Ироқ тафсир мактаби
22 апрел 2015 й.
685 марта ўқилди.

 Ироқ тафсир мактаби

Ироқнинг Куфа шаҳрида бир неча саҳобалар истиқомат қилиб, одамларга Қурьон ва ҳадисдан таьлим бераётган бўлсаларда, Абдуллоҳ ибн Масьуд розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига жам бўлиб илм ўрганувчилар беҳисоб эди. Чунки Абдуллоҳ ибн Масьуд розияллоҳу анҳунинг ҳурмат ва шуҳратлари юқори эди. 
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Куфага Аммор ибн Ёсирни волий қилиб юборганларида, у киши билан бирга Абдуллоҳ ибн Масьуд розияллоҳу анҳуни муаллим ва вазир қилиб юборган эдилар. Халифа юборган муаллимдан Куфа аҳли илм ўрганар ва бундан фахрланар эдилар. 
Ироқ тафсир мактабининг Макка ва Мадина тафсир мактабларидан ажралиб турадиган жиҳати шуки, Қурьон каримни тафсир қилишда Абдуллоҳ ибн Масьуд розияллоҳу анҳунинг Қурьон ва ҳадисдан ташқари ижтиҳод ва раьй билан ҳам тафсир қилишга, хусусан уламолар орасида ихтилофли бўлган масалаларни ижтиҳод ёрдамида ҳал қилиб беришга уринган эдилар. Шунинг учун уламолар: “Ибн Масьуд ихтилофли масалаларда ижтиҳод ва раьй билан ҳукм қилиш йўлига асос солган, кейинчалик бу йўл Ироқ уламолари ўртасида оммалашиб кетган” – дейдилар. Шубҳа йўқки, ихтилофли масалаларда ижтиҳод ва раьй билан ҳукм қилинадиган бундай йўл кейинчалик тафсирга ҳам ўз таьсирини ўтказди, натижада ижтиҳод ва раьй билан тафсир қилиш ҳам кучайиб кетди. 
Ироқлик тобеинлар орасидан ҳам жуда кўп машҳур муфассирлар чиққанлар. Улардан Алқама ибн Қайс, Масруқ, Ал-Асвад ибн Язид, Мурра Ал-Ҳамадоний, Омир Аш-Шаьбий, Ал-Ҳасан  Ал-Басрий, Қатода ибн Диьома Ас-Судусийлар энг машҳурлари саналадилар. 
Алқама ибн Қайснинг таржимаи ҳоли
Унинг тўлиқ исми Алқама ибн Қайс ибн Абдуллоҳ ибн Молик Ан-Нахаьий Ал-Куфий бўлиб, Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик даврларида тиғилган. Алқама Ҳазрат Умар розияллоҳу аҳну, Усмон розияллоҳу аҳну, Алий розияллоҳу аҳну, Ибн Масьуд розияллоҳу аҳнунинг энг машҳур ва билимдон шогирларидан саналади. Алқама билан ҳам замон бўлган барча олимлар унинг ҳақига яхши фикрлар билдирганлар.
Усмон ибн Саид айтади: “Мен ибн Муьиндан:
Сенга Алқама яхшироқми ёки Убайда?” – деб сўрадим. У икковидан бирини ҳам афзал демади. Мен:
Иккови ҳам ишончли ровий, бироқ Алқама Абдуллоҳнинг шогирдлари орасида олимроқ” – дедим. 
Абул- Мусанно айтади: “Агар сен Алқамани кўрган бўлсанг, Абдуллоҳни кўрмаганинг зарар қилмайди. Чунки Алқама қиёфада ҳам, илмда ҳам Масьднинг ўзгинасидир”. 
Абдураҳмон ибн Язид айтади: “Абдуллоҳ шундай эьтироф қиларди: “Мен нимани ўқисам ва нимани билсам Алқама ҳам шуни ўқийди ва билади”.
Алқама олти саҳиҳ муаллифлари ҳузурида тан олинган ровийдир. 
Абу Наьимнинг айтишича, Алқама ҳижрий сананинг олтмиш биринчи йилида тўқсон ёшида вофот этган.
Масруқнинг таржимаи ҳоли
Унинг тўлиқ исми Абу Оиша Масруқ ибн Умайя Ал-Ҳамадоний Ал-Куфий Ал-Обиддир. Ҳазрат Умар розияллоҳу аҳну бир куни Масруқдан: “Исминг нима?” – деб сўрадилар. У: “Масруқ ибн Ал-Ажда`” – деб жавоб берди. Ҳазрат Умар розияллоҳу аҳну унга: “Ал-Ажда` Шайтондир. Сенинг исминг бугундан бошлаб Масруқ ибн Абдирроҳман бўлсин!”. – дедилар. 
Масруқ тўрт халифадан, Ибн Масьуд, Убай ибн Каьб ва бошқалардан ривоят қилган. Ибн Масьуд розияллоҳу аҳнунинг шогирдлари орасида энг билимдони бўлиб, тақвоси чуқур илми ва адолати билан ажралиб туради. Масруқнинг бемисл истеьдод соҳиби эканлиги ҳамзамон уламолар томонидан эьтироф этилган. Молик ибн Мағул айтади: 
“Мен Абу Ас-Сафарнинг бур неча марта:
Ҳамадонлик бирор аёл Масруқдек болани туғолмаса керак” – деб такрорлаганини эшитдим”. 
Масруқнинг ўзи эьтироф этишича, у пайғамбаримиз Муҳаммад  соллоллоҳу алайҳи васалламнинг кўплаб саҳобалари билан суҳбат қурган. Уларнинг манба (илм хазинаси) эканлигини тан олган. Аммо манбаларнинг қувватлари ҳар хил бўлиб, баьзилари икки одамга, баьзилари ўн, баьзилари юзлаб одамларга ривоят қиладиган ровийлар, яна баьзилари эса, ер юзидаги ҳамма одам келса ҳам уларга кифия қилгувчи эдилар”.
 Устози ибн Масьуд розияллоҳу аҳнунинг ҳақларида шундай дейди: 
“Мен Ибн Масьуд розияллоҳу аҳнудан тафсир соҳасида кўп илм олдим. Устозимиз бизга аввал Қурьон сураларидан қироат қилиб берардилар. Кейин унинг маьноларини тушунтириб, тафсир қилиб берардилар”.
Масруқнинг яна шундай забардаст саҳобий олимларга ва айниқса Ибн Масьуд розияллоҳу анҳудек устозга шогирд бўлиши Аллоҳнинг каломи маьноларини чуқур билиш ва уни тафсир қилишда пешволик мартабасини топишига сабаб бўлди. Масруқнинг эьтиқоди кучлилиги ҳақида Абу Исҳоқ шундай ривоят қилган: “Масруқ ҳажга борганда ётиб ухлашдан воз кечган, ухласа ҳам саждага бош қо`йиб ухларди. У ҳижрий сананинг олтмиш учинчи йилида вафот этган”.
Азизхўжа Иноятов
Хўжа Таббанд жомеь масжиди имом хатиби

 

«орқага