Ал-ҳикам ал-атоийёя 35-ҳикмат
19 декабр 2015 й.
1126 марта ўқилди.

 35-ҳикмат

أصل كل معصية و غفلة و شهوة الرضا عن النفس و اصل كل طاعة و يقظة و عفة عدم الضا منك عنها و لان تصحب جاهلا لا يرضي عن نفسه خير لك من ان تصحب عالما يرضي عن نفسه  فأي علم لعالم يرضي عن نفسه ؟  و أي جهل لجاهل لا يرضي عن نفسه ؟       

 
Таржима:
Ҳар қандай исён, ғафлат, ва шаҳватнинг негизи-манбаси нафсдан розиликдир. Ҳар қандай тоат, зийраклик ва иффатнинг асли эса сен нафсингдан рози бўлмаслигингдир. Ўз нафсидан рози бўлмайдиган жоҳилни дўст тутмоқлигинг, сен учун, ўз нафсидан рози бўладиган олимни дўст тутишдан хайрлидир. 
Зеро, ўз нафсидан рози бўладиган олимда қандай илм бўлсин?! Ўз нафсидан рози бўлмайдиган жоҳилда қандай жаҳолат бўлсин?!
 
Шарҳ:
 
Эй инсон, муҳаббат ва розилик сени кўр ва кар қилиб қўяди. Шунинг учун, муҳаббат ва розилик назарингни ҳаргиз ўз нафсингга қаратма. Йўқса, унинг айбларини кўрмай қоласан. Зеро, муҳаббатинг Раббингга бўлмоғи, розилигинг Унинг тақдирига қаратилмоғи лозим. Муҳаббат ва розиликни ўз нафсингга қаратсанг унинг домига илинасан. Нафсингни айбларини кўрмаслигинг катта офат! Чунки бу сени Аллоҳ таолодан ғофил эканингга далолатдир. Бу ғафлатинг сени нафснинг турли хоҳиш-умидлари ва шаҳватларига асир қилиб қўяди. Бу сени барча маъсиятларга осонгина етаклайди. Улар эса сени тобора роббингдан узоқлаштираверади. Демак, бу гуноҳларнинг асл негизи – сен нафсингдан розилигинг, уни яхши кўришлигинг ва уни сарҳисоб қилмаслигингда экан. Чунки нафс энг катта душман – ёмонликларга кўп буюрувчи нарсадир. 
 
Аксинча, сен нафсингни сарҳисоб қилсанг, унга муҳаббат назари билан эмас, балки, норозилик билан қарасанг Аллоҳ сени кузатиб турганини ҳис қилувчи қалби уйғоқ ва натижада ҳар хил гуноҳлар қилиб ўзини жирканчликларга урмайдиган иффатли бўласан. Бу эса барча тоатнинг калитидир. 
 
Ўзини “олимман” деб юрган аммо ўз нафсига эргашишлик билан овора инсонни суҳбатидан – дўстлигидан кўра, ўзи ҳеч нарсани билмайдиган кўринган аммо доимо нафсига қарши тура олган кишининг суҳбатини афзал кўр! Чунки суҳбат ва дўстликдан асосий мақсад ўз суҳбатдошинг сабабли ҳозирги ҳолатингдан бир поғона юқорига кўтарилиш, Аллоҳга қараб бир қадам қўйишдир. Ўз нафсидан рози инсон суҳбатдошини ўзининг тубан мартабасига олиб тушиши мумкин, уни ҳаргиз юқори манзилага олиб чиқолмайди. Аллоҳнинг буюклигини ҳис қилган, ўз нафсининг разиллигини билган ва шу асос устида иш олиб борган инсоннинг суҳбати ва дўстлигидан манфаат бор. Чунки ўзи жоҳил кўринса ҳам аслида ҳақиқий олим ўша кишидир. 
 

عن المرئ لا تسأل و سل عن قرينه                           فإن القرين بالمقارن يقتدي 

إذا كنت في قوم فصاحب خيارهم              و لا تصحب الأردي فتردي مع الردي

 
Киши ҳақида эмас, дўсти ҳақида сўра, чунки ҳар дўст дўстига муҳаққақким, эргашур,
Инсонлар орасидан дўст тут яхшиларини, суҳбат қурма ёмонла, ёмон одат мингашур.
 
Нафсини дўст тутган инсонда яхшилик ва сабот бўлмайди. Чунки нафсда яхшилик ва сабот йўқ. Сен ундайлардан бўлмаки, дўстинг туфайли қалбинг хароб, амалларинг зоя бўлади. 
 
 
Мир Араб мадрасаси кутубхоначиси
Улуғбек Жиянов
 
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:25
Куёш: 05:08
Пешин: 13:10
Аср: 18:30
Шом: 20:20
Хуфтон: 21:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram