Қуръони Каримда таҳажжуд ҳақидаги оят шарҳи
08 октябр 2020 й.
68 марта ўқилди.

 

Қуръони Каримда таҳажжуд ҳақидаги оят шарҳи

Аллоҳ таоло айтади: «Уларнинг ёнбошлари ўрин-жойларидан йироқ бўлур (яъни, тунларини ибодат билан ўтказишиб оз ухлашадилар)». (Сажда сураси, 16-оят). Мужоҳид ва Ҳасан роҳимаҳуллоҳ: «Бунинг маъноси таҳажжуд» ,- дейишган. Ибн Касийр ўзининг тафсирида: «Яъни, бу таҳажжуд намози ва тўшакда ухлаб ётишни тарк этиш» - деган.
Абдулҳақ Ашҳалий роҳимаҳуллоҳ: «Яъни, уларнинг ёнбошлари Аллоҳнинг таҳдидидан қўрққанликлари ва ваъдасини умид қилганликлари учун ётоқда қарор топмайди».
Аллоҳ таоло таҳажжуд ўқувчиларни зикр қилиб айтади: «Улар кечадан озгина (фурсатгина) кўз юмар эдилар ва саҳарларда улар (қилган сахву-хатолари учун Роббиларидан) мағфират сўрар эдилар). (Зориёт сураси, 17-18 оят). Ҳасан роҳимаҳуллоҳ айтдилар: «Улар кечасида намоз ўқишган, намозни саҳаргача чўзишган ва дуою истиғфорда бўлишган».
Аллоҳ таоло бошқа ўринда айтади: «Ёки кечалари сажда қилган ва қиёмда – тик турган холда тоат-ибодат қилгувчи, охиратдан қўрқадиган ва Парвардигорининг раҳмат-марҳаматидан умид қиладиган киши билан куфру исёнга ғарқ бўлган кимса баробар бўлурми?!». Айтинг: «Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми?! Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина панд-насиҳат олурлар». (Зумар сураси,  9-оят).
Яъни: Мана шундай сифатли киши билан кечасида ухлаб нафсини зое қилган ва Роббисининг ваъдаси ва таҳдидини билмаган кимса баробар бўладими?!

Эй биродарлар кечада турувчи кишилар қаерда қолди?!
Ибни Адхам ва Фузайллар қаерда?!
Шижоатлилар кетиб, сусткашлар қолди!
Илтижолар рад этилмас, Ваъдаси ҳеч хилоф бўлмас!
Тун эрлари туринглар тез, Не-не дуо рад этилмас!
 
Тунги ибодатни енгиллатувчи сабаблар
Абу Ҳомид ал-¬Ғаззолий таҳажжуд намозини енгиллаштирадиган ички ва ташқи сабабларни айтиб ўтганлар.

Ташқи сабаблар тўрттадир:
1. Кўп еб, кўп ичмаслик, аксинча уйқу ғолиб келиб таҳажжудга туриш оғир бўлиб қолади.
2. Кундузида бефойда ишлар билан ўзини чарчатиб қўймаслик.
3. Кайлула яъни: кундузида озроқ ухлаб дам олиш, бу тундаги бедорликка ёрдам беради.
4. Кундузида гуноҳ ишларни қилмаслик, йўқса, таҳажжуддан махрум бўлиб қолади.

Ички сабаблар ҳам тўрттадир:
1. Қалбни мусулмонларга гина адоват қилиш, бидъат-хурофотлар ва ошиқча дунёга кўнгил қўйишдан сақлаш.
2. Аллоҳдан доимо қўрқувда бўлиб, орзу-умидни озроқ қилиш.
3. Таҳажжуднинг фазилатини билиш.
4. Сабабларнинг энг кучлиги Аллоҳга муҳаббатли бўлиш ва тунги намозида ҳар бир айтаётган ҳарфи билан Аллоҳга муножот қилаётганлигига қатъий ишониш.

Пешку туман "Aбдузоҳир" жомеъ масжид
имом-хатиби Деҳқонов Aбдурауф
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:30
Куёш: 07:08
Пешин: 13:10
Аср: 16:15
Шом: 18:00
Хуфтон: 19:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram