Ал-ҳикам ал-атоийя 48-ҳикмат
30 август 2016 й.
421 марта ўқилди.

 48-ҳикмат

من علامات موت القلب عدم الحزن علي ما فاتك من الموافقات و ترك الندم علي ما فعلته من وجود الزلات
 
ТАРЖИМА : “Қалбинг ўлганининг белгиларидан – қилолмасдан ўтказиб юборган яхши ишларга - тоату ибодатларга маҳзун бўлмаслигинг ва содир этган гуноҳу маъсиятларингга пушаймон бўлмаслигингдир”.
 
Шарҳ: Эй ғофил! Эй “менинг қалбим пок” – дея дунёга жар солаётган инсон! 
Қалбинг аслида пок ва соф ҳолдами ёки унинг аксими? Буни билиш учун юқоридаги ҳикматга қулоқ тут, уни ўзинг учун мезон қилиб ол ва яхши фаҳмлагинки, гумроҳликдан қутулиб яхшилик сари қадам қўясан.
 
Шуни билгинки, пок бўлган қалб доимо уйғоқ ва ҳушёр бўлади. Ундай қалбда ҳаё, иффат, раҳм ва шафқат доимо ўз аксини топади. Аллоҳнинг зикри билан тили ва дили билан доимо машғул бўлади. Ўшандай пок қалб соҳиби Аллоҳга итоат қилaди, ибодатда бардавом бўлади, инсонийликда мақталган ишлардан ҳар бирини қилишга уринади ва натижада доимо масрур ва шод бўлади. Унинг шодлиги боиси шуки, у Аллоҳнинг розилигига олиб борадиган ишга қўл урмоқда ва У зотнинг буйруғини бажармоқда. У зотнинг розилиги эса ҳар қандай мўъмин банданинг энг буюк орзуси, умидидир. У инсоннинг шодлиги Аллоҳ розилигигаолиб борадиган, У зотга яқинлаштирадиган ишни қилиб, ўз яратувчисига яна бир қадам яқинлашгани учун эди. Ўз нафсини бошқалардан устун қўйиш учун ёки бошқаларни олдида юзи ёруғ бўлгани учун эмас. Акс ҳолда бундай амаллар ҳам риёга айланиб қабул бўлмайди.
 
Бундай қалби уйғоқ инсон, баъзи ҳолларда Аллоҳнинг амрларидан бирортасини бажаролмай қолса, ундан ғафлатда қолиб ўтказиб юборса ёхуд қасддан бирор гуноҳ қилса пушаймонлик ўтида ёнади, надомат сувида ғарқ бўлади ва тавба эшигига шошилади. У аввало Аллоҳдан ҳаё қилади. Ҳар нафасида неъматлари билан сийлаб турган зотга исён қилиб қўйганидан қаттиқ уялади. Унинг кўзлари кўрган ва кўрмаган барча нарсаларни яратган буюк қудрат соҳибининг амрига хилоф қилгани учун Унинг азобидан қўрқиб надоматлар чекади ва бундай гуноҳлар олийҳиммат инсонга лойиқ эмаслигини англаб бу ишларга қайтмасликка қарор қилади.  Ҳа, У барча ишида Аллоҳнинг кузатиб-кўриб турганини ҳис қилади. Ҳақиқат поймол қилинса жуда ҳам журъатли, аммо унга ҳақиқат таклиф қилинса унинг олдида жуда ҳам мулойим ва раҳмли бўлган, фақатгина Аллоҳдан қўрқадиган инсон бўлади. Бундай қалб соҳиби-ҳақиқий мўъмин ва бундай қалб ҳақиқий тирик-уйғоқ ва ҳушёр, пок ва соф қалб ҳисобланади. Аммо киши ҳаётга нима учун келгани ҳақида ўйлаб ҳам кўрмасдан, савобу гуноҳнинг фарқига бормай яшаб, гуноҳларга ғарқ бўлиб кетаётиб ҳам заррача пушаймонлик неъматидан татиб кўрмаса, яхши ишлар қилмагани учун ачинмаса бундай инсонларнинг қалблари ўлган, ўзлари қийматсиздир. Уларнинг кўксиларидаги ўша қалб аталмиш аъзолари жасадларига қон ҳайдашдан бошқа ҳеч иш қилмайди. Уларда қалб йўқ. Улар яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам ўз фикрлари билан белгилайдилар. Уларнинг баъзилари жамиятга яхшилик қиляпман дея жар солади, аммо унинг “яхшилиги” ортида қанча ёмонликлар борлигини билмайди ҳам. Энг аввало бир ишни ўзича яхши деб ҳукм чиқариш ва нафсининг хоҳишига кўра ўша ишни бажариши хато ва гуноҳдир. Зеро яхшилик ва ёмонликни белгилашда шариатга қаралади. Аллоҳ ва расули яхши деган нарса сўзсиз яхшилик, Улар ёмон дегани эса сўзсиз ёмонликдир. Улардан ҳеч қандай ҳукм келмаган ишлар эса ҳукм келганларга қиёс қилинади. 
Булар эса шариат илмининг олимларидан сўралади ва ҳоказо.... 
 
Эй банда! Аллоҳдан ҳаё қил, Унинг зикри сувидан қалбинг ерларини суғор ва қалбингни тирилтир. Зеро ўлик ерга ҳеч нарса унмас !!!   
 
 
Мир Араб мадрасаси кутубхоначиси
Улуғбек Жиянов
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:00
Куёш: 07:53
Пешин: 13:10
Аср: 15:50
Шом: 17:30
Хуфтон: 18:50
Тўлиқ тақвим »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram