Ал-ҳикам ал-атоийя 46 –ҳикмат
12 июн 2016 й.
575 марта ўқилди.

 46 –ҳикмат

حسن الأعمال نتائج حسن الأحوال و حسن الأحوال من التحقق في مقامات الإنزال
 
Таржима:
 
“Гўзал амаллар (қалбдаги) гўзал ҳолатларнинг натижаларидир. Гўзал ҳоллар эса илоҳий раҳматлар нозил бўладиган мақомларга эришишликдандир”.
 
Шарҳ:
 
Эй гўзалликка интилувчи, мукаррам қилиб яратилган инсон! Ҳақиқий гўзаллик ботиний - ички гўзаллик эканини англа ва буни ҳаргиз кўзинг олдидан кетказма! Агар қалбингни ислоҳ қилсанг, унинг ерларини иймону ихлос сувлари билан суғорсанг, Аллоҳ ва расулига муҳаббат уруғларини унга қадасанг ва ундан дунё ва ундаги нарсаларга ҳавас тиканларини томири билан юлиб ташласанг, албатта бундай қалбдан гўзал амаллар униб чиқади ва дунёю охиратда ширин мевалар беради. 
Аммо шуни билиб қўйгинки, қалбингни бундай гўзал ислоҳ қилиш ва ундан  гўзал амалларни ундириш осонгина бўлиб қоладиган ишлардан эмас. Балки бу учун машаққатлар чекишинг ва бу йўлда жуда сабрли бўлишинг лозим. Зеро деҳқон ҳам бир ташландиқ ерни олиб унга жуда кўп жидду жаҳд қилиб унумдор ерга айлантиришга эришганидек, сен ҳам қалбингни нафс ва шайтонинг васвасаларидан бўлган риё, сумъа, ужуб, кибр ва шунга ўхшаш ташландиқ ернинг тикану хас - хашаклари ва ўнқир-чўнқирлари мисоли иллатлардан поклашлигинг лозим. Бу йўлда сенга ўз нафсингни ҳою ҳавасидан воз кечишинг, Аллоҳнинг зикрида бардавом бўлишинг, машаққату мусибатларга сабрли бўлишинг, нафл намозларни, айниқса, тундаги таҳажжуд намозларини ўқиб боришинг ва энг муҳими, ўзингнинг гуноҳкорлигингни, Аллоҳнинг шукрини ҳаргиз адо қилолмаслигингни англаб етишинг ёрдам беради. Бу ишларга бардавом бўлган инсон Аллоҳ наздида У зотнинг раҳмати нозил бўладиган мақому мартабага эришади. Ҳабибимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда: “Жасадда бир парча гўшт бор. У тўғри бўлса бутун жасад тўғри бўлади, агар у бузилса бутун жасад бузилади. Огоҳ бўлинглар у қалбдир”, деганлар. 
Қалбинг пок бўлсагина ҳақиқий бахтга эришишинг мумкин. Иллатли қалб билан на мусулмончиликнинг ҳақиқатига эришасан, на дунёда бахтли бўла оласан. Динингни холис Аллоҳ учун қил ва ҳар бир зоҳирий ва ботиний ишларда, шариат кўрсатмаларида У зот учун оғишмай тўғри тур. Шундагина мақсадга етасан!
 
 
 

 

Мир Араб мадрасаси кутубхоначиси
 Улуғбек Жиянов 

 

 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:00
Куёш: 07:53
Пешин: 13:10
Аср: 15:50
Шом: 17:30
Хуфтон: 18:50
Тўлиқ тақвим »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram