Ал-ҳикам ал-атоийя 30-ҳикмат
22 октябр 2015 й.
612 марта ўқилди.

 30-ҳикмат

 
 
(لينفق ذو سعة من سعته) الواصلون أليه (و من قدر عليه رزقه) السائرون اليه 
 
Таржима: 
 
“(Маърифат ва илмда) кенглик эгалари ўз кенгликларидан (бошқаларга) улашсинлар. Улар У зотга эришганлардир. Кимнинг ризқи танг бўлса, (қудратлари етгунча нафақа қилсин), ана улар эса У зотга қараб юрувчи, интилувчилардир”.
 
Шарҳ:
 
Аллоҳ таоло Ўз каломида: “Кенглик эгалари ўз кенгликларидан нафақа қилсинлар” – деган. Кенглик молу давлатда, кучу қувватда ва шунга ўхшаш нарсаларда бўлиши билан бир қаторда илм маърифатда ва илоҳий илҳомларда ҳам бўлади. Илму маърифатда ва илҳомда кенгликка эга бўлганлар Аллоҳга муқарраб бандалардир. Улар ўз илму маърифатида мустаҳкам бўлган ва илмига амал қилган олимлар, ибодатларни кўпайтириб ўз Роббиларининг марҳаматидангина умидвор бўлиб, У зотнинг муҳаббатидан кўз ёш тўккан орифлардир. Улар ўз илму ирфон дарёларидан бошқаларга сув тарқатадилар. Уларнинг қўлидан сув ичганлар нақадар бахтли. Чунки улар ўша илму ирфон ва илҳом дарёсини ўз қўллари билан қазиб, унга сув олиб келган эмаслар, балки, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламдан мерос қолган бу дарёни катта машаққатлар эвазига қидириб топгандирлар. Ҳақиқий меросхўрлар, битмас-туганмас мерос соҳиблари улар ҳисобланади. Улар эришган мазкур дарёнинг суви ҳаёт сувидир. Кимки ундан ичса қайта тирилади ва олдинги ҳаётида ўлик бўлганини, у ғафлат ҳаёти эканлигини англаб етади. Улардек буюкларни изла, уларни лозим тут! Улардан ўрган ва ҳаёт йўлингда ўша буюклар таълимоти асосида юр! 
 
Аммо Аллоҳ йўлига иршод қилиш учун фақатгина мазкур етишган инсонлар бўлишлари шарт эмас. Чунки ҳамма жойда ҳам буюк алломани учратиш, олиймақом шахсни йўлиқтириш жуда қийин ва мушкул иш. Шунинг учун ҳам, ҳали мазкур даражага етмаган бўлсада, лекин устоз кўрган, шу йўлга кирган ва ўз ихлослари, гўзал мақсадлари билан билинган инсонлар ҳам ўз илму маърифатлари етгунча бошқаларга панду насиҳат ва иршод қилсалар бўлади. Бунда уларга гапираётган гаплари, қилаётган ҳар бир ишлари мустаҳкам далилга суянган бўлиши ва устозу муршидларнинг назари остида бўлиши шарт қилинади. Шунинг учун Аллоҳ таоло юқоридаги оятнинг давомида: “Кимга ризқи танг қилиб берилса у Аллоҳ берган нарсадан нафақа қилсин”, - дейди. Яъни бу ерда “ризқи танг қилинса” дегандан мақсад илму ирфонда буюклардек кенглик соҳиби бўлмаса деганидир. Жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мендан эшитган бир оятни бўлса ҳам етказинглар” дея мазкур тоифага ҳам ишора қилдилар. 
 
Эй инсон, ҳақиқий комил инсонни маҳкам тут! Агар тополмасанг комил инсонлар билан юрган, уларни севган ва уларнинг маърифат чашмасидан сув ичганлар билан бирга бўл!
ИЗОҲ: Юқоридаги оят “Талоқ” сурасининг 7- оятидир. Бу оятларда асли талоқ қилинган аёллар ҳақидаги ҳукмлардан сўз бормоқда. Унга кўра хотинини талоқ қилган эркак унинг иддаси чиққунча унга еб-ичишини, кийими ва яшаш учун уй-жойини тайёрлаб бериши керак. Бунинг миқдори қанчалиги эркакнинг иқтисодий ҳолига қараб белгиланади. Бою бадавлат-ризқи кенг эркак кўпроқ, камбағал эса ўз ҳолига яраша нафақа беради. Оятнинг сиёқидаги асл маъноси шу. Аммо бу ерда ризқи кенглик ва танглик тушунчаси иқтисодий эмас балки маънавий жиҳатдан кенглик ва тангликка таъвил қилиниб жуда гўзал тарзда маъно чиқарилмоқда. Қуръон барча замон ва маконларга мувофиқ келаверадиган, унинг дуру гавҳар мисли маънолари унинг денгизига шўнғиган инсонга доимо муяссар бўладиган ҳақиқий мўжиза китобдир. Шу ва шунга ўхшаш васфларни бир сўз билан айтадиган бўлсак “Қуръон оддий китоб эмас, у Аллоҳнинг сўзи”дир.
 
Мир Араб мадрасаси кутубхоначиси
Улуғбек Жиянов
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:20
Куёш: 05:13
Пешин: 13:10
Аср: 18:45
Шом: 20:25
Хуфтон: 21:45
Тўлиқ тақвим »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram