“Халифа Худойдод” жомеъ масжиди тарихи
26 феврал 2020 й.
48 марта ўқилди.

“Халифа Худойдод” жомеъ масжиди тарихи 

Ҳазрат  Халифа Худойдод тариқатнинг улуғ пири, буюк тарбиячи, аллома, авлиё бўлганлар. Бу зоти-шариф кишиларни тўғри йўлга, ҳалолликка даъват этиб, Қуръони Карим оятлари, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини халққа тушунтириш, уларни эл-юрт орасида ёйиш учун хизмат қилганлар.
“Туҳфат аз зоҳирин”да ёзилишича, Халифа Худойидод Хоразм вилояти шайхзодалардан ҳисобланадилар. Халифа Худойидод Хоразмдан Бухорога келиб, Мир Араб мадрасасида таълим олганлар. Зохирий илмларни ўрганганларидан сўнг, бу зоти-шариф улуғ пир Ҳазрат Азизон Лутфуллоҳ шайҳга мурид бўладилар. Тариқат одоби, тасаввуф сабоғини Лутфуллоҳ шайхдан ўрганиб, иршод хати оладилар.
Халифа Худойдод Ҳазрат Азизон Лутфуллоҳ шайхнинг ишоратлари билан, Пирмастдаги Қўли Одина мавзесида жойлашган, Ҳожа Маҳмуд Анжир Фағнавий табаррук мозорлари яқинида истиқомат қиладилар. Халифа Худойдод бу ерда, хонақоҳ қурдирадилар ва икки юз таноб ерни хонақоҳ учун вақф қиладилар.
“Туҳфат аз зоҳирин”да таъкидланишича 1785-йилда манғитлар сулоласига мансуб амир Шоҳмурод Бухоро ҳукмдори бўлади. Шу даврда ҳазрат Халифа Худойдод Пирмастдан Бухоро шаҳрига келадилар. Амир Шоҳмурод олим ва шайхларни ҳурмат қилгани боис, Халифа Худойдодни ҳам шаҳарга таклиф қилади.
Халифа Худойдод Ҳазратлари Бухоро шаҳридан ўн икки таноб ер сотиб олиб, у ерда тошдан  хонақоҳ, ҳамда унинг ёнидан қирқта ҳужрали мадраса, сардоба ва таҳоратхона қурдирадилар. Бу бино ҳижрий 1211  (милодий 1786 )-йилда қурилган. Халифа Худойдод ҳар бир бино учун алоҳида вақф таъсис этганлар.
“Туҳфат аз зоҳирин”да ёзилишича,  Халифа Худойдоднинг вафотлари амири кабир, яъни амир Шоҳмуроднинг вафотидан олти ой ўтгандан сўнг, ҳижрий 1215 (1800)-йилда воқе бўлган. Жанозаларида амир Ҳайдар келадилар. Муборак қабрлари ўз мадрасалари яқинидадир. Маълум бўлаяптики, улуғ пир Халифа Худойдодга нафақат Амир Шоҳмурод, балки амир Ҳайдарнинг ҳам ихлоси баланд бўлган.
Истиқлол шарофати билан мустақиллик йилларида хонақоҳ ҳукуматимиз ва мусулмонлар идораси томонидан асл ҳолига келтирилди. Сардоба, ҳужралар таъмирланди. Мазкур масжидда ибодат қилаётган намозхонлар учун, янги таҳоратхона ишга туширилди. Зиёратгоҳнинг шимол томонидаги қабрлар устида, янги сағана бунёд қилинди. Масжидга келган зиёратчилар ва сайёҳлар Халифа Худойдод ҳазратлари ҳамда масжиднинг бунёд этилиши тарихи ҳақида етарлича маълумотга эга бўлиш имкониятига эгадирлар. 
Ушбу мажмуа зиёратчилар ва барча намозхонлар учун ҳамиша очиқ. Раҳмли ва меҳрибон Аллоҳ иймонимизни мустаҳкам, ибодатларимизни бардавом қилсин иншааллоҳ. 

 Бухоро шаҳар “Халифа Худойдод” жомеъ масжиди
 имом-хатиби   О.Садиллоев
 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:45
Куёш: 06:26
Пешин: 13:10
Аср: 17:30
Шом: 19:10
Хуфтон: 20:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram