НАМОЗ СУННАТЛАРИГА БЎЛГАН ЭЪТИБОР
12 июн 2018 й.
256 марта ўқилди.

 

 НАМОЗ СУННАТЛАРИГА БЎЛГАН ЭЪТИБОР

 Аллоҳ таоло қиёматда нажот топувчи мўмин бандасини сифатлаб, шундай марҳамат қилади:

قَدْ أَفْلَحَ الْمُؤْمِنُونَ  الَّذِينَ هُمْ فِي صَلَاتِهِمْ خَاشِعُونَ

Яъни “Батаҳқиқ, мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида хушуъ қилувчидирлар (Мўъминун 1-2 оят)

Хушуъ – қўрқув билан муҳаббатнинг бирга қўшилганидир. Нажотга эришувчи мўминларнинг сифатларидан бири – намоз ўқиганларида Аллоҳ таоло мақоми ҳузурида қалбларини, вужудларини, ҳатту ҳаракатларини қўрқинч ва сокинлик ўраб олишидир. Бу ҳолат эса, фақат намозни олий даражада қойилмақом қилиб адо этадиган мўминлардагина бўлади.

Расулуллоҳ с.а.в. марҳамат қилдилар:

قال النبي صلى الله عليه وسلم : " أن تعبد الله كأنك تراه فإن لم تكن تراه فإنه يراك"

Эй мўмин банда, сен гўёки Аллоҳ таолони кўриб тургандай ибодат қил, гарчи сен Уни кўролмасанг ҳам, бироқ, батаҳқиқ У зот сени кўриб туради”.

Пайғамбаримиз с.а.в.нинг ушбу муборак сўзлари, ҳар бир ақлли мўмин бандага етарли даражада таълим бўла олади. Ва яна Аллоҳ таоло оятнинг давомида мўмин банданинг васфини яна зикр қилиб:

وَالَّذِينَ هُمْ عَلَى صَلَوَاتِهِمْ يُحَافِظُونَ

Улар намозларини муҳофаза қилгувчидирлар (Мўъминун 3 оят)

Яъни улар намозларини ўз вақтида, бекаму кўст адо қилувчидирлар. Намозхон, мўмин бандаларнинг  нажотга эришиш сифатларидан бири, асосийси бу намозни хушуъ билан адо этиб, уни муҳофаза қилишидир. Намозни ўз вақтида, бекаму кўст, фарз бўлсин, вожиб бўлсин, суннат ва мустаҳаб намозларини ўз жойига қўйиб бажаришидир.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

 

عَنْ أُمِّ حَبِيبَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ: مَا مِنْ عَبْدٍ مُسْلِمٍ يُصَلِّي للهِ كُلَّ يَوْمٍ ثِنْتَيْ عَشْرَةَ رَكْعَةً تَطَوُّعًا غَيْرَ فَرِيضَةٍ إِلاَّ بَنَى اللهُ لَهُ بَيْتًا فِي الْجَنَّةِ أَوْ إِلاَّ بُنِيَ لَهُ بَيْتٌ فِي الْجَنَّةِ قَالَتْ أَمُّ حَبِيبَةَ: فَمَا بَرِحْتُ أُصَلِّيهِنَّ بَعْدُ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلاَّ الْبُخَارِىَّ. وَزَادَ التِّرْمِذِىُّ: أَرْبَعًا قَبْلَ الظُّهْرِ وَرَكْعَتَيْنِ بَعْدَهَا وَرَكْعَتَيْنِ بَعْدَ الْمَغْرِبِ وَرَكْعَتَيْنِ بَعْدَ الْعِشَاءِ وَرَكْعَتَيْنِ قَبْلَ صَلاَةِ الْفَجْر.

Умму ҳабийба розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Қайси бир мусулмон банда ҳар куни фарздан ташқари ўн икки ракат ихтиёрий намозини ўқиса, албатта, Аллоҳ унга жаннатда уй қуриб беради», дедилар.

Термизий: «Пешиндан олдин тўрт ва кейин икки ракат, шомдан кейин икки ракат, хуфтондан ке­йин икки ракат, бомдоддан олдин икки ракат»ни зиёда қилган.

Ҳанафий мазҳаби ушбу ривоятни маҳкам ушлаб, ҳаётга яхшилаб татбиқ қилган мазҳабдир. Ушбу ҳадисда фарз намозларига тобеъ суннатларни қўймай ўқиб боришга қаттиқ тарғиб ва улкан ваъда бордир.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Пешиндан олдинги тўрт ракатни ва ундан кейинги тўрт ракатни муҳофаза қилса, Аллоҳ унга дўзах ўтини ҳаром қилади», дедилар.

 

Фарз намозларга тобеъ суннат намозларини қўймай ўқиб боришга бундан ортиқ тарғиб бўлмаса керак. Шунинг учун ҳам Умму ҳабийба онамиз, ушбу ҳадисни эшитганларидан бошлаб, у намозларни асло қўймаганлар. Биз ҳам худди шундоқ қилишимиз керак.

عَنْ أُمِّ حَبِيبَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: مَنْ حَافَظَ عَلَى أَرْبَعِ رَكَعَاتٍ قَبْلَ الظُّهْرِ وَأَرْبَعٍ بَعْدَهَا حَرَّمَهُ اللهُ عَلَى النَّارِ. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам пешиндан олдинги тўрт ракатни ва бомдоддаги икки ракатни ҳеч қўймас эдилар».

Ушбу зикр қилинган намозлар таъкидланган суннат намозлардир. Фарз намозларидан олдин ўқиладиган суннат намози ўзига хос равишда фарз намоздан олдин тайёрланиш вазифасини ҳам ўтайди. У намозни ўқиб, анча тайёрланиб олган намозхон учун фарз намозининг хушуъ-хузуъини жойига қўйиш осон бўлади.

Фарз намозларидан кейин ўқиладиган суннат намозлари эса, фарз намозда баъзи қусур ва камчиликлар содир бўлса, ўрнини тўлдириш вазифасини ўтайди.

Шунинг учун ҳам шариатда бу намозларни «мукаммилот» – «тўлдирувчи намозлар» деб аталади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

عَنْ عَائِشَةَ رَضِي الله عَنْهَا عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: رَكْعَتَا الْفَجْرِ خَيْرٌ مِنَ الدُّنْيَا وَمَا فِيهَا. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِىُّ وَأَحْمَدُ. وَلأَبِي دَاوُدَ وَأَحْمَدَ: لاَ تَدَعُوهُمَا وَإِنْ طَرَدَتْكُمُ الْخَيْلُ.

«Бомдоднинг икки ракати дунё ва ундаги нарсалардан яхшидир», дедилар.

 

Ушбу ҳадисда бомдоднинг икки ракат суннати ҳақида сўз бормоқда. У икки ракат намоз энг фазилатли вақтда ўқилади. Унинг савоби ниҳоятда улкандир. Агар Бомдоддаги икки ракат суннат намознинг савобини бу дунёнинг ўлчови билан ўлчайдиган бўлсак, дунёнинг ҳаммасидан ва ундаги нарсаларнинг ҳаммасидан ҳам яхшироқдир.

Демак, ҳар куни саҳар туриб, яхшилаб таҳорат қилиб икки ракат Бомдод суннатини ўқиган одам дунёдаги энг кўп савоб олган киши бўлар экан.

Намозхонлар ўзларидаги бу фазлни англаб етишлари лозим.

Бомдоднинг суннатини ўқиш қанчалар зарур эканини Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Агар сизни отлиқлар қувиб турса ҳам иккисини қўйманглар», деган сўзларидан тушуниб олсак бўлаверади. Яъни, душман бостириб келиб турса ҳам Бомдоднинг икки ракат суннатини тарк қилманг, деганлари.

 وَعَنْهَا قَالَتْ: لَمْ يَكُنِ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم  عَلَى شَيْءٍ مِنَ النَّوَافِلِ أَشَدَّ مِنْهُ تَعَاهُدًا عَلَى رَكْعَتَيِ الْفَجْر. رَوَاهُ الثَّلاَثَةُ.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Бомдоднинг икки ракат суннатини бирон марта тарк қилганларини ҳеч ким билмайди. ҳатто, саҳобалар билан ғазотдан келаётиб ухлаб қолганларида ҳам, олдин икки ракат суннатни ўқиб олиб, кейин фарзнинг қазосини ўқиганлар.

Демак, сиз билан биз ҳам бу намозга қаттиқ эътибор беришимиз керак. Расулуллоҳ с.а.в.нинг суннатлари ўқишимиз орқали Аллоҳ Таолонинг муҳаббатига сазовор бўламиз. Аллоҳ таолонинг суюкли бандаси, ҳабиби, дунёу охиратда ғамхўримиз пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо с.а.в. бўлсалар, у кишининг суннатларини ўқимаслик, Аллоҳнинг эътиборидан четда қолишлик, Аллоҳнинг муҳаббатидан бебаҳра бўлишлик эмасми?

قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِنِّي فَرَطُكُمْ عَلَى الْحَوْضِ مَنْ مَرَّ عَلَيَّ شَرِبَ وَمَنْ شَرِبَ لَمْ يَظْمَأْ أَبَدًا لَيَرِدَنَّ عَلَيَّ أَقْوَامٌ أَعْرِفُهُمْ وَيَعْرِفُونِي ثُمَّ يُحَالُ بَيْنِي وَبَيْنَهُمْ فَأَقُولُ إِنَّهُمْ مِنِّي فَيُقَالُ إِنَّكَ لَا تَدْرِي مَا أَحْدَثُوا بَعْدَكَ فَأَقُولُ سُحْقًا سُحْقًا لِمَنْ غَيَّرَ بَعْدِي

Қиёмат куни албатта, мен ҳавз олдида сизларни кутиб ўтираман. Менинг олдимдан ўтган ҳар бир киши у ҳавздан ичади ва кимики унинг сувидан ичса, абадул абад чанқамайди. Мен танийдиган ва улар мени танийдиган кишилар келаверади. Сўнгра бир пайт бир қавм орасида тўсиқ пайдо бўлади. Шунда мен: “Булар мендан”, дейман. Менга нидо келади: Бу қавм сиздан кейин нималар қилиб юрганини билмайсиз. Суннатингизни тарк қилиб, бидъатларга берилган эдилар. Ундай бўлса, улар мендан узоқлашсин”.

Кимки қиёмат кунида набий с.а.в.нинг шафоатларига эришмоқни истаса у кишининг суннатларига эргашмоғи лозим. Қиёмат кунида ҳамма ўзи билан ўзи бўлиб қолганда Ўзларининг шафоталари билан сийлайдиган, дунё ҳаётликларида бизларга ўрнак бўлган буюк зот Пайғамбаримиз, Муҳаммад  алайҳи саломнинг суннатларида бардавом бўлайлик.

 

Бухоро шаҳри “Волидаи Абдулазизхон” жомеъ

масжиди имом хатиби

Қудратов Зариф

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:00
Куёш: 07:54
Пешин: 13:10
Аср: 15:50
Шом: 17:30
Хуфтон: 18:50
Тўлиқ тақвим »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram