Ал-ҳикам ал-атоийя 32-ҳикмат
08 ноябр 2015 й.
942 марта ўқилди.

 

 

 32-ҳикмат

تشوفك الي ما بطن فيك من العيوب خير من تشوفك الي ما حجب عنك من الغيوب
 
Таржима:
 
Ўз ичингдаги яширин айбларга назар солишинг сендан тўсилган ғайбий ишларга интилишингдан кўра яхшироқдир”.
 
Шарҳ:
 
Эй Аллоҳнинг қули, эганг бу ҳаётда ҳам охиратда ҳам саодатли яшашлигинг учун сендан қалбинг поклигини талаб қилди. Унинг фазли кенг, неъмати чексиздир. Сен У зотнинг талабини бажаришга қанчалик ҳарис бўлсанг У зот сенга шунча неъматлар устига яна неъматлар – кароматлар ато қилаверади. Сен ўзингдан талаб қилинган ишни қил. Қалбингни кибру-ҳаводан, гина-кудратдан, сумъаю ужубдан ва шунга ўхшаш иллатлардан покла! Бу йўлда нафсингга қарши жанг қил, унинг йўлидан юрма ва буюклар йўлини тут. Расулуллоҳни ва саҳобаларни ўзингга ибрат мактаби қилиб ол ва яхшилар билан бирга бўл.  
Илму маърифатинг зиёда бўлишини, ҳар ишингда илоҳий илҳом ёр бўлишини, турли сирларга ва кароматларга эга бўлишни ва шунга ўхшаш Аллоҳга хос ишларни У зотнинг ўзига қўйиб бер. Тоату ибодатингдан мақсадинг улуғликка эришиш, кароматли бўлиш каби олийликлар бўлиб қолмасин. Чунки сен бунга интилсанг-у, ўзингдан талаб қилинган нарсалар яъни қалбингни кемирувчи ва сени буюк Аллоҳ ҳузуридан узоқлаштирувчи иллатларга эътибор бермасанг, ҳамда уларга қарши курашмасанг нафсингга қуллик қилиб юрган бўласан. Зеро сен қилган ибодатинг эвазига Аллоҳдан бирон нарса талаб қилишга ваколатинг ва ҳаққинг йўқ бўлган оддий бир бандасан. Қуллик мақомингда тур, у мақомдан юқориси йўқлигини яхши англашинг сен учун хайрлидир. Сени ибодатга бошлаган, ибодат қилишингга шарт-шароит ва куч-қувват яратиб берган, сўнгра эса қилган шу ожизона ибодатингни қабул қилган зот ҳам Аллоҳнинг Ўзи бўлсаю, сен қилган ибодатинг учун ундан қандай қилиб ҳақ талаб қиласан?! Бу ибодат неъматининг ўзи ҳам катта шукрона талаб қилишини ҳеч ўйлаб кўрганмисан? Тоғдай гуноҳларинг билан енгилгина ҳаракатланиб юришингни ўзи бир каромат эмасми?! 
 
У зот сендан талаб қилган ва сенга буюрган ишларни ҳақиқий бандалигингни ҳис қилган ҳолда мукаммал бажаришга бел боғла. Унинг ажру мукофоти, уларнинг ортидан келадиган баракоту футуҳотларни Аллоҳ Ўзи хоҳлаганча, хоҳлаган вақтида ва Ўзи хоҳлаганидек беради. Модомики сен ибодатда экансан У зотдан келган ҳар нарса сен учун хайрли ва мукофотдир. У зот оятда: “…сизлар учун яхши бўлган ҳолда баъзи нарсаларни ёмон кўришингиз мумкин, сизлар учун ёмон бўлган ҳолда баъзи нарсаларни яхши кўришингиз мумкин. Аллоҳ билади, сизлар эса билмайсизлар” дея марҳамат қилади. Ибодатда холис бўл, қуллигингни англа!
 
Мир Араб мадрасаси кутубхоначиси
Улуғбек Жиянов
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:05
Куёш: 05:56
Пешин: 13:10
Аср: 18:00
Шом: 19:40
Хуфтон: 21:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram