Алҳикам ал-атоийя 29- ҳикмат
14 октябр 2015 й.
923 марта ўқилди.

 29- ҳикмат

شتان بين من يستدل به أو  يستدل عليه
المستدل به عرف الحق لأهله و أثبت الأمر من وجود أصله
والاستدلال عليه من عدم الوصول اليه و الا فمتي غاب حتي يستدل عليه؟
و متي بعد حتي تكون الآثار هي التي توصل اليه؟
 
Таржимаси:
               “У зотнинг Ўзини далил қилувчилар билан У зотга (бошқа нарсани) далил қилувчилар орасида катта фарқ бор. Чунки У зотни далил қилувчилар ҳақни ўз соҳиби учун деб билдилар ва бутун ишларни аслнинг(яъни Аллоҳнинг) мавжудлигидан собит қилдилар. Аммо унга (ҳақлигига бошқаларни) далил қилиш эса У зотга ҳали етишмаганликдандир. Чунки У зот қачон ғойиб бўлибтики махлуқотлар Унга эриштирувчи бўлса?!”
 
Шарҳ:
            “Эй Аллоҳнинг йўлини тутган банда! Олдин ҳам айтилганидек бу йўл жуда узун, машаққатли ва ўз ўрнида роҳатли ҳамдир. Бу йўлда инсон бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга, бир мақомдан бошқа мақомга ва бир босқичдан кейинги босқичга кўчиб ўз сафарини давом эттиради. Бу йўлнинг роҳатини ва лаззатини бу йўлга кирмай туриб ҳис қилиш мумкин эмас. Бу йўлга кирган ва ҳали мазкур йўлнинг муқаддимасида бўлган инсон ҳар бир махлуқотни, ўзи кўрган бутун коинотни Аллоҳ таолонинг ҳақлиги ва ягоналигига далил қилиб олади ва иймони қувватланаверади, қалби фақатгина У зотнинг назари учун покланаверади. Аммо бу йўлда узоқ вақтдан бери собит қадам бўлиб У зотнинг нури билан қалблари ёришганлар ҳам борки, улар фақат У зотнигина ҳақиқий бор зот деб биладилар ва бошқа мавжудотларнинг борлигига У зотни далил қиладилар. Булар билан юқоридаги тоифанинг фарқи катта. Зеро У зотни далил қилувчилар ҳақни яъни мавжудликни, ҳақиқий борликни ўз соҳиби бўлмиш Аллоҳ таоло учун деб биладилар ва барча ишни, бутун мавжудотларнинг борлигини аслнинг яъни Аллоҳ таолонинг пайдо қилиши натижаси деб, улар ўз борлигини ҳақиқий мавжуд Зотнинг бор қилишидан олган деб ишонадилар. Бутун коинотнинг борлигига далилни Аллоҳнинг борлигидан ва У зот уларни бор қилганидан келтирадилар. Чунки улар Аллоҳга етишган ва ҳар бир нарсада ҳам ҳақдан бошқани кўрмайдиган даражага эришган орифлардир. Аммо У зотнинг ҳақлигига бу коинот ва ундаги нарсаларни далил қилиш ва шунинг асосида иймон-эътиқодни мустаҳкамлаш бу ҳали Аллоҳнинг яқин – муқарраб бандаси бўлмаганлик, аммо ўшанга қараб интилишдан даракдир. Чунки, у асли йўқ нарса (махлуқотлар)ни асли бор бўлган қадим Зотга далил қилган, номаълум ва ноаниқ нарсалар билан маълум ва аниқ Зотга далил келтирган бўлади. Бу эса унинг қалбида ҳали Аллоҳдан тўсувчи пардалар борлигига (яъни, Аллоҳдан бошқа нарсаларга ҳам ҳали далил бўла олиш даражасини бераётганига) далолат қилади. 
 
Аслини олганда У зот Ўз қудрати билан, Ўз инояти билан, Ўз қаҳри билан, барча нарсаларда намоён-у зоҳирку! Қачон йўқ бўлибтики унинг борлигини исботлаш учун далилга эҳтиёж бўлса?! У зот барча нарсага энг яқин зотдир. Қачон узоқ бўлибдики Ўзи яратган махлуқотлари унга олиб борувчи, уни танитувчи омил бўлса?! Аммо бу мушоҳада мақомига ҳам аввалги босқичлардан ўтиб борилади…
 
Бу йўл қалбни ислоҳ қилиш, руҳни тарбия қилиш ва нафсни қул қилиш йўлидир. Бу ғалаба, зафар ва дунёю охират саодати йўлидир”.
 
Мир Араб мадрасаси кутубхоначиси
Улуғбек Жиянов
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:05
Куёш: 05:56
Пешин: 13:10
Аср: 18:00
Шом: 19:40
Хуфтон: 21:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram