Ал-ҳикам ал-атоийя 36-ҳикмат
11 январ 2016 й.
1230 марта ўқилди.

 36-ҳикмат

شعاع البصيرة يشهدك قربه منك و عين البصيرة يشهدك عدمك لوجوده و حق البصيرة يشهدك وجوده لا عدمك و لا وجودك 
 
Таржима
 
Басират нури сенга У зотнинг яқинлигини билдиради. Айни басийрат эса У зотнинг вужуди – борлиги олдида сенинг йўқлигингни билдиради. Ҳаққул басийрат на сенинг йўқлигинг ва на борлигингни, балки Унинггина борлигини билдиради. 
 
Шарҳ:
 
Эй банда, сендек мўмин-мусулмон қалбида Аллоҳни танишлик жараёни уч босқичда кечади. Бу босқичларнинг бари ягона аслдан яъни аҳду мийсоқ кунидаги ваъдадан келиб чиқади. Чунки Аллоҳ таоло ўша куни барчани халқ қилиб, яратиб уларга: “Мен сизнинг роббингиз эмасманми?”, дея хитоб қилганлиги ва башарият У зотнинг холиқлиги ва Роблигини эътироф  қилиб: “Ҳа, Сен бизнинг Роббимизсан”, дея таслим бўлиши бу басийрат – яъни, Аллоҳни ҳақ маънода таниган қалб нури эди. Бу басийратни кофиру мунофиқлар куфру нифоқ нажосати билан кўмиб ташладилар. Бунинг мисоли, худди ичида жуда қимматбаҳо гавҳар ёки марварид сақланган уй қаттиқ зилзила туфайли харобага айланганидекдир. Аллоҳга мийсоқ кунида берилган ваъда ҳамманинг қалбида бор бўлсада, инсон гуноҳу маъсият, куфру нифоқ билан қалбни харобага айлантиргани сабабли, ундаги ўша мийсоқ гавҳари кўринмай, билинмай кетади. Агар инсон қалбини ҳар хил гуноҳлардан поклашга ҳаракат қилаверса ўша қимматбаҳо гавҳар устидаги ахлатларни олгандек унинг усти очилади ва у албатта иймон лаззатини тотиши аниқ. Инсон бошига қаттиқ ташвиш ёки ҳалокат тушганда мусулмон ёки кофир бўлишидан қатъий назар “Эй Худо, эй Аллоҳ” деб Худога ёлвориши - айнан ўша мийсоқ кунидаги ваъданинг хаёлига гавдаланганидан келиб чиқади. Ўзининг мушкулини осон қилишга қодир зот борлигини у ўша пайтда ҳис қилади. Чунки унинг қалбини харобага айлантирган нафси бундай мушкул аҳволда ундан чекинган бўлади. Нафснинг таъсиридан қутулган инсон эса ўша заҳотиёқ Аллоҳни эслайди. Аммо бироз вақт ўтгач яна ўз ҳолига қайтади. Ҳақиқий мусулмон ҳар доим Аллоҳгагина суяниши лозим. Демак бу басират нури фақат мўминларда қолди. Аммо мўминларда ҳам бу инсоннинг ҳолига қараб ҳар хил бўлади. Аллоҳнинг йўлига эндигина кирган бошланғич  мўминлардаги басийрат шўласи Аллоҳнинг бандасига яқин Зот эканини билдирса, Аллоҳга муқарраб, яқин бўлиб қолган мўминлар қалбларидаги басийрат нури ҳақиқий бор нарса аслида У зот эканини ва Унинг мавжудлиги олдида барча нарсанинг йўқ эканини билдиради. Яъни, Аллоҳнинг йўли, У зотга яқин бўлиш йўли ҳам ўз босқичларига эга. Фақатгина Аллоҳни таниб, беш вақт намозини ўқиб, бўйнидаги фарз амалларни қилиб юрган инсон билан, фарзлардан ташқари кечалари нафл ибодатлар қилиб, хайру эҳсонлар, инсонларга яхшиликлар қилиб юрган, доимо қуръони карим тиловатига бардавом бўлган одам баробар эмас албатта. Биринчи тоифа ҳали бу йўлнинг бошида бўлсалар, иккинчи тоифа бу йўлдан анча юрган, Аллоҳга улардан кўра яқинроқ борган инсонлардир. Булар қалбни поклашда ҳам, қалб тубидаги ўша Мийсоқ ваъдасини кўра билишда ҳам фарқли бўлишлари табиий. Уларнинг қарашлари шуни ҳисобига кўра ҳар хил бўлмоқда. Биринчилар, Аллоҳ бандасига яқин экан, ҳар ишидан хабардор экан деган фикрга бораётган бир пайтда, иккинчи тоифа вакиллари, аслида ҳақиқий бор нарса Аллоҳ таоло эканини, бошқа махлуқотлар Унинг яратиши билан бор бўлганини, улар аслида йўқлик эканини англайдилар ва йўқ нарсаларга қалбни боғламасдан ҳақиқий мавжуд зотга интилиш лозимлигини таъкидлайдилар. 
 
Аллоҳга энг яқин инсонлар наздидаги басийрат яъни ҳақиқий басийратнинг ўзи эса фақатгина У зотнинг борлигини билдиради холос. Бошқа нарсаларнинг, ҳатто инсонни ўзини бор ёки йўқлигига эътибор ҳам қилмайди. Булар Аллоҳдан бошқа нарса билан ҳеч ҳам машғул бўлмайдиган, кўзларини фақат ҳақ томонга тиккан инсонлардир. Булар Аллоҳ йўлида ҳақиқий фонийдирлар. Айнан шулар қалбларидаги аҳду мийсоқни худди ўша кундагидек қайта тиклаган инсонлардир. 
 
Эй Аллоҳ йўлини тутган диндош! Ҳар бир амалингни Аллоҳ розилиги учун холис қил, бировнинг мақташи ёки дашномига эътибор берма ва энг юқори даражага ҳаракат қилишдан чарчама!
 
Мир Араб мадрасаси кутубхоначиси
Улуғбек Жиянов
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:15
Куёш: 05:57
Пешин: 13:10
Аср: 17:50
Шом: 19:40
Хуфтон: 21:05
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram