Тобиъийнлар тафсирининг қиймати (давоми)
25 июл 2015 й.
930 марта ўқилди.

 Тобиъийнлар тафсирининг қиймати (давоми)

4. Тафсирда тобеибларнинг ихтилофлари саҳобаларнинг ихтилофларидан кўпроқдир. Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида Қурьони карим тафсирида ихтилоф бутунлай бўлган эмас. Саҳобалар замонида бироз ихтилоф пайдо бўлди. Тобеинлар даврида бу ихтилофлар кучайди. Аммо тобеинлардан кейин муфассирлар асрида, яьни ёзма тафсирлар кўпайгани сайин муфассирлар ўртасидаги бундай ихтилофлар ҳаддан ошиб кетди.
 
   Тафсирда девон тузиш Умавийлар халифалигининг охири, Аббосийлар халифалигининг аввалида бошланди. Бундан олдинги тафсирлар ривоятларга асосланар эди. Саҳобалар Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламдан ёки бирлари иккинчиларидан, тобеинлар эса саҳобалардан ёки тобеин иккинчи табеиндан ривоят қилар эди. Тафсирдаги биринчи қадам шу тариқа қўйилган. 
 
Саҳобалар ва тобеинлар асридан сўнг тафсирда иккинчи қадам қўйилди. Бунда асосан Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадислар мазмунларига қараб бобма-боб тартиб берилган, улар орасидан алоҳида бир боб ажратилиб, бу бобда қурьон оятлари тафсири ривоят қилинар эди. Қурьони каримни бошидан охиригача сурама-сура, оятма-оят ёзилган махсус тафсир йўқ эди. Бу даврда кўплаб уламолар Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисларни жамлаш мақсадида турли шаҳарларни айланар ва Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламга, саҳобаларга ва тобеинларга нисбат берилган ҳадисларни йиғар эдилар. Язид ибн Ҳорун ас-Суламий(117-ҳижрийда вафот этган), Шуьба ибн Ал-Ҳажжож (160-ҳижрийда вафот этган), ВАкиь ибн Жарроҳ (197-ҳижрийда вафот этган), Суфён ибн Уяйна (198-ҳижрийда вафот этган), Руҳ ибн Убода Ал-Басрий (205-ҳижрийда вафот этган), Абдураҳмон ибн Ҳаммом (211-ҳижрийда вафот этган), Одам ибн Адий Иёс (220-ҳижрийда вафот этган), Абд ибн Ҳамид (249-ҳижрийда вафот этган) ва бошқалар шулар жумласидан бўлиб бу уламолар жамлаган оятларнинг тафсири мустақил тафсир китоби сифатида эмас, ҳадис китоби боблари ичида тафсирга ажратилган бир боб сифатида девон қилинган эди. Афсуски, бу қимматли асарлар бизгача етиб келмаган. Шунинг учун улар  ҳақида бир ижобий ёки танқидий фикр айтиш ва қатьий ҳукм чиқариш имкониятига эга эмасмиз. 
 
Тафсирдаги учунчи қўйилган дадил қадам – бу тафсирни мустақил илм сифатида ҳадисдан ажратилиши бўлди. Мусҳафнинг тартибига мувофиқ ҳолда Қурьони каримнинг ҳар бир оятига батафсил тафсир баён қилинди. Бундай хайрли ишга қўл урганлар қаторида Ибн Можжа (273-ҳижрийда вафот этган), Ибн Жарир Ат-Табарий (310-ҳижрийда вафот этган), Абу Бакр Ал-Мунзир Ан-Найсобурий (318-ҳижрийда вафот этган), Ибн Адий Ҳотим (327-ҳижрийда вафот этган), Абу Аш-Шайх ибнҲаббон (329-ҳижрийда вафот этган), Ал-Ҳоким(405-ҳижрийда вафот этган), Абу Бакр ибн Мурдавайҳ (410-ҳижрийда вафот этган) ва бошқа ўнлаб уламолар бор эдилар. Бу уламоларнинг тафсирлари Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламга, саҳобаларга, тобеинларга ва табаа тобеинларга мансуб ривоятлардан иборат бўлиб, “тафсиру маьсур”дан деярли фарқ қилмас эди. Фақатгина Ибн Жарир Ат-Табарийнинг тафсири бошқа тафсирлардан кенқроқ эди. Унда турли ривоятлар айтилганидан сўнг, кучлироқ ривоятга алоҳида урғу берар, уни бошқалардан қувватлироқ эканини исботлаб фикр билдирар, зарурат бўлганда эьробин ҳам баён қилар эди, ҳатто баьзи ҳукмларни чиқаришда оятлардан истинбот ҳам оларди. Тафсир илми шу тариқа поғонама-поғона ривожлантирилди. 
 
Хулоса қилиб айтганда, Қурьони каримнинг кўплаб хилма-хил тафсирлари юзага келганки, уларни санаб кўплигидан ва ниҳоятда катталигидан киши ҳаяжонга тушади. Ибн Ҳолкон “Вафаётул аьён ” китобида ёзишича, мўтазилийларнинг шайхи Амр ибн Убайд Ал-Ҳасан Ал-Басрийдан ривоят қилиб Қурьонга жуда ката тафсир ёзган. 
 
“Табйийну казибил-муфтарий” китоби муаллифининг ёзишига қараганда, Абул-Ҳасан Ал-Ашьарий “Ал-Мухтазан” номли тафсир ёзган бўлиб унинг ҳажми етмиш мужалладдир. Ибн Арабийнинг ривоятига кўра, “Ал-Мухтазан” беш юз мужалладдир.
Ал-Жувайнийга нисбат берилган тафсир ҳам жуда катта ҳажмда бўлиб, Қурьони каримнинг ҳар бир оятига ўн хилдан маьно берилган. 
 
Ал-Қушайрий ҳам жуда катта ҳажмли китоб ёзган. 
Ибн Ал-Анбарийнинг бир юз йигирма тафсирни иснодлари билан ёд билганлиги айтилади. 
Абу Ҳилол Ал-Аскарий “Китобул - маҳосин” номли тафсир ёзган, унинг ҳажми беш мужалладдир. 
 
Қурьонга тафсир ёзган уламоларнинг замонлари ва маконлари бир-биридан фарқ қилганига қарамай, тафсир ёзиш услиблари бир бирига мос келгани кузатилади. Масалан мутақаддим олимлардан баьзилари хоссатан, “тафсири маьсур” (ривоятларга асосланган тафсир) ёзган бўлсалар, мутаххир уламоларнинг баьзилари ҳам шу усулда тафсир ёзганлар. Агар мутақаддим олимларнинг баьзилари ўз мазҳабларининг устунлигини исботлашга ва унга даьват қилишга ўз тафсирларида кўпроқ аҳамият берган бўлсалар, бундай усул мутааххир олимларнинг тафсирларида ҳам мавжуддир. Шунинг учун биз замонидан қатьий назар аввал “тафсири маьсур”ларнинг энг машҳурлари ҳақида, ундан кейин турли фирқаларнинг тафсирлари ҳақида, ундан сўнг тасаввуфий тафсирлар ҳақида, ундан сўнгра фалсафий тафсирлар, фиқҳий тафсирлар, ва ниҳоят илмий тафсирлар ҳақида фикр юритамиз.
 
 
Чор Бакр жомеь масжиди
имом хатиби 
Азизхўжа Иноятов
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:00
Куёш: 06:54
Пешин: 13:10
Аср: 16:40
Шом: 18:20
Хуфтон: 19:40
Тўлиқ тақвим »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram