Ал-ҳикам ал-атоийя 34-ҳикмат
06 декабр 2015 й.
622 марта ўқилди.

 34-ҳикмат

أخرج من أوصاف بشريتك عن كل وصف مناقض لعبوديتك لتكون لنداء الحق مجيبا و من حضرته قريبا

Таржимаси:
 
Ҳақ нидосига жавоб берувчи бўлишинг ва У зотга қурбат ҳосил қилишинг учун инсонийлик сифатларингдан бўлмиш бандалигингга нолойиқ ҳар қандай сифатдан воз кеч!
 
Шарҳ:
 
Эй инсон, сенда ҳар хил яхши ва ёмон сифатлар мавжуд. Бу сифатларинг ичида сенинг қуллик – ҳақиқий бандалик мақомингга лойиқ  бўлганлари ҳам, у мақомга лойиқ бўлмаганлари ҳам бор. Шуни яхши англагинки, қалбинг бошқа барча аъзоларингга нисбатан шоҳ мақомидадир. У тўғри бўлса бошқа аъзолар ҳам ўз  ўзидан тузалаверади. Бошқа аъзолардаги  беўхшовлик қалбинг фасод бўлганидандир. Сен қалбингни ўзингга нолойиқ бўлган сифатлар – кибр, риё, ужуб ва шунга ўхшашлардан холи қил ва покла. Бу сифатларинг кишанларидан озод бўл ва ўз қуллик мақомингга муносиб бўлмиш камтарлик, мулойимлик, ихлос ва шунга ўхшаш гўзал сифатлар билан қалбингни беза!
Зеро сен, Роббинг “Эй қулим” деб нидо қилганда қалбинг мазкур иллатлар билан тўлиб туриб У зотга “Лаббай, эй Роббим” дея жавоб беролмайсан. Чунки, сен мазкур иллатларни қалбингга жойлаган ҳолда У зотнинг “Эй қулим” деган нидосига лойиқ ва муносиб эмасдинг. У зот “Менинг қулим ” деб сени бахтиёр этиши учун сен Аллоҳ сендан талаб қилган амалларни бажар ва қайтариқларидан қайт! Амалларингни Ўзи учун холис қил. Сен ҳар  бир амални қилаётганингда бутун инсоният сенга қараб туриши билан, сенга ҳеч ким назар солмаётгани баробар бўлсин. Риёдан сақлан! Аллоҳ сенга берган неъматлар, имкониятлар ва ҳар бир лаҳзангда беражак фазлу карами қаршисида ўзингнинг қилган амалларингни жуда оз эканлигини, қилаётган ибодатларинг ожизона ва заиф эканлигини англа. Ўз ибодатинг билан фахрланиш қалбингга ҳаргиз келмасин – ужубдан узоқ бўл!
Нафсинг сенга бино қўйиб, сени ўзлигингдан узоқлаштирган пайтда У зотни эсла. Ўз ноқислигингни, ожизлигингни ва доимо У зотга муҳтожлигингни ўйлаб кўр ва бундай ҳолдаги инсонга кибрланиш ярашмаслигини фаҳмла. Ҳа, ноқиссан, чунки ўзингни эртага нималар кутаётганини ҳам билмайсан. Оддий ишларга соатлаб, ойлаб, йиллаб бош қотирасан, бошингга тушган мусибату машаққатларни аритолмайсан. Ожизсан, бемор бўлиб қолганингда оддий нафас олишга ҳам қийналиб қоласан. Барча ишларингда Аллоҳ таолога муҳтожсан. У зот осон қилмаса қўлингдан бирор иш келмайди. Нафасни олишингни насиб қилсаю уни чиқаришни насиб этмаса ўша олган нафасинг охиргиси бўлади ва уни чиқаролмай омонат жонингни эгасига топширасан. Ўзингни У зот ҳузурида ожиз, гуноҳкор ва муҳтож эканлигингни эътироф эт, куч-қувватни, илму амални ва бошқаларга муҳтож қилмаслигини Аллоҳнинг Ўзидан сўра!  Шунда сен У зотга яқин бўласан. Шунда сен У зот “Менинг бандаларим” деган тоифага дохил бўласан. Чунки сен, нафсингдан узоқ бўлдинг ва бунинг эвазига Роббингга яқинлашдинг. Аксинча бўлса натижа ҳам аксинча…
 
Мир Араб мадрасаси кутубхоначиси
Улуғбек Жиянов
 
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:20
Куёш: 05:13
Пешин: 13:10
Аср: 18:45
Шом: 20:25
Хуфтон: 21:45
Тўлиқ тақвим »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram