РАҲБАРЛАРГА ИТОАТ.
11 июн 2018 й.
27 марта ўқилди.

 РАҲБАРЛАРГА ИТОАТ.

Итоат калимаси  бўйсуниш, таслимлик, ҳукмга рози бўлиш сўзлари билан маънодош бўлиб, уларнинг муқобилида осийлик, туғён, ҳаддан ошиш каби сўзлар туради. Биринчи гуруҳдаги сўзлар ижобий маънода бўлиб, иккинчи гуруҳдаги сўзлар эса ўзида исённи акс эттиради. Итоат, таслимлик ва ҳукмга рози бўлиш тўғрисида Қуръони азиму шаъннинг бир қанча оятларида  шундай дейилади:
 إِنَّمَا كَانَ قَوْلَ الْمُؤْمِنِينَ إِذَا دُعُوا إِلَى اللَّهِ وَرَسُولِهِ لِيَحْكُمَ بَيْنَهُمْ أَن يَقُولُوا سَمِعْنَا وَأَطَعْنَا وَأُوْلَئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ 
Яъни: “Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига ўрталарида ҳукм чиқариш учун чорланган вақтларида мўминларнинг сўзи “эшитдик ва бўйинсундик” (демоқдир). Ана ўшаларгина нажот топгувчилардир. (Нур:51)
 Ушбу ояти каримада Аллоҳ ва расулининг ҳукми айтилганда  “эшитдик ва бўйсундик” дейдиган мўминларгина нажот топувчилар эканлиги айтилмоқда.
فَلاَ وَرَبِّكَ لاَ يُؤْمِنُونَ حَتَّىَ يُحَكِّمُوكَ فِيمَا شَجَرَ بَيْنَهُمْ ثُمَّ لاَ يَجِدُواْ فِي أَنفُسِهِمْ حَرَجًا مِّمَّا قَضَيْتَ وَيُسَلِّمُواْ تَسْلِيمًا 
“Йўқ, Парвардигорингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича-бўйинсунмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар”
  Нисо сурасининг 65-ояти каримасида ҳам Аллоҳ Таоло банул башарга набий с.а.в.нинг ҳукмларига қалбда ҳеч қандай танглик, зиддият бўлмай, ҳукмга тўла рози бўлиб, итоат этмагунларича зинҳор мўмин бўла олмасликларини уқтирмоқда.
ذَلِكَ وَمَن يُعَظِّمْ شَعَائِرَ اللَّهِ فَإِنَّهَا مِن تَقْوَى الْقُلُوبِ
“Ким Аллоҳ қонунларини ҳурмат қилса, бас, албатта (бу ҳурмат) дилларнинг тақводорлиги сабабли бўлур. (Ҳаж:32)
Ушбу ояти каримада ҳам Аллоҳнинг амрларини, дин шиорларини улуғлаш, ҳукмларига итоатда бўлиш қалбларнинг тақвоси сабабли эканлиги айтилмоқда.
Энди кимки ўзини мусулмон санаб Аллоҳ ва расулининг сўзига “эшитдик ва итоат этдик” дейдиган бўлса, Аллоҳ ва расулининг сўзига “дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлиб-бўйинсунадиган бўлса, кимки Аллоҳнинг амрлари, шиорларини улуғлайдиган бўлса, албатта қуйидаги ояти каримага ҳам рози бўлиб, унинг ҳукмига итоатда бўлади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ أَطِيعُواْ اللّهَ وَأَطِيعُواْ الرَّسُولَ وَأُوْلِي الأَمْرِ مِنكُمْ
Яъни: Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган иш бошиларга итоат қилинг. (Нисо:59)
Юқоридаги ояти карималардан маълум бўладики иймон эгаси аввало Аллоҳ ва Унинг расулига тўла таслим бўлиб, дин ва дунё ишларидаги иш бошиларга (агар иш бошилар гуноҳга буюрмаса) итоат этиш, бўйинсуниш вожиб бўлади.  
Ҳанафий мазҳабининг кўзга кўринган алломаларидан бири бўлган, ҳижрий 238, мелодий 858 йилда туғилган, ақоид борасида “Ақидатут-Таҳовия” китоблари машҳур бўлган Имом Таҳовийнинг ушбу китобларида “Мусулмонлар орасида урушнинг ҳаромлиги, уларнинг раҳбарларига қарши чиқишларининг ҳаромлиги” борасида шундай дейилади.
Ва раҳбарларимизга, иш бошиларимизга қарши чиқишни, гарчи зулм қилсалар ҳам, жоиз деб билмаймиз. Уларни дуоибад ҳам қилмаймиз. Уларнинг итоатидан бош тортмаймиз. Уларга итоат қилишни, мадомики маъсиятга буюрмасалар, АЛЛОҲнинг ТОАТИДАН деб, ФАРЗ деб биламиз. Тўғри йўлда бўлишларини ва офият сўраб, уларнинг ҳаққига дуо қиламиз. 
Имом муслим  Авф ибн Молик  р.а.дан ривоят қилинган Набий с.а.в.нинг ҳадисларида ҳам юқоридаги Имом Таҳовийнинг сўзларининг ҳужжатини кўрамиз:
Огоҳ бўлингким, кимга бир волий раҳбар бўлса, бас, унинг Аллоҳга маъсият қилаётганини кўрса, ўша Аллоҳга қилган маъсиятини ёмон кўрсин, зинҳор итоатидан бош тортмасин.
Ибн Аббос р.а.дан ривоят қилинган ҳадисда эса набий с.а.в.: “Ким ўз амиридан ёмон кўрган нарсани кўрса, сабр қилсин. Чунки ким жамоатдан бир қарич ажраб ўлса, жоҳилий ўлим ила ўлади”, дедилар.
Абу Нажиҳ Ирбоз ибн Сория р.а.дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ с.а.в. шундай дедилар: “Сизларга Аллоҳдан тақво қилишни ҳамда агар ҳабаш қул бошлиқ этилса ҳам, эшитиб итоат этишни васият қиламан...” дедилар.
Таасуфки ўзларини мусулмон деб аҳли сунна вал жамоа эътиқодидагилардан ўзларича турли хил фирқа ва гуруҳларга ажраб чиқиб, нафақат илми, амали чиройли хулқи билан намуна бўлган, шу билан бирга ҳурмат ва эътирофга сазовор бўлган уламоларнинг сўзларига итоатсизлик қилаётганлар, аслида Аллоҳ ва расулига исён қилаётганларини англамайдилар. Ўзларидан бошқаларни залолатда деб билиб, олимлар, фозиллар, иш боши-ю раҳбарларни менсимайдилар. Ҳукм ва сўзларига итоат этмайидлар. Бу ишлари билан Аллоҳ Таоло ва Расули акрам с.а.в.га итоатсизликда қанчалик шижоатли эканликларини кўрсатадилар.(Аллоҳ сақласин).
Абу Ҳурайра р.а.дан. Расулуллоҳ с.а.в.: Мусулмон мусулмон кишининг биродаридир. Унга хиёнат қилмайди, ёлғон сўзламайди ва ёрдамсиз қўймайди. Ҳар бир мусулмоннинг бошқа бир мусулмон обрўсига, молига, қонига тажовуз қилиши ҳаромдир. Тақво бу ерда (яъни қалбда). Мусулмон биродарини ҳақир ҳисобламоғи кишининг ёмон шахс эканлигига кифоя қилади” дедилар. Имом термизий ривоятлари.
Фақатгина ўзларини, йўлларини ҳақ деб бошқаларни залолатда айбловчилар, биродарлик ришталарини узиб ўзгаларни куфрда айблайдилар, диндан ўз ёлғонларида фойдаланадилар, хиёнат қиладилар, мусулмонларга ёрдам бериш ўрнига тажоввуз қилиб бегуноҳларнинг қонини тўкадилар. Набий с.а.в. эса бу оғир гуноҳлар у ёқда турсин Мусулмон биродарини ҳақир ҳисобламоғи кишининг ёмон шахс эканлигига кифоя қилади” дедилар.
Ҳасан Басрий р.а.га баъзи бир кишилар Ҳажжож ибн Юсуфдан (Ҳажжожи золим)дан шикоят қилиб: Кўрмаяпсизми нималар қилаяпти, чораси йўқми, индамай тураверамизми,-дейишганида Ҳасан Басрий р.а. “Жим бўлинглар, агар Ҳажжож сизларга бош бўлмаганида маймунлар ва тўнғизлар сизларга бош бўларди” дедилар. Ҳасан Басрийнинг бу сўзларни айтишларига сабаб қўрқоқлик, шижоатсизлик эмас, балки оят ва ҳадисга амал қилиш эди.
Хулоса ўрнида Набий с.а.в.нинг сўзларига назар соламиз:
Абу Ҳурайра р.а.дан. Расулуллоҳ с.а.в.:“Рад қиладиганлардан ташқари умматимнинг барчаси жаннатга киради,” деганларида саҳобалар: Эй Аллоҳнинг расули, рад қиладиганлар ким ўзи?, дейишди. Шунда Расулуллоҳ с.а.в. “Ким менга итоат қилса, жаннатга киради, ким менга осийлик қилса батаҳқиқ у рад қилибди” дедилар. Имом Бухорий ривоятлари. 
 
 
                                                                                     Когон туман “Саййид Амир Кулол”
                                                                       жомеъ масжиди имом хатиби
                                                                       О. Амонов

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:20
Куёш: 05:13
Пешин: 13:10
Аср: 18:45
Шом: 20:25
Хуфтон: 21:45
Тўлиқ тақвим »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram