Комил шайхни излаш
29 январ 2016 й.
1009 марта ўқилди.

 Комил шайхни излаш

          Албатта мурид бўлмоқчи бўлган киши комил шайхни излашда мукаммал ҳаракат қилиши лозим. Топган кишиси шайх бўлишга лойиқми ёки йўқми яхшилаб синаб кўрсин. Чунки жуда кўп толиблар бу йўлда дини бузуқ  кишиларга эргашиб, ҳалоку барбод бўлганлар. Агар гапнинг ростини сўрасангиз, аксар барбодликлар фақат комил шайхни  мукаммал изламаслик  сабабли бўлади. Ҳақ таоло Иброҳим сурасида айтади: 
 

وقال الشيطان لما قضي الأمر إن الله وعدكم وعد الحق ووعدتكم فأخلفتكم وما كان لي عليكم من سلطان إلا أن دعوتكم فاستجبتم لي فلا تلوموني ولوموا أنفسكم ما أنا بمصرخكم وما أنتم بمصرخي إني كفرت بما أشركتموني من قبل إن الظالمين لهم عذاب أليم        

(Жаннати жаннатга, дўзахи дўзахга киргач,  шайтон шундай деб қичқиради): “(Эй одамлар!) Аллоҳ таоло сизларга (яхши иш қилсанг жаннатга кирасан, пайғамбарларни айтганини қилмасанг жаҳаннамга кирасан деб) ҳақ ваъда қилган эди  ва мен ҳам сизларга (шариъат кишанидан озод юрсанг, маза қилиб яшайсан, ҳашр ва ҳисобу китобни ўйлаб юраверсанг камбағал бўласан, хор бўласан деб) ваъда қилган эдим, бас сизларга берган ваъдамга хилоф қилдим (ваҳоланки, мен ўзимнинг ваъдамнинг ростлигига сизларга  бирорта рост далил келтирганим ҳам, ўзимга эргашишга сизларни мажбур қилганим ҳам йўқ эди. Бас сизлар менинг ёлғон чақириғимни қабул қилдиларинг. Ўзларинг хоҳлаб, розилик ва рағбат билан менга эргашдиларинг. Бугун шунинг натижасини кўрмоқдасизлар). Бас мени маломат қилманглар, ўзларингни маломат қилинглар. (Иброҳим-22
 
Бундан маълум бўладики, жуда кўп одамлар эргашишга лойиқ бўлган шайхни излашда нуқсонга йўл қўйгани туфайли йўл топишда адашиб, инсон суратидаги шайтон орқасидан тушиб қолади. Қиёмат куни шунинг надоматини чекишга тўғри келади. У вақтдаги надоматдан паришонлик ва афсусдан манфаат бўлмайди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Бирор кишининг қалбий ҳолат ва ақийдасидан тўла воқиф бўлмагунингизча унинг зоҳирий исломи сизларни хурсанд қилмасин”.  Бундан маълум бўладики кишининг ҳақлиги унинг ақийдасининг ислоҳига боғлиқ экан. Аллоҳ таоло наздида қалбнинг яхши ёки ёмон ҳолати эътиборга олинади. Кимники дили ифлос бўлса, унинг ибодат ва мужоҳадасининг зоҳирий ҳолатлари ҳар қанча зўр бўлса ҳам Аллоҳ таолонинг наздида эътибори йўқ. Бундай одамга эргашиб йўл топишни умид ҳам қилмаслик керак
.
Ёдда тутинг! Жумла пайғамбарларга умуман, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга эса хусусан, итоат қилиш фарздир. Жумла пайғамбарлар усули динда яъни, Аллоҳ таолони таниш, У зотнинг сифатлари, пайғамбарлар, фаришталар, охират ишлари ва бошқа шу каби масалаларда уларнинг гаплари бир хилдир. Зарра баробар ҳам бу ишларни ўртасида ихтилоф йўқ. Насх эса фақат ҳукмлар ва амалларда бўлган холос. Шариати Муҳаммадия ўтган пайғамбарларнинг шариатларини мансух қилган. Масалан аввалги шариатда эллик вақт намоз фарз эди. Шариати Муҳаммадияда беш вақт фарз бўлди. Ақидада эса насх бўлган эмас. Чунки ақида ҳаммалариники биттадир. Ким усулда хато қилган бўлса у мубтадиъ ва гумроҳ бўлади. Бу гумроҳликдан нажот топиш учун китобу суннат ва ижмоъи умматга эргашмасдан бошқа иложи йўқ. Бас қайси шайхнинг мазҳаби шундай бўлса ва китобу суннат ва ижмои умматга мувофиқ ақидада бўлса, шу билан бирга тариқат ва ҳақиқат илмларига ҳам моҳир бўлса бешак шайх бўлишга лойиқдир. Янги толиб унинг ҳаққонияти ва моҳирлигини унинг муридларини ҳолатига қараб билиб олиши мумкин. Шу замоннинг солиҳлари ва диндор одамларидан унинг муридларининг динини пухталиги ва шариатга эргашишида аҳволи қандайлигини сўрашлиги лозимдир.
 
Бас агар ўша вақтнинг уламолари унга эътироз қилмасалар балки баъзи аҳли илм ва ақлли солиҳ одамлар бундан файз ҳам ҳосил қилган бўлсалар. Шунингдек унга диний муҳаббатлари бўлса, тариқат ва ҳақиқатда унга ишонсалар. Бас билинки, дарҳақиқат у ҳақ йўлга моҳирдир.  Агар унга байъат қилсангиз чин дилдан унга итоат қилинг. “Тавҳийди матлаб” билан бирга унга итоат қилишни ўзингизга лозим тутиб олинг.  
 
Камолиддин Нўъмонов
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:25
Куёш: 05:08
Пешин: 13:10
Аср: 18:30
Шом: 20:20
Хуфтон: 21:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram