Ал-ҳикам ал-атоийя 33-ҳикмат
21 ноябр 2015 й.
641 марта ўқилди.

  33-ҳикмат

الحق ليس بمحجوب و إنما المحجوب أنت عن النظر إليه إذ لو حجبه شيء لستره ما حجبه و لو كان له ساتر لكان لوجوده حاصر و كل حاصر لشيء فهو له قاهر 

 وهو القاهر فوق عباده 

 

 
Таржима:
 
“Ҳақ таоло тўсилган эмас. Балки сен ўзинг У зотга назар солишдан тўсилгандирсан. Чунки У зотни бирор нарса тўсса, ўша нарса Уни сатр қилиши – ёпиши мумкин бўлиб қолади. Уни сатр қилувчи бўлса, демак, У зотни ҳар тарафлама чекловчи нарса мавжуд бўлган бўлади. Ҳар бир нарсани чекловчи эса уни ўз ҳукми остига олувчидир. “Ваҳоланки У зот (барча) бандалари устидан қоҳир-ҳокимдир” (Анъом 18-оят).
 
Шарҳ
 
Эй Одам фарзанди! Сенга чексиз мўъжизалари, мислсиз инъомлари ва ҳадсиз қудрати билан намоён ва зоҳир бўлган раббингни инкор этма! У зот ҳар қандай ёрқин ва ёруғ нарсадан ҳам зоҳирроқ ва равшанроқдир. Ҳар ерда Унинг қудрати, ҳар ерда У зотнинг гўзал ҳикматига, ҳар лаҳзада У зотнинг мукаммал яратмишига дуч келаверасан. Бу нарсалар ҳақида фикрлашингнинг ўзи ҳам У зотнинг яратиши, тақдири ва хоҳиши билан бўлаётгани бунинг яққол далилидир. Бутун махлуқотга-коинотга У зотнинг измида юрган нарсалар сифатида назар сол, улардаги бузилмас ва ниҳоятда ҳикмат билан жорий қилинган қонунлар ҳақида фикр қил ва натижада У зотнинг жамолига мушарраф бўл! Аллоҳни дунёда қалб кўзингла кўришинг мумкин. У зотни қалб кўзинг билан бу дунёда кўришинг учун эса ўз нафсинг кишанларидан озод бўлишинг лозим. У зотга етишмоқчи бўлсанг ўз айбларингни изла ва уларни бартараф қил, ўз нафсинг иллатларига даво изла! Сенинг айбларинг, камчилик ва гуноҳларинг У зотнинг муқаддас даргоҳига сени киришдан ман қилиб турган ягона нарсадир. У зотнинг ҳузурига киришнинг ҳаққи қалбнинг салим ва соғломлиги эканини унутма! Бу дунё матосига, обрў-эътиборга, мансабу лавозимга, молу давлатга ва шунда ўхшаш паст нарсаларга қалбингдан жой берма. Нафс ва шаҳватингни жиловла уларнинг жиловини ақлу илм қўлига топшир. Шунда сени у зотдан тўсиб турган парда кўтарилади ва сен У зотни кўрасан. Шамолларга тўғаноқ бўладиган тоғларча айбу нуқсонларинг туфайли У зотдан сени тўсиб турган парда сени “У зот биздан тўсилган, бизга яшириндир”, деган фикрга олиб келмасин. Зеро Аллоҳга қалбан етишиш учун қалб У зотдан бошқа барча нарсалардан покланиши шарт. Ризқингни ҳам, машаққат ва муаммойинг ечимини ҳам фақатгина Ўзидан сўра, Ўзигагина муҳтожлигингни изҳор эт.
Аммо У зотни биздан тўсилган деб даъво қилма! Чунки тўсувчи нарса ўзи тўсган нарсанинг устидан ўз ҳукмини ўтказган ҳисобланади. Аллоҳ таоло эса барча нарсанинг устидан ўз ҳукмини ўтказувчи – қоҳир зотдир!!!
 
Мир Араб мадрасаси кутубхоначиси
Улуғбек Жиянов
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:20
Куёш: 05:13
Пешин: 13:10
Аср: 18:45
Шом: 20:25
Хуфтон: 21:45
Тўлиқ тақвим »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram