Ал-ҳикам ал-атоийя 51 – ҳикмат
30 сентябр 2016 й.
726 марта ўқилди.

 51 – ҳикмат

لا عمل أرجي للقبول من عمل يغيب عنك شهوده و يحتقر عندك وجوده
Таржима:
 
Унинг борлиги сенинг (қалбингдан) йўқолган ва сенинг ҳузурингда паст саналган амалдан ҳам кўра қабул бўлиши умидлироқ амал йўқ”.
 
Шарҳ:
 
Эй Аллоҳнинг фазлу марҳаматига ноил бўлиб, У зотнинг муҳаббатига эришиш йўлига чиққан инсон! Бунда энг тўғри йўл амал қилиш йўлидир. Аллоҳ буюрган амалларни қилмасдан, У зот қайтарган ишлардан қайтмасдан Аллоҳнинг фазлига эришишни умид қилган инсон - хатокор ва ўзини ўзи алдагандан бошқа эмас. Амал қилиш ҳам ҳар-хил бўлади ва унинг қабул бўлиши ҳам шунга боғлиқ.  Амални холис Аллоҳ учунгина қилган кимсадан у қабул бўлиши маълум. Аллоҳ буюрган амалларни бажариб, уларни бошқалар кўриши билан хурсанд бўлган, ёки бошқаларга кўрсатиб, эшиттириб ёхуд шунга ўхшаш нохолис йўллар билан қилинган ишлар қабул бўлмайди.  Сен амал қилганингда, ҳар қандай фарз, вожиб, суннат ва мустаҳаб амалларни бажараётганингда шуни яхши англаб етгинки, бу сенинг бандалик – қуллик вазифангдир. Бунга эваз ва бадал талаб қилма. Балки ўшандай яхши амал қилишга сени муяссар қилган зот Аллоҳ таолога янада зиёда шукроналар айтиб холис амалда давом эт. Қилган ҳар бир яхши амалларингни унут, уни инсонлар кўришидан ёки улар эшитиб билишидан шодланма… “Яхши амал қилувчи солиҳ инсонларданман”, деб ичингдан мағрурланма. Сен қулсан ва шундай амалларни қилишинг лозим эканини ҳаргиз унутма. Ҳали бу амалларинг Аллоҳ наздида қабул бўлдими ёки йўқми, билмайсанку ахир! Шунинг учун, бу амалларингни қалбинда жуда оз ва кичик сана ва қилганингни эслаб ҳам ўтирмасдан янада кўпроқ амал қилишга урин. Зеро ўзинг унутиб ёки бажариб сўнг жуда паст санаган амалларинг қабул бўлувчироқдир. Чунки сен уларни Аллоҳ учун холис қилгансан. Холис бўлмаганда уларни эслаб юрардинг. 
Қилган яхши амалингни Аллоҳ учун қилдинг. У зотнинг ўзига топшир. Зеро солиҳ амаллар У зотга кўтарилади. Сен бу дунё ҳаётида фақатгина яхши амаллар қилишга ва бу билан Раббингга муқарраб бўлишга интил. Чунки бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тутган йўлларидир. Яхши амал қилишга буюрилган бир банда эканингни эсласанг – амал қилиш вазифанг эканини англаб қилган яхши амалларингни унутасан. Сенга шунча фазлу карам кўрсатаётган буюк зот – Аллоҳ таоло учун амал қилаётганингни эсласанг – бунчалик чексиз неъматлар қаршисида ўзинг қилган амалларни паст ва кам санаб, янада амалга шошасан. Шундай холис амалларгина У зот ҳузурида мақбулдир. Аллоҳ ҳидоят ва тавфиқни барчамизга ҳамроҳ қилсин!
 
 
Мир Араб мадрасаси кутубхоначиси

 

Улуғбек Жиянов

 

 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:00
Куёш: 06:54
Пешин: 13:10
Аср: 16:40
Шом: 18:20
Хуфтон: 19:40
Тўлиқ тақвим »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram