Тариқат мақомлари
12 июн 2015 й.
1180 марта ўқилди.

 Тариқат мақомлари

 

Тариқатда кўп мақом ва манзиллар бор. Ҳар бир мақомнинг ибтидо (бошланиш) ва ниҳояси (тугаши) бор. Ибтидони дуруст қилмасдан ниҳояга етиб бориш амри маҳолдир. Чунончи, Жунайд роҳматуллоҳи алайҳ: “Киши  бошланишни дуруст қилмасдан ниҳояга етиб бора олмайди”, дейдилар. Баъзи сўфийлар: “Вусул (Аллоҳга етиб бориш), яъни ҳақиқат ва маърифат - тариқат усулларини хароб қилишдан  зое бўлади”, деб ёзганлар. Абу Сулаймон Дороний ҳам шу фикрни айтганлар. Шундай экан кишига йўл очилиши ва унга вусул (Худога етиб бориш) ҳосил бўлиши учун у усул (пойдевор) ва бидоятни зийнатлаши лозим. Жунайд роҳматуллоҳи алайҳ айтишларига  кўра,  тариқатнинг усули (пойдевори) бештадир:
 
1. Кундузи  рўза тутиш.
2. Тунда қиём қилиш (ибодатда бедор бўлиш).
3. Ҳар амалда ихлосли бўлиш.
4. Амалларда тартибга риоя қилиш.
5. Ҳар бир ҳолатда Аллоҳга таваккул қилиш ва унга суяниш.
 
Саҳл Тустарий роҳматуллоҳи алайҳга кўра тариқат усули еттитадир:
1. Аллоҳ китобини маҳкам ушлаш.
2. Суннати набавийга эргашиш.
3. Ҳалол таом ейиш. 
4. Махлуқларга озор беришдан сақланиш.
5. Гуноҳлардан сақланиш.
6. Тавба қилиш.
7. Барча ҳақларни адо этиш.
 

Илмнинг зарурлиги

 
Маълумки сўфийларнинг илмлари ҳолатлар ва кайфиятлардан иборатдир. Ҳолат ва кайфиятлар эса амалларнинг самараси ва натижасидир. Амаллар дуруст бўлмагач, гўзал ҳоллар қандай қилиб пайдо бўлсин?. Шунинг учун сўфилар: “Ким вуруд ва вазифалардан маҳрум бўлса, воридот ва ҳолотдан ҳам бебаҳра бўлади”,  деб айтганлар. Абу Сулаймон Дороний: “Қайси амалдан дунёда қалб ҳузурланиши ва хузуъ пайдо бўлмаса, охиратда ҳам у амал фойда қилмайди”, дейдилар. Амалнинг дуруст бўлиши учун эса илм зарурийдир. Хусусан, фиқҳ илмини ўрганиб, намоз, рўза ва бошқа ибодатларда фарзу вожиб, суннату мустаҳабларни,  муомалотдаги (молиявий ишлардаги) ҳалолу ҳаром ва макруҳларни  билиб олиш лозим. Хуллас, солик (тариқатда юрувчи) ақидасини тўғрилаб олгандан сўнг биринчи ўринда иложи борича фиқҳий масалаларни ўзлаштириши керак. Чунончи баъзи сўфилар: “Илмсиз амал касал ва бемордир. Илм амалсиз бўлса, бекордир. Илм амал билан бирга бўлса, сироти мустақим ва мустаҳкам йўлдир”. дейдилар. 
 
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илм талаб қилиш ҳар муслим ва муслимага фарздир”, дея марҳамат қилганлар. Яна бир ривоятда: “Чин мамлакатида бўлса ҳам илм талаб қилинглар”, дейилган. Бу илмдан аниқки, ақоид ва иймонни дуруст қиладиган  ҳамда амалларни ислоҳ этадиган илм назарда тутилган. Иймон келтириш билан қалбга вожиб бўлган вазифа бажарилади. Ибодат қилиш билан эса аъзоларга вожиб бўлган вазифалар адо этилади. Ҳадисда зикр этилган илмдан шариъатга хилоф бўлган, вақтларни зое қиладиган ҳамда охиратда кишини шарманда ва расво қиладиган илм мурод эмасдир. Барча ҳаққоний илмларнинг асли ва пойдевори Қуръони Каримдир. Қуръони карим эътиқод, иймон, тавҳид, маърифат, ибодат ва  ҳолатларнинг барчасига  имом ва пешводир. Чунончи Ҳақ таоло: “Биз сенга ваҳй қилган китоб ҳақдир ҳамда ўзидан олдинги нарсани тасдиқ этувчидир” (“Фотир”31-оят) дея марҳамат қилган. 
 
Яна бошқа оятда: “Сизларга Роббингиздан туширилган нарсага эргашинглар”, (“Аъроф” 3-оят) дейилади.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен сизларга икки нарсани қолдириб кетяпман. Агар уни маҳкам ушласангиз, ҳаргиз гумроҳ бўлмайсиз. Бири, Қуръон, иккинчиси, суннатимдир”, дедилар.
 
 
Камолиддин Усмон
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:05
Куёш: 06:54
Пешин: 13:10
Аср: 16:40
Шом: 18:20
Хуфтон: 19:40
Тўлиқ тақвим »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram