Абу Наср Бишр ибн Ҳорис Ҳофий
21 феврал 2015 й.
1321 марта ўқилди.

 Абу Наср Бишр ибн Ҳорис Ҳофий

    Асли Марвдан бўлганлар. Бағдодда яшаб, унда вафот этганлар. Али ибн Хашрамнинг синглисининг ўғли бўлганлар. Икки юз йигирма еттинчи йил вафот этганлар. Шаънлари улуғ инсон эдилар.

    Тавбаларининг сабаби бундай бўлганди: Аллоҳ азза ва жалланинг исми ёзилган қоғозни йўлда, оёқ остида топиб оладилар. Уни ердан олиб, унинг учун бир дирҳамга мушку-анбар сотиб оладилар. У билан қоғозни ҳушбўй қиладилар ва девор ёриғига авайлаб тиқадилар. Шунда уйқудаги киши кўрадиган ҳолда бир овоз шундай деганини эшитадилар: “Эй Бишр, исмимни ҳушбўй қилдинг, энди Мен ҳам исмингни дунё ва охиратда ҳуш қиламан!”.
Устоз Абу Али Даққоқ шундай деганларини эшитганман: “Бишр одамлар олдидан ўтганларида: “Бу одам кечасининг ҳаммасида ухламайди. Оғзи фақат уч кунда бир очиқ бўлади”, дейишди. Шунда Бишр йиғладилар. Нега бундай қилганлари сўралганда: “Мен бирор тунни комил бедор ўтказганимни эслолмайман. Яна оғзим очиқ бўлмаган кечамнинг эртасига рўза тутмадим. Лекин Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзилан лутфу карам туфайли қалбларга бандаси қилганидан кўпроқни ташлади”. Шундан сўнг ишларининг боши қандай бўлганини биз зикр қилганимиздек айтиб бердилар”.
      Абдурроҳман ибн Аби Ҳотам айтадилар: “Менга Бишр ибн Ҳорис Ҳофий шундай дегани етиб келди: “Мен пайғамбар соллаллоҳуалайҳи ва салламни тушимда кўрдим. Менга: “Эй Бишр, Аллоҳ тенгдошларинг орасидан нега айнан сенинг мартабангни кўтарди, биласанми?”, дедилар. Мен: “Йўқ, ё Расулаллоҳ!”, дедим. Ул зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Менинг суннатимига эргашишинг, солиҳларга хизмат қилишинг, биродарларинга насиҳат этишинг ва асҳобим, ҳамда аҳли байтимга муҳаббатинг сабабидан У сени аброрлар даражасига етказди”, дедилар.
        Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Розий айтадилар: “Билол Хаввоснинг шундай деганларини эшитдим: “Бини Исроил даштида эдим. Бир одам мен билан баробар юра бошлади. Унинг ишидан таажжубга тушдим. Сўнг унинг Хизр алайҳис салом эканлари менга илҳом қилинди. Унга дедим: “Ҳақ ҳаққи, сиз кимсиз?”. “Биродарингиз Хизр”, дея жавоб қилдилар. У кишига дедим: “Сиздан савол сўрамоқчиман”. “Сўранг”, дедилар. “Шофеъий (1)  роҳимаҳуллоҳ ҳақларида нима дейсиз?”, дедим. “У автодлардан(2) ”, дея жавоб қилдилар. “Аҳмад ибн Ҳанбал (3) розияллоҳу анҳу ҳақларида, эса нима дейсиз?”, дедим. “У киши сиддиқлардан”, дея жавоб қилдилар. “Унда Бишр ибн Ҳорис Ҳофий ҳақларида нима дейсиз?”, дедим. “У кишидан кейин у кишичалик халқ қилинмади”, дея жавоб қилдилар”.
Устоз Абу Али Даққоқ роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Бишр Ҳофий Муъофий ибн Имроннинг уйига келдиларда, унинг эшигини қоқдилар. “Ким у?”, дейилди. У киши: “Бишр Ҳофий”, дедилар. Ҳовлининг ичидан бир қиз: “Сизга икки дониққа(4)  бир пойафзал харид қилиб берсам Ҳофий (ялангоёқ) номи кетарди (5)”, деди. 
      Бу ҳикояни бизга Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Шерозий айтиб берганди”. 
Абу Абдуллоҳ ибн Жалло айтадилар: “Зуннунни кўрдим, унинг ибораси бор эди. Саҳлни кўрдим, унда ишора бор эди. Бишр ибн Ҳорисни кўрдим, унда парҳезкорлик бор эди”. 
У кишига: “Бу зотларнинг қай бирларига мойилсиз?”, дейилганди: “Устозимиз Бишр ибн Ҳорисга”, дея жавоб қилдилар”.
      Айтишларича, Бишр узоқ йиллар ловия ейишга иштаҳа қилдилар, лекин емадилар. Вафотларидан кейин тушда кўрилганларида: “Аллоҳ сизга қанақа муомала қилди?”, деб сўралди. У киши айтди: “Мени кечирди ва: “Эй емаган киши, энди егин. Эй ичмаган киши, энди ичгин!”, деди”.
 
____________________________
 
 1. Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Идрис Шофиъий. Мазҳаб имоми, фиқҳ усули ҳақида биринчи таълиф қилган зот. Бир юз эллигинчи санада Ғазода туғилиб, икки юз тўртинчи йили, ражаб ойининг охирида жума куни вафот этганлар.
  2. Автодлар – улар ернинг тўрт томони; шарқ, ғарб, шимол ва жанубларнинг манзилларидаги тўрт кишилар бўлиб, Аллоҳ улар сабабидан шу жиҳатларни балолардан сақлайди. Чунки улар Аллоҳ назарининг ўринларидир.  
  3. Имом Абу Абдуллоҳ Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳанбал. Муҳаддислар имоми. Муснад китобини таълиф қилганлар. Мазҳаббоши. Бир юз олтмиш тўртинчи йил Бағдодда туғилиб, икки юз қирқ биринчи йили ўша ерда вафот этганлар. 
 4.  Дониқ – дирҳамнинг олтидан бири, сариқ чақа.
  5. Яъни белни синдирворадиган бу шуҳратингиз кетарди. Яъни бу обрўйингиз икки дониқчалик холос, демоқчи бу қиз. Ўзи кичик, лекин маърифати буюк бу қизнинг баракотидан Аллоҳ бизни ҳам нафлантирсин! 
 

 

«орқага