Ал-ҳикам ал-атоийя 47- ҳикмат
22 июл 2016 й.
550 марта ўқилди.

 47- ҳикмат

لا تترك الذكر لعدم حضورك مع الله فيه لأن غفلتك عن وجود ذكره أشد من غفلتك في وجود ذكره فعسي أن يرفعك من ذكر مع وجود غفلة إلي ذكر مع وجود يقظة و من ذكر مع وجود يقظة إلي ذكر مع وجود حضور و من ذكر مع وجود حضور إلي ذكر مع غيبة عما سوي المذكور "و ما ذلك علي الله بعزيز"
 
Таржима:
 
«Зикрда Аллоҳни доим ёд этолмаганинг сабабли зикрни тарк этма! Чунки Унинг зикридан батамом ғафлатда бўлишинг Унинг зикри бўла туриб ғафлатда қолишингдан қаттиқроқ ва ёмонроқдир. Шояд У зот сени ғафлатда бўлиб Уни зикр қилишликдан – хушёрлик билан зикр қилиш даражасига, хушёрлик билан зикр қилишдан – ҳозирлик (доимо У зот билан бўлиш) билан зикр қилиш даражасига, ҳозирлик билан зикр қилишликдан – зикр қилинадиган бошқа барча нарсалардан фоний бўлишлик билан зикр қилиш даражасига кўтарса. “Бу Аллоҳга қийин эмас”»
 
Шарҳ:
 
Эй Аллоҳ розилигини қасд қилган, У зотнинг зикрини одат қилмоқчи бўлган, аммо чин қалби билан зикр қилиб, унинг ҳаловати ва лаззатини ҳис қилолмаётган инсон! Ҳаргиз бу сабаблар туфайли Раббингнинг зикрини, Уни ёд этишлик ва У зотни эслашликни тарк этма. Зикрнинг ҳаловатини тополмаяпсанми – демак сенинг зикринг тил билан бўлаётган зикр бўлиб, унинг мазмунидан ғафлатдасан! Аммо сен ҳеч ҳам ноумид бўлмасдан зикрда – У зотни доимо ёд этишда давом этавер. Зеро Аллоҳ Унинг номини ёд этганларни севар. Сенинг ҳам Аллоҳни севишлигинг, У зотга талпинишлигинг ҳақ ва рост бўлса Аллоҳ таоло сени ғафлат билан зикр қилишликдан – хушёрлик билан зикр қилиб ҳар қачон У зотни эслаганда, ёхуд тилинг билан зикр қилганда албатта қалбинг билан тафаккур қиладиган уйғоқ қалблардан қилиб қўяди. Бу мақом ва даражада сен Аллоҳни зикр қилишликнинг бир-оз лаззати ва ҳаловатини топасан. Ушбу ҳолатда ҳам зикрда давом этсанг хушёрлик ва уйғоқликдан ҳам юқори даража бўлган ҳозирлик мақомига эришасан. Бу – Аллоҳнинг доимо ҳозирлигини, доимо бирга ва барча ишларингга гувоҳлигини ҳис қилиш ва ҳар бир ишни Аллоҳ ҳузурида қилаётганингни ҳис қилиш мақомидир. Бунда доимо У зотни қалбан ва руҳан ҳис этиб, тил-у дилинг билан зикр қилиб юрасан. Ғафлатларингдан покланиб шундай гўзал бир мақому даражага эришганингдан сўнг Аллоҳнинг мухлис бандалари сафига қўшиласан ва ҳар бир сўзу ишингда ихлос ҳамроҳинг бўлади. Мазкур ҳолатдан Аллоҳ таоло сени яна бир поғона юқори даражага кўтарадики, у фонийлик мақомидир. Унда сен барча махлуқоту мавжудотларни кўрганингда уларнинг шахсияти ёхуд бошқа сифатларига эмас, балки улардаги Аллоҳнинг қудратини кўрасан. Ҳар бир нарсада Аллоҳни мулоҳаза қиласан ва ҳар нафасинг Аллоҳ дея чиқиб киради. Шунда У зотдан бошқасидан фоний бўласан ва У зотнинг хос мухлас бандаларидан бўлишга эришасан. Ушбу мақомга эришганингда шайтоннинг сенга васвасаси ўтмайди. Аллоҳ барчамизни уларнинг сафидан қилсин. Эй инсон шундай буюк даражаларга эришиш ва ниҳоят Аллоҳнинг розилигини топиш афзалми ёки зикр қилганда тил учида бўлиб қоляпти деб – бу даражаларнинг муқаддимаси бўлган тил билан зикр қилишни тарк этишми?! Қалблар Аллоҳнинг зикри билан тирик. У зотни зикр қилишда айнан қайси сўзларни ишлатиш лозимлигини уламоларимиз айтиб ўтганлар. Бу ердаги “зикр қилиш” дегандан мақсад фарз ибодатлардан ташқари ишлар эканини билишимиз лозим. Зеро намоз, рўза ва шунга ўхшаш фарз ибодатлар ҳам асосий зикрга киради. Бу ерда янада Аллоҳга яқин бўлиш ва юқорида айтилган фарз ибодатларни талаб қилинган даражада бажариш учун ёрдамчи бўладиган нафл- қўшимча зикрлар ҳақида сўз бормоқда. Қуръони кариймни ўқиш, “Ла илаҳа иллаллоҳ”ни айтиб юриш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид булган дуою зикрларда бардавом бўлиш инсонни юксаклик сари етаклайди. Аллоҳни ёд этишдан ҳаргиз чарчамайлик! 
 
 
Мир Араб мадрасаси кутубхоначиси
 Улуғбек Жиянов
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:00
Куёш: 07:53
Пешин: 13:10
Аср: 15:50
Шом: 17:30
Хуфтон: 18:50
Тўлиқ тақвим »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram