Ал-ҳикам ал-атоийя 31-ҳикмат
29 октябр 2015 й.
807 марта ўқилди.

 

 

 31-ҳикмат

 
 

اهتدي الراحلون  إليه بأنوار التوجه و الواصلون لهم أنوار المواجهة فالأولون للأنوار

و هؤلاء الأنوار لهم لأنهم لله لا لشيء دونه :  قل الله ثم ذر هم في خوضهم يلعبون

 

Таржима: 
        “У зотга интилувчи – юрувчилар ибодатлар нури билан йўл топдилар. У зотга етишганларга эса (У зотга яқин бўлиш), юзланишлик нури бор. Биринчи тоифа ибодатлар нури учун ҳаракат қиладилар. Наригилар эса нурлар улар учун берилгандир. Чунки улар фақатгина Аллоҳ учундирлар, бошқа нарса учун эмас. “Аллоҳ деб айтинг, сўнгра уларни ўз беҳуда ишларига ғарқ бўлиб, ўйнаган ҳолларида тарк қилинг”  (Анъом, 91).
 
Шарҳ:
        Эй инсон, билгинки бу ҳаётда нажот топиб, охиратга ёруғ юз билан борадиган инсонлар юқорида айтилганидек икки тоифадирлар. Биринчиси Аллоҳга муқарраб бўлган, У зотга етишган зотлар бўлса, иккинчи тоифа ҳали ўша йўлда давом этаётганлардир. Бу икки тоифанинг орасида ҳам жуда катта фарқ бор. Чунки У зотга интилувчи ва ҳали ўша йўлда давом этаётганлар – у йўлда қилаётган ибодату чекаётган машаққатларининг нури билан қалблари ёришади ва ўша заҳматларини Аллоҳга эриштирувҳи восита қиладилар. Улар ибодатни кўпайтирганлари сайин қалблари шунчалик покланаверади ва ёришаверади. Аммо баъзида гуноҳлар содир қилсалар қалб нурлари пасайиб умидлари сусаяди. Аллоҳга етишган, У зотга яқин бўлганлар эса, улар учун тоат ибодат ёки шунга ўхшаш воситалар нури эмас балки муҳаббат ва У зотга яқинлик нури бўлади. Бу нур ҳечам пасаймайди. Сенинг ҳар бир яхшилигинг, Аллоҳ учун тарк қилган гуноҳларинг, У зотнинг розилигини истаб қилган тоату ибодатларинг, У зот буюргани учун инсонларга гўзал муомала қилишинг ва шунга ўхшаш амалларингнинг барчаси ибодат бўлиб, булар сабабли албатта қалбингга Аллоҳнинг нури киради ва У зотнинг тажаллисини оз-оз ҳис қилаверасан. Бу амаллар сени У зотнинг муҳаббатига етаклайди. Агар муҳаббат мақомига ета олсанг, буюк Роббингга чин муҳаббат қўя олсанг сенга ибодатнинг машаққати сезилмайди ва ҳақиқий роҳату лаззатингни Роббингга ибодат қилишда топасан.
 
Юқоридагилар яъни Аллоҳнинг йўлига тушган, аммо ҳали У зотга эришолмаганлар, муҳаббат мақомига етишмаганлар  нур учун жидду жаҳд қилган бир пайтда, буларда яъни У зотга етишганларда ажралмас нурлар бўлади. Чунки булар нур учун ҳам, бошқа нарса учун ҳам эмас балки фақатгина Аллоҳ таолонинг Ўзи учун ўзларини топширган, бутунлай таслим бўлган инсонлардир. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаламга хитобан айтади:  “Аллоҳ  денг!” яъни фақатгина Унинг ўзига юзланинг, бошқа нарсаларга ҳечам мойил бўлманг. “Сўнгра уларни ўз  беҳуда ишларида ўйин кулгу қилаётган ҳолларида тарк этинг!”. Яъни Аллоҳдан бошқа нарсалар, Унинг йўлидан бошқа йўллар ва Унинг розилгидан бошқа розиликлар барчаси лағв – беҳуда ўйин кулгилар бўлиб, ундай амаллар қилаётганларни тарк этинг. Аллоҳ ундай кимсаларни тарк этишга буюрганининг маъноси, уларнинг йўлини тутмаслик, уларга қалбан мойил бўлмаслик ва уларнинг ҳам бу йўлларидан қайтариш учун бир услуб қилишликка ишорадир. Юқорида айтилган муқарраб бандалар ҳам фақатгина Аллоҳга юзланганликлари учун шундай буюк мартабаларга эришдилар. 
 
Аммо бу мартабалар орзу билан ёки ҳавас билан ёхуд  ўзича ҳаракат қилишлик билан эришилмайди. Бу йўлга ўзича кирган одам ўз нафсининг ва шайтоннинг ўлжасига айланади. Чунки бу йўл ҳар қандай йўллардан ҳам машаққатлироқ йўлдир. Бошқа йўлда адашсанг ҳам кўп зарар кўрмаслигинг мумкин, аммо бу йўлда адашсанг дунё ҳам, охират ҳам куйиши эҳтимоли бор. Шунинг учун ҳамма йўлларда бўлгани каби бу муборак йўлда ҳам устоз жуда муҳимдир. Салоҳиятли, илму маърифатли ва жамиятга доимо манфаъатли бўлган устоз сен учун Аллоҳнинг йўлини кўрсатувчи эканини яхши англа ва уни лозим тут.  Аллоҳ барчамизни ҳақ йўлга бошласин!
 
 
Мир Араб мадрасаси кутубхоначиси
Улуғбек Жиянов
 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:05
Куёш: 07:56
Пешин: 13:10
Аср: 15:50
Шом: 17:30
Хуфтон: 18:50
Тўлиқ тақвим »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram