Абул Файз Зуннун Мисрий
04 декабр 2014 й.
623 марта ўқилди.

Абул Файз Зуннун Мисрий
Исмлари Савбон ибн Иброҳимдир. Файз ибн Иброҳим деганлар ҳам бор. Оталари нубий бўлганлар . Икки юз қирқ бешинчи санада вафот этганлар. Бу иш (тариқатда)да ўта улуғ мартабага эришганлар. Замонасининг илм, парҳезкорлик, ҳол ва адабида ягонаси бўлганлар.
У киши тўғриларида Мутаваккилга гап ташишган. У Мисрдан чақиртириб олган. Зуннун унинг ҳузурига кирганларида унга ваъз-насиҳат қилганлар. Шунда Мутаваккил йиғлаб, Мисрга икром қилган ҳолда кузатиб қўйган. Мутаваккилнинг одати, ҳузурида парҳезкорлар зикр қилинса, йиғларди ва: “Агар парҳез аҳли зикр қилинса, дарҳол Зуннунни ёдга оларди”.
У киши озғин, қизилдан келган киши эдилар. Соқоллари оқармаганди.
Саъид ибн Усмон айтишларича, Зуннун шундай деганлар: “Каломнинг мадори тўрт нарсада бўлади: Жалил (Аллоҳ)ни севиш, қалил(оз, яъни дунё)ни ёмон кўриш, танзил (нозил бўлган, яъни Қуръон ва суннат)га эргашиш ва ҳол ўзгаришидан қўрқиш”.
Саъид ибн Усмон Зуннун Мисрий шундай деганларини айтадилар: “Ҳабибуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ахлоқларида, ишларида, буйруқларида ва суннатларида эргашмоқлик Аллоҳ азза ва жаллани севганнинг аломатларидандир”
Зуннундан тубан киши ҳақида сўрашганда: “Аллоҳга йўлни билмайдиган ва ўрганишга ҳаракат қилмайдиган кишидир”, дея жавоб қилдилар.
Юсуф ибн Ҳусайн айтадилар: “Бир кун Зуннуннинг мажлисларида ҳозир бўлдим. Солим Мағрибий келиб: “Эй Абул Файз, тавбангиз сабаби нима?”, деб сўради. У киши: “Ажабки, тоқат қилолмайсиз”, дедилар. Солим: “Маъбудингизга қасамки, менга бунинг хабарини берасиз”, деб туриб олди. Шунда Зуннун айтдилар: “Мисрдан бир қишлоққа бормоқчи бўлдим. Саҳрода йўл юриб ухлаб қолдим. Кўзимни очсам қанбара деб аталадиган кўр бир қуш инидан ерга йиқилиб тушганини кўрдим. Шунда ер ёрилдию, ундан икки лаган чиқди. Улардан бири тилла, бошқаси кумушдан эди. Бирида кунжут, иккинчисида сув бор эди. У қуш бунисидан еб, унисидан ичарди. Мен: “Етар, бўлди тавба қилдим”, дедим ва Аллоҳ азза ва жалла қабул қилгунича эшигини лозим тутдим”.
Абу Дужона Зуннун шундай деганини эшимдим дейдилар: “Таомга тўлган меъдада ҳикмат ўрнашмайди!”.
Зуннундан тавба ҳақида сўрашди. У киши: “Авомнинг тавбаси гуноҳдан бўлади, хоснинг тавбаси эса ғафлатдан”, дедилар.

Сайлиев Тўймурод

«орқага