Солик учун шайхнинг зарурлиги ва тариқат шайхининг шартлари
22 январ 2016 й.
1046 марта ўқилди.

 Солик учун шайхнинг зарурлиги ва

тариқат шайхининг шартлари
 
 
           Билиш лозимки, солик учун тариқат йўлини босиб ўтишида унга йўлдош бўладиган ва  йўлнинг пасту баландидан хабардор қиладиган комил бир шайхнинг бўлиши ниҳоятда зарурдир. Чунончи Ҳақ таоло марҳамат қилади:  

يَاأَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَابْتَغُوا إِلَيْهِ الْوَسِيلَةَ

“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва Унга  васийла изланглар”. (Моида-35)
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

أصحابي كالنجوم بأيهم اقتديتم اهتديتم

“Менинг саҳобаларим юлдузлар кабидир. Уларнинг қайси бирига эргашсангиз тўғри йўл топасиз”. 
 
Бу гапдан йўл топиш ҳамда манзилу мақсадгача етиб бориш учун Ҳақнинг аҳли бўлган  бирор кишига эргашиш зарур экани маълум бўлади.  Имом Ғаззолий “Иҳёу улумид дин”да Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар:

إن الشيخ في جماعته كانبي في أمت

“Шайх ўз жамоатида умматнинг ичидаги набий кабидир”.
Бунинг маъноси шуки, комил шайх ноиб бўлиб  нубувват хизматини бажаради. Ўз жамоатига ҳақ йўлни кўрсатади ва уларни гумроҳликдан огоҳлантириб туради. Шундай қилиб шайх ҳам, анбиёларга ўхшаб инсонларнинг нажот топишига васила ва сабаб бўлади. Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ яна айтадиларки,  шайхнинг бу буюклиги унинг семизлиги, қуввати ва ёки молдорлиги сабабидан эмас, балки ақлу  фаросати  ҳамда  нажот йўлида тажрибали бўлгани сабабидандир. Шунинг учун насаби олийларгина эмас балки қанчадан қанча ғариб ва дунёлик ҳеч вақоси йўқлар ва одамлар уларга ҳақорат кўзи билан қарайдиган оддий ҳунармандлар ҳам буюк шайхлар бўлиб етишганлар. Демак шайхнинг сурати қандай бўлиши, қайси зот ёки қайси қавмдан бўлишидан қатъи назар ўзи ҳақ йўлда юрувчи ҳамда йўлдаги хатарлар ва мусибатлардан огоҳ бўлган киши бўлсин. Шунда у ўз муридларини фойдаю зарардан хабардор қилиш билан бирга уларга тариқатнинг ўлчови Қуръону Суннат ва ижмои уммат эканини исботлаб бера олади. Мана шу меъёрга тушиб, қоим ва собит бўлган тариқат  мақбул, акс ҳолда эса мардуддир. Шундай шайхга байъат қилишгина эмас, у билан ҳатто суҳбат қуриш ҳам улкан бир неъматдир. У киши ҳадисда зикр қилинган яхши суҳбатдошдан кам эмас. Чунончи Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Солиҳ суҳбатдошнинг мисоли атирфурушга ўхшайди, атиридан бермаса ҳам унинг хушбўй ҳидидан одам баҳраманд бўлади. Ёмон суҳбатдош гўё темирчининг босқонига ўхшайди, унинг ўти кийимни куйдирмаса ҳам унинг бадбўй ҳиди димоғни паришон қилади”.
 
 
Камолиддин Нўъмонов
 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:25
Куёш: 05:08
Пешин: 13:10
Аср: 18:30
Шом: 20:20
Хуфтон: 21:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram