Маъруф Кархий
03 январ 2015 й.
622 марта ўқилди.

 Абу Маҳфуз Маъруф ибн Феруз Кархий

     Дуолари мустажоб улуғ машойихлардан бўлганлар. Қабрлари доим зиёрат қилинади. Бағдодликлар: “Маъруфнинг қабри тажрибадан ўтган тирёқдир ”, дейишади.
У киши Али ибн Мусо Ризо розияллоҳу анҳунинг дўстларидан эди. Икки юзинчи санада вафот этганлар. Бир қавлда икки юз биринчи йилда дейилган. Сиррий Сақатийнинг устозлари эдилар. Бир кун Сиррийга: “Агар сенда Аллоҳга ҳожат бўлса, Унга менинг номим билан қасам ич” , деганлар.
      Устоз Абу Али Даққоқ раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Маъруф Кархийнинг ота-оналари насроний бўлишган. Маъруфни кичиклигидаёқ бир тарбиячига беришади. Мураббий унга: “У учтанинг учинчисидир”, дегин”, деб ўргатади. Кичик Маъруф: “Йўқ, У биттадир”, дейди. Мураббий бир кун уни шафқатсизларча уради. Шунда Маъруф қочиб кетади. Ота-онаси: “Қанийди, хоҳлаган динига кириб бўлса ҳам қайтганда, рози бўлардик”, дейишарди. 
Маъруф Али ибн Мусо Ризо қўлларида мусулмон бўладилар ва уйларига қайтиб, эшикни қоқдилар. “Ким у?”, дейишди. 
- Маъруфман.
- Қандай динда келдинг?
- Ҳанифийлик динида.
Буни эшитиб ота-оналари мусулмон бўлишди”.
      Маъруф айтадилар: “Менга Довуд Тоийнинг асҳобларидан  бир киши деди: “Амални тарк этишдан эҳтиёт бўл. Чунки Мавлоинг розилигига яқинлаштирувчи нарса шудир”. Мен: “У қандай амал бўлди?”, десам, жавоб қилди: “Роббинга доимий тоат, мусулмонлар хизмати ва уларга насиҳатдир!”.
       Муҳаммад ибн Ҳусайн оталаридан эшитиб шундай дейдилар: “Маъруф Кархийни вафотидан кейин тушимда кўрдим ва у кишига: “Роббингиз сизга нима қилди?”, дедим. “Мени кечирди”, дедилар. Мен: “Зуҳдингиз ва парҳезкорлигингиз учунми?”, деб сўрадим. У киши: “Йўқ, Ибн Симокнинг мавъизасини қабул қилганим, доимий фақрликда бўлганим ва фақирларга муҳаббатим сабабли”, дея жавоб қилдилар.
       Маъруф айтишларича, Ибн Симок мавъизаси шундай бўлганди: “Бир кун Кўфада юриб кетаётгандим. Ибн Симок деб аталадиган киши одамларга ваъз қилиб турган жойда тўхтадим. У мавъизаси асносида шундай деди: “Ким Аллоҳдан батамом юз ўгирса, Аллоҳ ҳам ундан бутунлай юз ўгиради. Ким Аллоҳ сари қалби билан юзланса, Аллоҳ ҳам унга раҳмати билан юзланади ва халқнинг барчасининг юзини унга юзлантиради. Ким бир марта ундай, бир марта бундай бўлса, Аллоҳ ҳам унга қачонлардир раҳм қилади”.
У кишининг гапи қалбимга қаттиқ таъсир қилди. Шунда Аллоҳга юзландим ва ўзимда мавжуд ҳамма нарсани тарк этдим. Илло мавлойим Али ибн Мусо Ризонинг хизматлари бундан истисно бўлди. Бу гапни мавлойимга зикр қилгандим, у киши: “Агар ваъз-насиҳатланмоқчи бўлсанг, ваъзга ушбу етарлидир”, дедилар.
      Маъруфга ўлим тўшагида ётганларида: “Васият қилинг”, дейишди. У киши шундай васият этди: “Вафот этсам кийимимни садақа қилинглар. Мен дунёга яланғоч кирганимдек, ундан яланғоч чиқишни хоҳлайман!”.
      Маъруф сув сотувчининг олдидан ўтаётганларида, унинг: “Сув ичган одамга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!”, деганини эшитдилар. Шу пайтда рўза тутгандилар. Сув сотувчиниг олдига бориб сувидан ичдилар. У кишига: “Рўзадормасмидингиз?”, дейишганда, “Ҳа, лекин мен унинг дуосидан умид этдим”, дея жавоб қилдилар.
 
Тўймурод Сайлиев.
«орқага