Васийланинг шартларини биласизми?
19 июл 2018 й.
127 марта ўқилди.

 

 Васийланинг шартларини биласизми?


Васийла луғатда мақсадга олиб боришга восита бўладиган нарсадир. Қадим-қадимдан ота-боболаримиз бирор юмушлари битмай қолганда ёхуд зарур эҳтиёж туғилган пайтларда хусусан пайғамбар алайҳис саломни, қолаверса, саҳобаи киромлар, тобеъинлар ва бошқа авлиё зотларнинг зоти ва ҳурматларини васила қилиб дуо қилишган. Манбаларда бу нарсанинг жоизлигига фатво берилган ва бу нарса марғуб амаллардан экани айтиб ўтилган.
Бу борада илоҳий калом – Қуръони каримга мурожаат этадиган бўлсак, унда шундай дейилган: 
«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва Унга васийла ахтаринглар» (Моида сураси, 35-оят).
Воқиф бўлганимиздек, Аллоҳ таоло бу оятда айнан мўминларга хитоб қилиб, уларни икки муҳим нарсага буюрмоқда: Аллоҳга тақво қилиш, Унга васийла ахтариш. Васийла қандай ахтарилиши, бунинг учун нима нарсалар муҳимлиги борасида уламолар бир қанча насиҳатларни эслатиб ўтишган.
Улар василанинг кўринишини қуйидаги ҳолатда зикр қилишган: «Эй, Аллоҳим! У яхши ва мақбул банданг туфайли менинг бу дуоимни ижобат эт ва фалон ҳожатимни раво қил».
Биринчидан, васийланинг бошида сарвари коинот – Муҳаммад алайҳиссалом бўлмоғи талаб этилади. Бу нарса бизга ота мерос бўлиб қолган десак ҳеч ҳам муболаға қилмаган бўламиз. 
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, Одам алайҳиссалом: «Эй Роббим, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни васила қилиб, мени мағфират қилишингни сўрайман», деб дуо қилган эканлар. 
Ҳанафий мазҳабининг машҳур алломаси Ибн Обидийн раҳматуллоҳи алайҳ Расулуллоҳнинг исмлари билан васийла қилиш гўзал амал эканини такидлаб ўтганлар. 
Иккинчидан, ибодатда пешқадам, илмли, тақволи, солиҳ инсонлар васийла қилинади. 
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Умар розияллоҳу анҳу қаҳатчилик бўлганида Аббос ибн Абдулмутталиб ила истисқо қилдилар. «Эй Аллоҳ, албатта, биз Сенга Пайғамбаримизни васийла этар эдик. Сен бизни сероб қилар эдинг. Энди эса Пайғамбаримизнинг амакиларини васийла қиляпмиз. Бизни сероб эт», – дедилар» (Имом Бухорий ривояти).
Айрим шахслар ушбу ҳадисни далил қилиб, «Ўликларни васийла қилиш мумкин эмас, мумкин бўлганида, Умар розияллоҳу анҳу шундай йўл тутган бўлардилар», дейишади. 
Уларга раддия тарзида Аҳмад ибн Саййид Зайний Даҳлон раҳматуллоҳи алайҳ шундай ёзадилар: «Расулуллоҳни тирикликларида ҳам, вафотларидан сўнг ҳам васийла қилиб, дуо этиш саҳиҳ ва жоиздир. Шунингдек, авлиё ва солиҳларни васийла қилиб, дуо этиш жоиз бўлганини ҳадиси шарифлар кўрсатиб турибди». 
Аддулҳақ Деҳлавий айтганлар: «Пайғамбарлар ва авлиёлар ўлганидан кейин улардан ёрдам сўрашни машойихи изом ва фиқҳ олимларининг кўпчилиги жоиз деб фатво берганлар».
Имом Ғазолий айтганлар: «Тириклигида тавассул бўлинган, файз олинган кишига, у ўлганидан кейин ҳам тавассул бўлиб файз олинади».
«Ҳиснул ҳасийн» китобида: «Дуонинг қабул бўлиши учун Пайғамбарларни  ва солиҳ бандаларни васийла қилиш мумкин. Ҳадиси шарифларда шундай билдирилган», дейилган. 
Учинчидан, эзгу ва хайрли амаллар васийла қилиниши мумкин. 
«Саҳиҳ Бухорий» асарида келтирилишича, Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ғор соҳиблари ўзларининг яхши амалларини Аллоҳга васийла қилиб дуо қилганларини баён қилиб ўтганлар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтганлар: «Васийла – қурбат демакдир».
Қатода розияллоҳу анҳу айтганлар: «Васийла – Аллоҳга итоат ва Уни рози қиладиган амаллар билан яқинлашиш».
Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: «Васийла – мақсадга эришиш йўлида ниманидир восита қилиш».
Шундай экан, кимларнингдир айқаш-уйқаш фикрларидан воз кечиб, аҳли сунна вал жамоа эътиқодининг намоёндалари, мазҳаб вакилларининг фатволарига қулоқ тутиш мақсадга мувофиқ бўлади. Уларнинг бирортаси васийлани инкор этишмаган. Аксинча, ўрни келганда шартларига риоя қилган ҳолда васийладан фойдаланишга тарғиб қилишган.


Эркин ҚУДРАТОВ,
Мир Араб ўрта махсус ислом 
билим юрти мударриси
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:05
Куёш: 06:55
Пешин: 13:10
Аср: 16:40
Шом: 18:20
Хуфтон: 19:40
Тўлиқ тақвим »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram