнинг турли минтақаларида изғиб юрган миссионерлардан огоҳ бўлайлик. Аслида инсон оила, маҳалла, жамиятдан айри яшай олмайди. Шу сабабли, ўзимизга жиддий эътибор қаратмоғимиз, эътиқод ва иродамизни бўшаштирмаслигимиз ва қолаверса, ён-атрофимиздаги кишиларга нисбатан масъулиятимизни ҳис этишимиз даркор. Бир кишининг нотўғри йўлдан қайтиб, тўғри йўлни топишига сабаб бўлиш бизга дунё ва ундаги барча нарсалардан аъло экани тўғрисидаги ҳадисни эсдан чиқармайлик.

Азизхўжа Иноятов.
“Чаҳор Бакр” жомеъ масжиди имом хатиби.
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:00
Куёш: 07:53
Пешин: 13:10
Аср: 15:50
Шом: 17:30
Хуфтон: 18:50
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram