Абу Али Фузайл ибн Иёз
09 декабр 2014 й.
746 марта ўқилди.

Абу Али Фузайл ибн Иёз
 

У киши Марв томондан, хуросонийдирлар. Бир ривоятда Самарқандда туғилиб, Абайвардда вояга етганлар, дейилади. Бир юз саксон еттинчи сана, муҳаррам ойида Маккада вафот этганлар.
Фазл ибн Мусо айтадилар: “Фузайл қароқчи бўлганлар. Абайвард ва Сарахс ўртасида йўлтўсарлик қилганлар. Тавбаларининг сабаби жориянинг ишқи бўлган. Бир кун жорияга қарашли деворга чиққан пайтларида бир кишининг: “Иймон келтирган зотлар учун диллари Аллоҳнинг зик¬рига ва нозил бўлган ҳақ — Қуръонга мойил бўлиш (вақти) келмадими?” , тиловат қилаётганини эшитиб қолдилар ва: “Эй Раб, дарҳақиқат келди”, дедилар.
Сўнг ортларига қайтдилар. Тун қоронғусида бир харобаликдан бошпана топдилар. У жойда ҳамсафар кишилар бор эди. Улардан бири: “Бу ердан кетамизми?”, деганди, ҳаммалари: “Йўқ, тонг отгунча кетмаймиз. Чунки Фузайл йўлимизни тўсиб қароқчилик қилади”, дейишди. Шунда Фузайл тавба қилдилар ва уларга омонлик бердилар. Кейин вафот этгунларича Маккада яшадилар.
Фузайл ибн Ийёз айтадилар: “Аллоҳ бир бандани яхши кўрса унинг ғамини кўпайтиради. Агар бир бандани ёмон кўрса унга дунёни кенг қилиб қўяди”.
Ибн Муборак айтадилар: “Фузайл вафот этганларида ҳузн кўтарилди”.
Фузайл: “Агар дунё бор бўйи билан менга таклиф этилганида ва у билан ҳисоб бермаганимда ҳам, бирингиз ҳидланган ўлимтик ёнидан ўтиб қолганда қанчали нафратланса, мен ундан шунчали нафратланардим”, дедилар.
Фузайл айтадилар: “Менга риёкорман деб қасам ичишим, риёкормасман деб қасам ичишимдан маҳбуброқдир”.
Фузайл айтадилар: “Одамлар туфайли амални тарк этиш риё ва улар сабаб амал қилиш ширкдир”.
Абу Али Розий айтадилар: “Фузайл билан ўттиз йил ҳамроҳ бўлдим. Кулганини ҳам, табассум этганини ҳам кўрмадим. Илло ўғиллари Али вафот этган куни бундай бўлмади. Бунинг сабабини сўрагандим: “Аллоҳ бир ишни севди, шундан мен ҳам уни севдим!”, дедилар.
Фузайл айтадилар: “Мен Аллоҳга осий бўлганимни эшагим ва хизматкоримнинг хулқидан билиб оламан”.

Тўймурод Сайлиев
 

«орқага