Ал-ҳикам ал-атоийя 49-ҳикмат
08 сентябр 2016 й.
573 марта ўқилди.

 49-ҳикмат

لا يعظم الذنب عندك عظمة تصدك عن حسن الظن بالله تعالي
فإن من عرف ربه استصغر في جنب كرمه ذنبه
 
Таржима
 
Гуноҳ сенинг наздингда Аллоҳ таоло ҳақида чиройли гумон қилишдан тўсадиган даражада катта кўринмасин. Зеро Роббисини таниган киши Унинг карами олдида гуноҳини кичкина санайди”.
 
Шарҳ:
 
Эй инсон! Юқорида баён қилинган сўзлар таъсирида гуноҳларидан пушаймонлик денгизига ғарқ бўлишга тайёрланган, аммо бу денгиздан ҳаргиз саломат чиқолмасликни ўйлаб, ноумидлик сари юзланган одам!
Билгинки, қилган гуноҳга пушаймон бўлиб надоматлар чекиш қалбингнинг ҳаёти ва бўстонидир. Бундай надомат мўминнинг бу дунёда гўзал ҳаёт кечириш учун парвоз қилишида қанот вазифасини бажаради. Аммо парвоз учун бир қанотнинг ўзи кифоя қилмайди. Мўминнинг бу йўлдаги иккинчи қаноти “Ражо” яъни “умид” қилишдир. Аллоҳдан қўрққанинг учун гуноҳларингга пушаймон бўлиб тавба қилдингми, энди У зотнинг фазлу карами жуда кенглигини эсла ва тавбанг қабул бўлиб гуноҳларинг кечирилишини умид қил. Қилган гуноҳларинг сенинг наздингда жуда катта кўринса ҳам, бу сени Аллоҳнинг мағрифатидан - кечиришидан ноумид қиладиган даражага олиб бормасин. Чунки Аллоҳнинг кечиришидан ноумид бўлишнинг ўзи у қилган гуноҳингдан ҳам каттароқ гуноҳдир. Аллоҳ таоло Ўз каломида: “Албатта Аллоҳ барча гуноҳларни кечиради” – деб таъкидлаганини эсла ва Аллоҳнинг мукаммал зот – Илоҳ ва Робб эканлиги-ю, ўзингнинг бир ожиз банда эканлигингни тафаккур қил. “Аллоҳ гуноҳларимни кечирмайди” – дея ўз Раббинга нисбатан нодонлик ва беодоблик қилма! Аллоҳни инкор қилиб, У зот қайтарган барча гуноҳларни қилиб юрган кофирга неъматларини бекаму кўст бераётган зот - сенинг иймонинг ва тавбанг туфайли гуноҳларингни кечирмайдими? У зотнинг фазлу карами чексиз ва ниҳоясиздир. У зотнинг марҳамати ғазаби ва азобидан устундир. У зот, боласини эмизаётган аёл ўз фарзандига қандай меҳрибон бўлса, Ўз бандаларига ундан ҳам марҳаматлироқ ва шавқатлироқдир. У зот бизнинг заиф ва ожизлигимизни олдиндан билган ва бизга тавба эшигини очиб қўйган зотдир. У зотни тани, Унгагина юзлан, Унга тавба қил ва ҳаргиз ноумид бўлма!
 
 
Мир Араб мадрасаси кутубхоначиси
Улуғбек Жиянов
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:00
Куёш: 06:54
Пешин: 13:10
Аср: 16:40
Шом: 18:20
Хуфтон: 19:40
Тўлиқ тақвим »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram