Дин толиби учун муҳим насиҳатлар
24 декабр 2015 й.
1062 марта ўқилди.

 

 Дин толиби учун муҳим насиҳатлар

Толиб қайси мартабага етиб борса ҳам, тараққиётдан тўхтамаслиги керак. Янада кўпроқ Аллоҳга яқинлашишга ҳаракат қилиб, тўхтаб  қолмаслиги керак.
Мавлоно Румий айтадилар:
Эй биродар бениҳоят даргаҳест.
              Ҳар чи бар вай мерасий бар вай майест.
    
Эй биродар бу бениҳоя даргоҳдур.
            Қайси жойга етиб борсанг ҳам тўхтама.
Яна ёдда тутиш лозимки, ҳеч ким ўзини барча илмлардан воқиф деб ўйламаслиги керак. Худони хос бандаларини айблаб, ўзини илми йўқлиги сабабидан тилини узайтириб, улар зиндиқ бўлган экан, бидъатчи бўлган экан деб айтмаслиги лозим. Бу жуда катта хатодир. Ҳақ таоло айтадики:
Улар ўзлари илмини билмаган нарсани, уларга унинг таъвийли етмай туриб, ёлғонга чиқардилар”. (Юнус 39-оят)
Ким бир гапни тушунмаса, уни ёлғонга чиқариш жаҳолатнинг аломатидир. Яна Қуръони Каримда:
У (Қуръондан) ҳидоят топишмагач, бу қадимги уйдирмадир, дерлар”. (Аҳқоф 11-оят)
Худди шундай Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг илмлари баъзиси омлару хосларнинг ҳаммасига ом эди. Масалан амр ва наҳйларнинг илми, фалон ишни қилинглар, фалон ишни қилманглар деганга ўхшаш. Шунингдек, баъзи илмлар хослар учун хос эди. Масалан, соҳиби сир Хузайфа Ямоний розияллоҳу анҳуга хос таълим бўлган. Али розияллоҳу анҳу: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга илмнинг етмишта бобини таълим бердилар. Мендан бошқа бировга айтмаганлар”, деганлар. Баъзи илмларни ҳатто хосларга ҳам айтмаганлар. У илм росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига хос эди. Махлуқдан бирортасининг у илмдан хабари  йўқ эди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга қасамки, агар сизлар мен билган нарсаларни билганларингда, кам кулиб кўп йиғлаган бўлар эдиларинг.  Ҳеч қачон тўшакларда ўзларингни аёлларингдан лаззат ҳосил қила олмас эдиларинг. Чангалзорларга ва тоғларга чиқиб кетар эдиларинг. Фарёд қилиб,  кошки мен дарахт бўлсаму кесилиб кетсам дер эдиларинг”, деганлар. 
Хуллас илмнинг ўзида шунча турли хил мартабалар бор экан. Шундай бўлгандан кейин бир одам ўзини ҳамма илмлардан воқиф деб айтиши ярашмайди. Чунки илмнинг интиҳоси йўқ. Ҳар илм эгасидан юқорида ундан ҳам олимроқ шахс бор экани шубҳасиздир. Шунинг учун ҳар суҳбатда гапирувчи эшитувчини риоя қилиши лозимдир. Эшитувчини тушунчасидан юқори бўлган гапни гапирмаслик керак. Худди шундай эшитувчига ҳам, гапириб турган одамни хатокор деб ҳукм чиқаришга шошилмаслик керак. Балки яхши гумон қилиб, мени фаҳмим ноқис бўлса керак, унинг ҳақиқий мақсадини тушунмаган бўлсам керак деб ўйлашлиги лозимдир. Валлоҳу аълам.
 
Камолиддин Нўъмонов
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:25
Куёш: 05:08
Пешин: 13:10
Аср: 18:30
Шом: 20:20
Хуфтон: 21:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram