Абул Ҳасан Сиррий ибн Муғаллис Сақатий
19 январ 2015 й.
1099 марта ўқилди.

 Абул Ҳасан Сиррий ибн Муғаллис Сақатий 

   Жунайднинг тоғалари ва устозлари бўлганлар. Маъруф Кархийнинг шогирдлари, парҳезда, суннат ҳолатлари ва тавҳид илмида замонасининг ягонаси эдилар.

    Абул Аббос ибн Масруқ айтадилар: “Менга етиб келишича, Сиррий Сақатий бозорда савдо билан шуғулланганлар. У киши Маъруф Кархийнинг асҳобларидан эдилар. Бир кун Маъруф бир етим бола билан келдиларда: “Бу етимни кийинтир”, дедилар. Сиррий айтадилар: “Мен етимни бошдан оёқ кийинтирдим. Бундан Маъруф хурсанд бўлдилар ва: “Аллоҳ сенга дунёни ҳунук кўрсатиб қўйсин ва унда бўлган нарсаларингда сенга роҳат ва фароғат берсин!”, дея дуо қилдилар. Дўкондан чиққанимда менда дунёдан ҳам кўра ҳунукроқ нарса бўлмаганди. Мендаги бор нарса Маъруфнинг баракаларидан эди”.

     Жунайд айтадилар: “Сиррийдан кўра обидроқ кишини кўрмадим. Тўқсон саккизга кирибдиларки, ётган ҳолда кўрмадим. Илло ўлим тўшагидагина ётдилар”.
     Сиррийдан ҳикоя этилишича, у киши шундай дедилар: “Тасаввуф учта маънонинг номидир: Маърифат нури парҳез нурини ўчирмайди. Илмда Китоб ё Суннат зоҳирини бузадиган ботинни гапирмайди. Кароматлари Аллоҳнинг маҳорими пардаларини йиртишга мажбурламайди. 
    Сиррий икки юз эллик еттинчи ҳижрий санада вафот этганлар.
Устоз Абу Али Даққоқ Жунайддан қуйидагини ҳикоя қиладилар: Сиррий бир кун мендан муҳаббат ҳақида сўрадилар. Мен: Баьзилар: “Мувофақа”  ва бошқалари эса: “Ўздан кечиш”, дейишган. Яна бирлари эса: “Мана бундай, мана бундай”, дейишган”, дедим. Шунда   Сиррий тирсакларининг терисини ушладилар ва тортдилар. У тортилмади. Сўнг: “Олий Зотнинг иззатига қасамки, агар бу суякдаги бу тери Унинг муҳаббатидан қуриган десанг, рост айтган бўласан.”, дедиларда, ҳушларидан кетдилар. Юзларига қаралганда нурли ой каби эди. Ваҳоланки Сиррий қорачадан келган киши эдилар.
      Сиррийдан ҳикоя қилинади: “Мен ўттиз йилдан бери бир бор “Алҳамдулиллаҳ”, деганим учун истиғфордаман.” Бу қандай бўлганиди?”, деб сўрашганда: “Бағдодда ўт кетди. Бир одам олдимдан чиқиб: “Дўконингиз омон қолди”, деди. Мен шунда “Алҳамдулиллаҳ”, дедим. Ўттиз йилдан бери бу айтган сўзимга пушаймондаман. Чунки мусулмонлар мусибатидан ўзимга яхшилик ирода қилгандим”. 
       Сиррий айтадилар: “Шуғулланиб юрган ишларим  учун суратимни қорайтириб қўймадимикан, деб Аллоҳдан хавф қилиб бир кунда бурнимга шунча, шунча марта қарайман”.
      Жунайд айтадилар: “Сиррийдан: “Жаннатга олиб борадиган энг қисқа йўлни биламан”, деганларини эшитиб: “У қандай йўл?”, деб сўрадим. У киши жавоб қилди: “Бировдан бир нарса сўрамайсан. Бировдан бир нарса олмайсан. Ўзингда бировга берадиган бир нарсанг бўлмайди”.
     Жунайд ибн Муҳаммад Сиррийнинг шундай деганларини ривоят қиладилар: “Бағдоддан бошқа жойда ўлишни хоҳлайман”. “Нима учун бундай?”, деб сўрашганда: “У қабримни қабул қилмай, шарманда бўлишдан қўрқаман.”, деб жавоб қилдилар.
Жунайд айтадилар: Сиррийнинг: “Аллоҳим, мени бирор нарса билан қанчалик азобласанг ҳам, (Ўзингдан) тўсилиш хорлиги билан азобламагин!”, деганларини эшитдим.
Жунайд айтадилар: “Бир кун Сиррий Сақатийнинг олдиларига кирсам, йиғлаб ўтирган эканлар. Мен: “Сизни нима йиғлатяпти?”, дедим. У киши: “Бу тонг гўдак қизим келиб: “Эй отажон, бу тун иссиқ бўлди. Бу кўзани мана бу жойга илиб қўяман”, деди. Сўнг кўзим илиниб, ухлаб қолдим. Тушимда гўзал кўринишли жория осмондан тушганини кўрдим. Унга: “Сен ким учунсан?”, деб сўрадим. У: “Кўзадаги совуқ сувни ичмаган киши учун”, деб жавоб қилди. Уйғониб кўзани қўлимга олдим ва уни ерга уриб синдирдим”. 
     Жунайд айтадилар: “Сопол синиқларини кўрдим. Уларни териб ҳам олмагандилар, қўл ҳам теккизмагандилар. Тоинки улар тупроққа қоришиб кетди.
 
Тўймурод Сайлиев
________________________________
 1.Хулоса шуки, банда доимо Аллоҳдан қўрқувда яшаши лозимдир. Ҳаргиз коинот мавжудотларига агарчи шариат наздида яхши бўлса ҳам қазои қадар ҳукмларидан хабарсиз бўлгани учун суяниб қолмаслиги керак. Балки доимо ибодатларни мукаммал ҳолатда амалга оширишга ҳаракат қилиши ишларни эса ҳақиқий соҳиби Аллоҳга топшириши зарурдир.
2.Яьни, фақатгина маҳбубнинг истакларига мувофиқ бўлган ишларни  қилиш.
3.Бу гуноҳ туфайли эмас, балки камоли таъзимда қусурга йўл қўйганликдан хавотирланишдан.
 
 
«орқага