Ал-ҳикам ал-атоийя 38-ҳикмат
29 январ 2016 й.
1061 марта ўқилди.

 38-ҳикмат

لا تتعد نية همتك الي غيره فالكريم لا تتخطاه الآمال

Таржимаси:
 
Ҳимматинг мақсади Ундан бошқасига ўтмасин (бошқасига юзланмасин). Зеро ҳақиқий карим зотни умидлар четлаб ўтмайди”.
 
Шарҳ
 
Эй ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишлик билан ўз ҳиммати олий эканини исбот этган инсон! Ўз олий ҳимматингни ҳеч қачон разил мақсадга айлантирма! Сўрайдиган, ўзинг муҳтож бўлган нарсаларни ҳеч қачон ўзларининг ҳам эҳтиёжлари кўп бўлганлардан сўрама! Барча мулк соҳиби-Аллоҳнинг бандасиман дея ҳиммату даражангни осмондан ҳам баландларга кўтарган экансан, одамларга эҳтиёжингни зоҳир қилиб бу ҳимматни тупроққа булғама!
Ҳар бир эҳтиёжингни барча нарсага қодир бўлган, ҳақиқий беҳожат зот, саноқсиз неъматларни беминнат берадиган зот – Аллоҳ таолодан сўра! Чунки У зотгина ҳақиқий “Карийм”, чин маънодаги мутлоқ сахий, бергани билан мулкига нуқсон етмайдиган буюк зотдир. Бошқасига ибодат қилишдан ор қилганингдек бошқасидан сўрашдан ҳам ор қил! Зеро бошқалардан сўрасанг ўзларининг ожизликлари билан бирга сенга ғазаб назари билан қарайдилар, аммо У зотдан сўрасанг сендан рози бўлади ва албатта матлабингни беради. Чунки ҳақиқий карийм – сахий зот ўзидан ўзгага илтижо қилинганига ёки ўзгадан сўралганига рози бўлмайди. У зот, ўз бандаси Уни қўйиб бошқадан сўраса, бошқадан умид қилса ғазаб қилади. Ўзи яратган ва умри давомида ризқини тўла-тўкис берадиган бандаси ўз яратувчисидан юз ўгириб, бошқа ожизу нотавонларга эҳтиёжини баён этиб юриши бандаликка ҳам зид маънодир аслида.  Бу иш эса олийҳимматликка зиддир. 
 
Бутун ибодатинг, руҳинг ва вужудинг билан юзланган зотдан бошқага ҳаргиз юзланма. Уни эсла, У зотдан ёрдам сўра. Унга интил ва У зотдан паноҳ сўра. Тунлар бедор бўлиб, ҳамма ухлаб ётганда қўлларингни кўтариб У зотга илтижолар қил. Барча дарду шикоятларингни Унга баён эт. Унинг иштиёқида, розилиги илинжида кўзларингни ёшла. Унинг неъматларини эслаб чексиз раҳматини ҳис қил ва қалбингни муҳаббатидан тўлдир. Шунда У зот сенга юзланади, матлабинг ҳосил бўлади. Бу ҳақиқий қуллик, бу ҳақиқий шоҳликдир!
 
 
Мир Араб мадрасаси кутубхоначиси
Улуғбек Жиянов
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:25
Куёш: 05:08
Пешин: 13:10
Аср: 18:30
Шом: 20:20
Хуфтон: 21:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram