МУСОФИРНИНГ НАМОЗИ...
11 июн 2018 й.
176 марта ўқилди.

МУСОФИРНИНГ НАМОЗИ...
 
“Сафар” луғатда масофани кесиб ўтиш маъносини англатади. Лекин ҳар қандай сафар ҳам шаръий ҳукмларнинг ўзгаришига сабаб бўлавермайди. Бунинг учун алоҳида шартларни мужассам этган сафар бўлиши лозим. Мусофир ўз юртининг уйларидан уч куну уч кечалик масофани қасд қилиб ажраган одамдир. Масофани қасд қилмай содир бўлган сафарга шаръий ҳукмлар тегишли бўлмайди. Масалан, бир киши қочиб кетган отини ушлайман деб йўлга чиқса ва бир неча кун унинг ортидан қувиб юрса ҳам, намозни тўлиқ ўқийди. 
Пиёда ўртача юрганда уч кеча-ю уч кундузлик йўлни босиб етадиган жойга сафарга чиққан киши яшайдиган жойи ҳудудидан чиқиши билан қайтиб келгунича "мусофир" ҳисобланади (бу ҳанафий мазҳабида 96 километрга, бошқа мазҳабларда 88 километрга тенг). "Ўртача юриш" деганда туя ва пиёда кишининг юриши кабиларга айтилади. Ушбу масофадан камроқ ерга йўл олган киши мусофир ҳисобланмайди. Ана шу масофадаги ерга машинада, поездда, самолётда йўлга чиққанлар ҳам мусофир ҳисобланади. Ҳанафий мазҳабига кўра бир киши бошқа бир жойда ўн беш кун ва ундан ортиқ турмоқни ният қилса намозни тўлиқ ўқийди, ундан оз турмоқни ният қилса қаср ўқийди. Бу ҳукмга буюк саҳобийлар Ибн Аббос ва Ибн Умар розияллоҳу анҳумлардан қилинган қуйидаги ривоятни далил қилиб олганлар:
«Мусофир ўлароқ бир юртга кирсанг ва бу юртда ўн беш кун қолишни ният қилсанг, намозни тўла ўқи. Агар бу ердан қачон сафарга чиқишингни билмасанг, намозни қаср ўқи».
У жойда ўн беш кундан камроқ муддат туришни ният қилган бўлсаю, ойлаб-йиллаб қолиб кетса ҳам, мусофир саналаверади. Агар борган жойида ўн беш кун ёки ундан кўп муддат туришни ният қилса, етиб боргач, мусофир ҳисобланмайди.  Аёллар абадий маҳрамлари билан бирга сафарга чиқмоқлари лозимдир. Чунки, уларга сафар давомида ёрдамчи ва ҳимоячи зарурдир.
Сафарнинг ўзига яраша қийинчилик ва машаққатлари бўлади. Сафардаги кишиларга ўша машаққатларни камайтириш учун Аллоҳ таоло меҳрибонлик қилиб, тўрт ракаатли намозларнинг ярмини қисқартириб енгиллик берган. Мусофир киши сафарда тўрт ракъатли фарз намозларини икки ракъат қилиб қисқартириб (қаср қилиб) ўқиши Қуръон, Суннат ва Ижмоъ билан собит бўлган. Улар пешин, аср, хуфтондир. 
Аллоҳ таоло Нисо сураси 101 оятда бундай марҳамат қилади: 
 
“وَإِذَا ضَرَبۡتُمۡ فِي ٱلۡأَرۡضِ فَلَيۡسَ عَلَيۡكُمۡ جُنَاحٌ أَن تَقۡصُرُواْ مِنَ ٱلصَّلَوٰةِ”
 
“Қачонки ер юзида сафар қилсангиз, сизларга намозни қаср қилиб адо этмоғингизда гуноҳ йўқдир...”
Умар ибн Ҳаттоб (Р.А) дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтадилар: “... Бу Аллоҳ таолонинг сизларга қилган садақасидир. Бас, Унинг садақасини қабул қилинг” . (Муслим ривояти) 
Аммо бомдод, шом ва витр намозлари ҳамда суннати равотиблар эса тўлиқ ўқилади.
 Аллоҳ таолонинг мусофирга берган енгилликларидан яна бири таҳорат олгач, маҳси кийса, маҳсисига уч кеча-ю уч кундузгача масҳ тортишнинг мумкинлигидир. Рўза тутишликда эса мусофир ихтиёрлидир: хоҳласа сафарда рўза тутади, хоҳласа муқим бўлгандан сўнг рўзанинг қазосини тутиб беради. Агар мусофир йўл юриб турган бўлса, вақти зиқ, шароит йўқлиги учун суннатларни ўқимаслиги афзалдир. Аммо шунда ҳам бомдоднинг суннатини тарк қилмайди. Агар мусофир бир манзилга келиб тушса, вақт бемалол, шароит етарли бўлгани учун суннатларни ўқиши афзал бўлади. Сафарда суннат намозларини ўқиш ёки ўқимаслик борасида изланиш қилган уламолар ушбу хулосани айтишган. Мусофирга намозни қаср қилиш вожибдир. Анас (Р.А.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳа алайҳи васаллам билан Мадинада пешинни тўрт ракаат ва асрни Зул Ҳулайфада икки ракаат ўқидим”. Пайғамбар (с.а.в.) сафарга чиққан бўлсалар ҳам, Мадинадан чиқмаганлари учун, пешинни тўрт ракаат ўқиганлар. Асрда шаҳардан чиқиб Зул Ҳулайфа деган жойга етиб қолганлари учун намозни қаср қилиб икки ракаат ўқиганлар. Демак, шаҳар ёки қишлоқнинг четидаги девордан ёки кўприкдан узоқлашгандан бошлаб намозларни қаср қилиб ўқийди. Тўлиқ қилиб ўқиш жоиз эмас, мабодо тўлиқ қилиб ўқиса, гуноҳкор бўлади. Мусофир қачонгача намозларни қаср ўқийди? Умар ибн Ҳаттоб (Р.А.), Абдуллоҳ ибн Умар (Р.А.), Абдуллоҳ ибн Аббос (Р.А.), Лайс ибн Саъд ал-Мисрий раҳимаҳуллоҳ, Саид ибн Мусаййиб раҳимаҳуллоҳ, Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ наздларида, мусофир бирор жойда ўн беш кун ва ундан ортиқ туришни ният қилса, ўша жойга боргандан сўнг муқим ҳисобланиб, биринчи кундан бошлаб намозларини тўлиқ ўқийди. Агар ҳожати битиб, олдинроқ ватанига қайтмоқчи бўлса, йўлда то уйига етиб келгунча намозларини қисқартириб ўқийди. Ўн беш кундан кам туришни ният қилса, намозини қаср қилиб ўқийди. Ибн Мунзир раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Олимлар ижмоъ қилдиларки, агар бир киши бирор жойда ўн беш кундан камроқ муддат туришни ният қилган бўлсаю, ойлаб-йиллаб қолиб кетса ҳам, мусофир саналаверади”. Масалан, бир киши қарзини олиб келиш учун сафарга чиқди. Қарздор қарзини қайтариш муддатини орқага сураверди. Шу тариқа йиллар ўтса ҳам, намозини қаср қилиб ўқийверади. Чунки, у қарзини ундириши билан уйига қайтишни ният қилиб, иқоматни қасд қилмаган эди. 
Фарз намозларини қисқартириб ўқиётган мусофир нафл намозларини ўқишининг жоизлигига жумҳур уламолар иттифоқ қилишган. Ҳасан Басрий саҳобаи киромларнинг сафарда нафл намозларини ўқиганликларини ривоят қиладилар. 
Ҳанафий мазҳабидан бошқа мазҳаблар пешин ва аср, ҳамда шом ва хуфтон намозларини сафарда жам қилиб, яъни пешин ва асрни пешин вақтида қўшиб, шунингдек, шом ва хуфтон намозини шом вақтида жам қилиб ўқиш мумкин дейдилар. 
Ҳанафий уламолар эса бу фикрга қўшилмайдилар. Уларнинг бундоқ йўл тутишларига ўз далиллари бор:
1. Намозларнинг вақти кучли мутавотир хабарлар ила собит бўлган. Ўша хабарларда бир намозни бошқасининг вақтида ўқиш мумкин, дейилмаган. Икки намозни жам қилиш ҳақидаги ривоятлар эса кучли мутавотир эмас, оҳод йўл билан собит. Шунинг учун кучсиз ривоятни ушлаб, кучли ривоятда келган ҳукмни ўзгартириш яхши эмас.
2. Имом Бухорий ва Имом Муслимлар қилган ривоятда ҳазрати Абдуллоҳ ибн Масъуд (Р.А.) қуйидагиларни айтганлар:
«Ўзидан ўзга илоҳи маъбуд йўқ Аллоҳ ила қасам этаманки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч бир намозни ўз вақтидан бошқа вақтда ўқимаганлар. Бунда фақат икки намоз мустаснодир. Булар Пешин ва Аср ҳамда Шом ва Хуфтон намозларидир. У зот Пешин ва Аср намозларини Арофотда жам қилиб ўқиганлар. Шом ва Хуфтон намозларини эса Муздалифада жам қилиб ўқиганлар». 
Қаср қилиб ўқилган намозлар ҳам худди мукаммал намозлар каби тартиби билан қазо қилинади. 
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, сафарнинг ўзига хос жиҳатлари  бўлиб, Аллоҳ таоло мусофирга ибодатлар борасида бир қанча енгилликлар ато этди. Бу ҳолат дини Исломнинг осонлик дини эканини, шу билан бирга намознинг нақадар аҳамиятли ибодатлигини кўрсатади.
Аллоҳ таоло муқимлигу сафарда қилган барча ибодатларимизни тўла-тўкис даргоҳида қабул айласин. Омин.
 
                                                                                            "Чаҳор Бакр" жомеъ масжиди  
                                                                                                 имом-хатиби А. Иноятов
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:05
Куёш: 06:54
Пешин: 13:10
Аср: 16:40
Шом: 18:20
Хуфтон: 19:40
Тўлиқ тақвим »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram