Таваккул – исломнинг гўзаллигидандир
20 июн 2018 й.
113 марта ўқилди.

 

 Таваккул – исломнинг гўзаллигидандир

Таваккул луғатда вакил қилиш сўзидан олинган бўлиб, бир ишда бошқага суянишга далолат қилади. Яъни, ўша ишда ўзи ожиз қолиб бошқага эътимод қилиш таваккал қилишдир. 
Аллоҳ таолога таваккал қилиш «Аллоҳ менинг ризқим ва ишимга Ўзи кафилдир» деб қаттиқ ишонишдин иборатдир ва Ундан бошқани бунга вакил қилмасликдир. 
«Жомеъул улум вал ҳикам» китобида ёзилишича: «Таваккул Аллоҳ азза ва жаллага дунё ва охират ишларида фойдани жалб ва зарарни даф қилиш бўйича сидқи дилдан суянишдир. Ишларнинг барчасини унга ҳавола қилишдир. Ундан ўзга бирор нарсани бера олмаслигига, ман қила олмаслигига, зарар етказа олмаслигига ва фойда бера олмаслигига иймонни рўёбга чиқаришдир» (409 – бет). 
Таваккул – Аллоҳнинг ҳузуридагига ишониш ва одамлар қўлидагидан ноумид бўлишдир. 
Аллоҳ азза ва жалла марҳамат қилади: “...Агар мўъмин бўлсангиз, Аллоҳга таваккул қилингиз” (Моида, 23)
Аллоҳга таваккал қилишлик улуғ сифат. Аммо таваккал, Аллоҳ ирода қилганидек, тўғри ҳолда бўлиши керак. Баъзи кишилар таваккални нотўғри тасаввур этганидек, у чора-тадбир кўрмай фақат тилдаги сўз бўлиб, қалб ундан ғофил бўладиган, сабабларгагина суяниб, амал тарк этиладиган иш эмас. Балки у амал ва умиддир, нафс хотиржамлиги замиридаги қалбнинг сокинлигидир. Мусулмон киши амал учун даркор бўладиган барча сабабларни тайёрлаб, сўнгра ишга киришади. Сабабларга боғламасдан, зарур бўладиган ҳамма чораларни кўриб, унинг натижасини Аллоҳ таолога топширади. Зеро Парвардигор барча нарсага қодир. Аллоҳ сабабларни ҳозирлашликка буюрган, аммо натижанинг ҳосил бўлиши ва рағбат қилинган ғалаба Ўзидандир. Шунингдек, ерга уруғ қадовчи деҳқон Робб муваффақ қилган ҳосилнигина йиғади. 
Кўзланган натижа, исталган мақсадга эришишда фақат сабабларга суяниш ширк ва куфрдир. Бундан йироқ бўлмоқ лозимдир. Аксинча, амал учун матлуб талабларни тайёрлашга қодир бўла туриб, уларни тайёрламаслик маъсиятдир. 
Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Агар сизлар Аллоҳга ҳақиқий таваккал қилганинигизда оч кетиб тўқ қайтадиган қушдек ризқланган бўлур эдингиз”, дедилар». (Термизий, Аҳмад ва ал-Ҳоким ривояти) Ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, агар бандалар Аллоҳ таолога ҳақиқий таваккал қилсалар уларга ҳам ғайбдан ризқ берилади. Гап фақат қуш уясидан чиқиб ўз ризқини топишга ҳаракат қилганидек бандалар ҳам керакли ҳаракатни қилмоғи керак. Аллоҳ таоло ҳатто қушларга ва қурт қумурсқаларга ҳам ўзлари ҳаракат қилмасалар уларнинг ризқини ётган жойига олиб келиб бермайди. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: «Бир киши “Эй Аллоҳнинг Расули, (уловимни) тушовлаб туриб таваккал қилайми ёки қўйиб юбориб таваккал қилайми?” деди. У зот соллаллоҳу алайҳи вассаллам: “Уни тушовлаб туриб кейин таваккал қил”, дедилар». (Термизий ривоят) 
Бу ҳадиси шарифдан таваккал қилиш билан бирга сабаб бўладиган ишларни ҳам пухта қилиш лозимлиги келиб чиқади. Чунки таваккал қалб иши, бу нарса банданинг қалбига, нияти ва эътиқодига боғлиқ амал. Воқеликдаги ишларнинг юзага келиши эса Аллоҳ таоло томонидан жисмга ва унинг аъзоларининг амалига боғлиқ қилинган. 
Шу ўринда башариятнинг энг афзаллари ҳисобланмиш саҳобаларнинг ҳаётларидан бир лавҳа келтирсак. Абдуллоҳ ибн Масъуд розиялоҳу анҳу ўлим тўшагида ётганларида халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу кўргани келдилар ва у кишига: “Нимадан шикоятинг бор”, дедилар. 
Шунда Абдуллоҳ Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Гуноҳларимдан”, деб жавоб бердилар. 
“Нимани хоҳлайсан?” деб сўрадилар ҳазрати Усмон. 
“Роббимнинг раҳматини”, деди Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу.
“Сенга табиб юборайми?” дедилар ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу. 
“Табиб (яъни Аллоҳ) Ўзи касал қилди”, деб жавоб қилдилар Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу. 
“Бўлмаса, моддий ёрдам беришни буюрайин”, деди халифа. 
“Менинг унга ҳожатим йўқ!”, деди бемор. 
“Сенга бўлмаса, кетингдан қолган қизларингга керак бўлар”, деди халифа.
“Менинг қизларимни камбағал бўлишларидан қўрқяпсанми?! Менинг бешта қизим бор. Барчаларига ҳар кечада «Воқеа» сурасини ўқишни буюрганман. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг, ким «Воқеа» сурасини ҳар кечада ўқиса, камбағаллик ва ҳожатмандлик кўрмайди, деганларини эшитган эдим”,-дедилар Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу. 
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўлим тўшагида ётганларида ҳам таваккул-ҳар бир нарсада Аллоҳ таолога суяниш қандоқ бўлиши борасида дарс бердилар. Ислом туфайли мўъжизага айланган зот охиригача шу ҳолда қолдилар. 
Демак таваккул -  шайтондан, ёмон одамлардан муҳофаза қилувчи,  одамлар қўлидаги нарсага тамаъ қилишдан сақловчи, Аллоҳнинг ризосига етказувчи, ризқ кенгчилигининг сабабларидан биридир. 
 
Азизхўжа Иноятов
“Жўйбори калон” ўрта махсус 
ислом билим юрти мудири
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:35
Куёш: 06:25
Пешин: 13:10
Аср: 17:25
Шом: 19:05
Хуфтон: 20:25
Тўлиқ тақвим »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram