ТАВАССУЛ
13 июл 2018 й.
679 марта ўқилди.

 

 Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

ТАВАССУЛ 

"Тавассул" луғатда яқинлашиш, "васила" эса мақсадга олиб боришга восита бўладиган нарсадир. Истилоҳда эса "дуо ижобат бўлиши учун Аллоҳ таолога Унинг ҳузурида қадрли бўлган нарсани айтиб дуо қилиш, валсила деб аталади". 
Васила қилиш бандадаги муҳаббатнинг, Аллоҳ таолога далолат қиладиган нарсаларни улуғлашининг аломати ҳисобланади. Васила дуонинг мақбул бўлиш даражасини кўтариш мақсадида қилинади. Унинг қуйидаги турлари мавжуд:
Замон. Арафа куни, Рамазон ойи, Зул ҳижжанинг ўн куни ва ҳар кечанинг охирги қисмлари васила қилинадиган маълум бир вақтларни васила қилиб дуо қилиш;
Макон. Каъба, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг равзалари, Масжидул ақсо каби маконларни васила қилиш;
Ҳол. Яъни васила қилинадиган маълум бир ҳолатлар мавжуд. Масалан суянадиган ҳамма нарсасидан умиди узилиб, ҳеч илож топа олмай қолган киши ўзининг ночор ҳолатини васила қилиб сўраши мумкин. 
Амаллар Яъни васила қилинадиган маълум бир амаллар бор. Масалан намоз ўқиб, рўза тутиб, ҳаж қилиб, Қуръон тиловат қилиб, Аллоҳнинг гўзал исмларини айтиб, савоб ишлар қилиб васила қилиш мумкин
Динимизда Пайғамбарлар, саҳобаи киромлар ва бошқа муқарраб бандаларнинг зоти ва ҳурматларини васила қилиб дуо қилиш жоиз ва рухсат берилган амаллардандир.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади: 
«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва Унга васийла ахтаринглар» (Моида сураси, 35-оят).
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, Одам алайҳиссаломдан хато иш содир бўлганиида: «Эй, Роббим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни васила қилиб, мени мағфират қилишингни сўрайман», деган эканлар. (Ҳоким ривояти)
Абул Жавзодан ривоят қилинади: «Мадинада қаттиқ қурғоқчилик бўлди. Мадиналиклар Оиша розияллоҳу анҳога шикоят қилиб келдилар. Оиша онамиз: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларига қаранглар ва ундан осмонга туйнук қилинглар. У билан осмон орасида шифт қолмасин», дедилар. Улар шундай қилдилар ва ёмғир шу даражада ёғдики, ўтлар ўсиб, туялар семирди ҳатто ёғлари отилиб чиқди». (Доримий ривояти).
Василанинг кўриниши қуйидагича: «Эй, Аллоҳим! У яхши ва мақбул банданг туфайли менинг бу дуоимни қабул қилгин ва мени фалон ҳожатимни раво қилгин».
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ғор соҳиблари ўз амалларини Аллоҳга васила қилиб дуо қилганларини баён қилиб ўтганлар. (Муттафақун алайҳ).
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу қаҳатчилик бўлганида Аббос ибн Абдулмутталиб ила истисқо қилдилар: “Эй бор Худоё! Албатта, биз Сенга Пайғамбаримиз ила тавассул қилар эдик. Сен бизни сероб қилар эдинг. Энди биз Сенга Пайғамбаримизнинг амакисини васила қиламиз. Бизни сероб қилгин”, дедилар. Улар сероб қилинар эди». (Бухорий ривояти).
Усмон ибн Ҳанийф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  «Бир кўзи ожиз киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Аллоҳга дуо қилинг, менга офият берсин», деди. «Хоҳласанг дуо қиламан. Хоҳласанг сабр қил. Бу сен учун яхшидир», дедилар». «Дуо қилинг», деди. Уни яхшилаб таҳорат қилмоққа ва ушбу дуони ўқишга амр қилдилар: «Аллоҳим! Албатта, мен раҳмат Пайғамбари ила  Сендан сўрайман ва Сенга юзланаман. Эй Муҳаммад! Албатта, мен сен ила Роббимга ушбу ҳожатим юзасидан уни чиқсин дея юзландим. Аллоҳим! Унинг менинг ҳақимда шафоатини қабул қил». (Термизий ва Ибн Можа ривоят қилишган).
Бошқа ривоятда: "Бас, кўзи очилган ҳолда қайтиб кетди", дейилган.
Имом Муновий "Жомиъус-сағийр" шарҳида тавассулни рад этадиганларга  жавоб қайтарганлар.
"Атфолул-муслимийн" рисоласида қуйидаги ҳадиси шариф келтирилган: “Бирор мўминнинг қабрини зиёрат қилганда "Ё Раббий! Муҳаммад алайҳиссалом ҳурмати бу мўминга азоб берма”, дейилса, Аллоҳ таоло қиёматгача унга берилаётган азобини тўхтатади". 
"Ҳиснул-ҳасийн" китобида: "Дуонинг қабул бўлиши учун Пайғамбарларни  ва солиҳ бандаларни васила қилиш жоиз. Ҳадиси шарифда шундай билдирилган", деб марҳамат қилинади. 
Али Ромитаний ҳазратлари айтганлар: "Гуноҳ сўзламаган бир тил билан дуо қилингларки, у қабул бўлсин!". Яъни Худо дўстларининг ҳузурида тавози айлангиз, ёлворингиз, улар ҳам сиз учун дуо қилсинлар. Истиғоса, яъни бирор валийга тавассул ҳам шунинг ўзидир”.
Пайғамбаримиз ҳам: "Аллоҳумма инний асъалука биҳаққис соъилина алайка" ("Ё Раббий! Сендан сўровчи кишиларнинг хотири учун сендан сўрайман!") деб дуо қилганлар. (Ибн Можа ривояти).
"Расулуллоҳни васила қилиб, Аллоҳ таолога дуо қилиш гўзал бўлади. Олдин ва кейин келган олимларнинг ҳеч бири бунга зид бирор фикр айтмадилар. Фақат биргина Ибн Таймийя буни қабул қилмаган. У ҳеч ким айтмаганларини айтиб, ўртага бир бидъат чиқарди. Шундай бўлганини Имом Субкий жуда чиройли тушунтиргандир".
Ҳанафий мазҳабининг машҳур алломаси Ибн Обидийн раҳматуллоҳи алайҳ айтганлар: "Расулуллоҳнинг исмлари билан тавассул қилиш, яъни истиғоса (ёрдам сўраш) этиш ундан шафоат тилашдир. Бу гўзал бир нарсадир. Олдинги ва кейинги ислом олимларининг ҳеч бири бунга қарши бирор нарса демаганлар. Фақат Ибн Таймийя буларни инкор қилган холос. Шу билан у тўғри йўлдан айрилди. Ўзидан олдин ўтган олимларнинг ҳеч қайси бири айтмаган бидъатни ўртага чиқарди".
Макканинг муфтийси ва раисул уламоси Аҳмад ибн Саййид Зайний Даҳлон раҳматуллоҳи алайҳнинг "Хулосатул калом" китобларида тавассулни инкор қилувчиларнинг хато йўлда адашиб юрганларини ояти карима ва ҳадиси шарифлар билан кўрсатганлар. 
"Хулосат-ул-калом"да шундай дейилади: "Расулуллоҳни тириклигида ҳам, вафотидан сўнг ҳам васила қилиб, дуо этиш саҳиҳ ва жоиздир. Шунингдек, авлиё ва солиҳларни васила қилиб, дуо этиш жоиз бўлганини ҳадиси шарифлар кўрсатиб турибди". 
Имом Субкий раҳматуллоҳи алайҳ "Шифо ус-сиқом" номли китобида Расулуллоҳ ва авлиёларни зиёрат қилиш ва уларнинг руҳларидан истиғоса қилишнинг жоиз эканлигини исбот қилади.
Ҳалаб қозиси Муҳаммад ибн Алий Замлиқоний раҳматуллоҳи алайҳ "Дуррат-ул-мадийя фи радди ала Ибн Таймийя" китобида Пайғамбарларнинг қабрларидан истиғоса этиш жоиз эканлигини келтириб ўтган.
Абдулҳалим ибн Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳ "Фи исботи каромоти лил авлиё ҳолал ҳаёт ва баъдал мамот" китобида авлиёнинг ўлганидан кейин ҳам каромат эгаси бўлиб қолишини айтиб ўтган. 
Имом Ғазолий айтганлар: "Тириклигида тавассул бўлинган, файз олинган кишига, у ўлганидан кейин ҳам тавассул бўлиб файз олинади".
"Рашаҳот" китобида Алоуддин Аттор (қуддиса сирруҳу) айтганлар: "Авлиёларнинг мозорларини зиёрат қилган, қабрлардаги зотнинг буюклигини қанчалик даражада тушуна олган бўлса, у валийга қандай ўй билан таважжуҳ қилган бўлса, яъни қалбини унга қанчалик даражада боғлай олган бўлса, ундан ҳам шунча файз олиши мумкин. Қабр зиёратининг фойдаси кўп бўлиши билан бирга авлиёнинг руҳларига таважжуҳ қила оладиган киши учун узоқлик масофаси зарар бермайди".
"Жавҳарул-мулзам" асарида шундай дейилади: "Истиғоса - бировдан бир нарса сўраш учун у киши яхши кўрадиган бошқа бир кишидан ёрдам сўрашликдир, яъни бу киши воситасида сўралганда у нарсага эришиш осон бўлади. Дуонинг қабул бўлиши учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан истиғоса қилиш мумкин. Бундай дуо қабул бўлади. Дуони қабул қилувчи ёлғиз Аллоҳ таолодир. Бунга сабаб - васила бўлувчи - Пайғамбардир". 
Шундай экан, бу борада ўзбошимчаликка йўл қўймасдан, мазҳабимиз вакилларининг фатволарига қулоқ тутиш мақсадга мувофиқ бўларди. Кўриб ўтганимиздек уларнинг бирортаси тавассулга қарши фикр билдиришмаган. Улардан ўтиб ким ҳам бунга журъат қилади дейсиз?!

Азизхўжа ИНОЯТОВ
“Жўйбори Калон” ўрта махсус ислом билим юрти мудири,
Бухоро туман “Чор Бакр” жомеъ масжиди имом-хатиби
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:10
Куёш: 07:00
Пешин: 13:10
Аср: 16:30
Шом: 18:10
Хуфтон: 19:30
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram