Ал-ҳикам ал-атоийя 37- ҳикмат
23 январ 2016 й.
1116 марта ўқилди.

 37- ҳикмат

كان الله  و لا شيء معه و هو اللن علي ما عليه كان

 

 

Таржимаси:
 
Аллоҳ таоло У зот ҳузурида бирор нарса бўлмаганда ҳам бор эди. У зот ҳозир ҳам олдин бўлганидекдир. 
 
Шарҳ:
 
Эй Аллоҳнинг иродаси ила бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга кўчиб юрувчи инсон! Билгинки, сен кўраётган бу коинот ва ундаги барча нарсалар ҳатто ўзинг ҳам вақтинчалик бор бўлиб турган ва яна йўқликка маҳкум бўлган нарсалардир. Роббинг бу нарсаларни йўқдан бор қилди ва У зот буларни бор-пайдо қилишдан олдин ҳам бор эди. Ҳақиқий борлиқ-мавжудлик Аллоҳ таологагина хосдир. У нарсаларни ҳам Ўзи яратган. Ҳеч қандай мавжудот йўқлигида ҳам у зот бор эди. Барча мавжудотни яратгандан сўнг ҳам Унда ҳеч қандай ўзгариш бўлмади. Зеро У зот мутлоқ беҳожат Зотдир, ҳеч нарсага муҳтож эмас. Унинг учун замон ва макон ўзгармайди. Чунки замон ва маконни ҳам Ўзи яратган.
 
Эй мўмин, шуни яхши билгинки, сен бутун оламларни яратган, унда бўлаётган ҳар қандай иш Унинг иродаси ва илмидан ташқари бўлмайдиган, барча махлуқотга Ўзигина ризқ берадиган буюк Зотга қуллик – бандалик қиласан. У зотга на замоннинг таъсири бор, на маконнинг... Кимлардир нафсига, кимлардир қудрати ҳеч нарсага етмайдиган ўз худоларига ва яна кимлардир ўзларига ўхшаш инсонларга қуллик қилиб, ибодат қилаётган бу дунёда сен барча нарсага қодир зот Аллоҳга ибодат қиляпсан. Демак У зот барча нарсадан устун бўлганидек, У зотнинг одамлари, ҳақиқий бандалари ҳам бошқалардан устун бўлиши шарт. Чунки буюк зот Ўз бандаларига Ўзининг буюклигига хос кўрсатмалар бериб уларни ҳам бошқалардан устун бўлишларини хоҳлайди. Сен ихлосда, ахлоқу одобда, ҳақ ва тўғриликда, меҳрибонлик ва шафқатда ҳаммадан устун бўлгинки, сени кўриб Раббингнинг буюклигини ҳис қилишсин, сендан ибрат олишсин!
 
Аммо сен Аллоҳга ибодат қилишни минг даъво қилсангу, У зотнинг буйруқларига амал қиляпман дея жар солсангу лекин нафсинг ва бошқалар олдида хору залил бўлсанг, билгинки, сен ҳали ҳақиқий қуллик даражасига эришмабсан. Аллоҳга қайт, ҳар қадамингни сарҳисоб қил ва ўз Хожангнинг муҳаббатини ва ибодатини бошқа барча нарсадан баланд қўйки, дунё ва охират саодатига эришгайсан, инша Аллоҳ!!!
 
 
Мир Араб мадрасаси кутубхоначиси
Улуғбек Жиянов
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:15
Куёш: 05:57
Пешин: 13:10
Аср: 17:50
Шом: 19:40
Хуфтон: 21:05
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram