Тариқат йўли
01 июн 2015 й.
1009 марта ўқилди.

 

Тариқат сулуки
 
Тариқат сулукидан мурод  ахлоқни поклашдир. Яъни бахиллик, ҳасад, риё, кибр, ўзини кўрсатиш каби барча ёмон хулқларни тарк этиб, саховат, ихлос, тавозуъ, яъни ўзини паст олиш ва ожизлик каби барча гўзал хулқларни ҳосил қилишдир. Шундай қилган кишида вусул илалллоҳ (Аллоҳга етишиш) учун истеъдод ва лаёқат пайдо бўлади. Баъзи сўфийлар тариқатни, Аллоҳ таолога олиб борадиган  мақом ва манзилларни босиб ўтишдир, дея таърифлайдилар. Унинг биринчи дарвозаси шариъатдир. Хулоса шуки, шариъатга тобеъ бўлиб, Аллоҳ таолонинг ибодатига берилиш ва истиқоматда (мустаҳкам) туриб  Аллоҳ розилигини излаб юриш тариқат, дейилади.
 
Тариқат  ибтидоси
 
Шаръий рухсат ва енгилликларни тарк қилиб, мустаҳаб ва гўзал амалларни ўз зиммасига лозим қилиб олиш тариқатнинг ибтидоси, яъни   бошланишидир. Масалан, шариъат нафл намозларни узрсиз бўлатуриб ўтириб ўқишга рухсат берган. Лекин тик туриб ўқиш мустаҳабир. Бас,  тариқат аҳли мана шу аъло ва афзал суратни ихтиёр қилиши лозим.
 
Тариқат интиҳоси
 
Жунайд Боғдодий роҳматуллоҳи алайҳ: “Бидоят (бошланиш)га қайтиш тариқатнинг ниҳоясидир”, дейдилар. Баъзилар  Жунайд Боғдодийнинг сўзини мана бундай шарҳлайдилар: “Бидоятдан мурод Ҳақ таолодир. Чунки, У барча  нарсанинг масдари, мубтадоси, маржеъси ҳамда мунтаҳосидир. Чунончи, Қуръони каримда:  اليه يرجع الامر كله “ Барча ишлар фақат Унга қайтарилади”(“Ҳуд”,123-оят)  яна бир оятда: اليه ترجعون “ Унгагина қайтарилурсизлар” (“Ёсин”, 83-оят),  яна бошқа оятда: الي ربك منتهاها  "Эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) унинг мунтаҳоси (бориб тақалиши) фақат сенинг Раббинггадир”, (“Назиъат”,44-оят) дейилади.
 
Бас, солик бутун вужуди билан ўз бидоятига яъни, Аллоҳ таолога қайтса, тариқатнинг охирига етиб борган бўлади. 
“Бидоят (бошланиш)га қайтиш тариқатнинг ниҳоясидир” деган гапнинг яна бир маъноси шуки, қачон мурид ўз бидояти, яъни бошланишига қайтса, тариқатнинг охирига етиб борган бўлади. Ҳақ таоло инсонни она қорнида яратиб, унга сурат ҳамда руҳ ато қилди. Она қорнида инсон учун Аллоҳ таолодан бошқа бирор ҳимоячи ва мураббий бўлмаган. У онасининг қорнида фақирлик, муҳтожлик, ожизлик ва заифлик билан  Худога суянган ҳолда эди. Тавозуъ, яъни камтарлик билан сифатланган, ҳасад, гина ва кибр каби ёмон сифатлардан буткул пок ва барча айблардан холи эди. Ҳатто ўзининг бор ёки йўқлигидан  ҳам бехабар  эди. Агар  мурид дунёга келиб, улғайганидан кейинги ҳолатини ибтидоий ҳолатга қайтарса, яъни онасининг қорнида бўлгани каби ёмон хулқлардан тозаланиб, гўзал ахлоқ билан  безаниб олса, тариқатнинг ниҳоясига етиб борган ҳисобланади. Мана шу ҳолат сўфийнинг камолидир. Бу мартабага етиб борган кишида комил бандалик ҳамда нафс нопокликларидан озодлик ҳосил бўлади. 
 
Камолиддин Усмон
 

 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:00
Куёш: 07:54
Пешин: 13:10
Аср: 15:50
Шом: 17:30
Хуфтон: 18:50
Тўлиқ тақвим »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram