Тариқат шариатнинг ходими
1030 марта ўқилди.
Тариқат шариатнинг ходими
 
Тасаввуф тарихидан яхши маълумки тариқат пирлари аввало ўзлари Аллоҳ Таолонинг амрларига қатъий риоя қилиб, ўз муридларига ҳам шаръий ҳукмларни, фарзу вожибларнинг қоимлигини тарғиб қилишган. Банданинг Аллоҳ Таолога муқарраблигининг аломати аввало зиммасидаги фарзлар адоси бўлса, кейингиси Мухаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига тобеликдир. Бу иккаласидан ташқарида йўл ҳам, натижа ҳам йўқ. Аллоҳ Таоло Оли Имрон сурасининг 31-32 оятларида “Сен (Мухаммад солаллоҳу алайҳи васаллам): Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг. Аллоҳ сизга муҳаббат қилади ва гуноҳларингизни мағфират қилади” деб айт. Аллоҳга ва расулига итоат қилинг...” деб марҳамат қилган. Ояти каримадан маълум бўладики, Аллоҳ Таолонинг мухаббатига Унгагина итоат этиш ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш орқали сазовор бўлинар экан. Қуръон ва суннат устига бино қилинган “Нақшбандия” тариқати асосчиси ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд ҳам “Биз Аллоҳнинг лутфига боғланганмиз. Бизни лутф эшигидан киргиздилар. Вазифамиз-фарз, вожиб ва суннати муаккадаларни адо этиш”-деганлар. Шу билан бирга улар кишида ихлос ва муҳаббатни зиёда қиладиган нафл ибодатлар ва зикр сабоқларининг ҳам таълимини беришган. Зеро ҳадиси қудсийда Аллоҳ Таоло “Бирор бир бандани Менга фарз амалларичалик яқинлаштирадиган амал йўқ. Мўъмин қулим нафила ибодатлар билан Менга муттасил яқинлашиб келгай, ниҳоят, Менга тақарруб эта-эта (яқинлаша-яқинлаша) шу даражага етгайки, Мен уни севгайман. Бир карра уни севдимми, энди Мен у қулимнинг эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи бўлгайман. (Мен билан эшитиб, Мен билан кўргай, Мен билан ҳис қилгай). Ҳадиси қудсийдан кўриниб турибдики банда улуғ мақомлар, маънавий хазиналарни қўлга киритиши учун фарзлар билан кифояланмай суннат, нафилаларга ҳам эътиборсиз бўлмасдан уларни ўзига лозим тутиши керак. Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанддан улуғликни нимадан топтингиз деб сўрашганида “Ушоқ териб ейишдан” деган эканлар. Яъни, нимаики фазилатли амал бўлса барчасини қилишнинг ҳаракатида бўлдим, ушоқ териб ейишдек кичкина ишга ҳам эътиборсизлик қилмадим,- демоқчилар. Демак сулук-тариқат орқали шариатнинг баржа аҳколари жорий қилинади,  унда талаб қилинган фарз, вожиб, суннат, мустаҳаб амаллар амалда қўлланилиб, манҳиётларнинг барчасидан чекланилади.
Кишининг ҳар бир ишда Роббисининг розилигини кўзлаши, амалларни ихлос, мухаббат билан бажаришда тасаввуфнинг ўрни беқиёс. Қалб мусаффолиги таъминлийдиган, риё, ужуб, хирс, кибр, шаҳват, дангасалик ва бошқа ботиний хасталикларни даволайдиган бу-Аллоҳ Таолонинг зикри, нафл ибодатлар ва яхшилар суҳбати бўлиб ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳикмат эгаларини суҳбатини лозим тутинглар. Аллоҳ ўлик ерни ёмғир билан тирилтиргани каби, ўлик қалбни ҳам уларнинг сўзи билан тирилтиради”-дедилар. Содиқ ул-Масдуқ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу сўларининг исботини Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд маноқибларида келтирилган бир воқеа орқали кўрамиз:
Шайх Амир Ҳусайндан нақл қилинишича, у деди: “Менинг Ҳазрати Хожа қаддасалоҳу сирруҳул-азизга етишганимнинг сабаби қуйидагича эди. Мен Қасри Орифонда Ҳазрати Хожага яқин жойда яшардим. Йигирма ёшга етганимда қиладиган ишим ейишу ухлашдан иборат эди. Қуръонни ҳам, мусулмонлик қоидаларини ҳам билмас эдим. Ҳазрати Хожа ҳар куни масжидга борардилар ва уйимнинг эшиги олдидан ўтардилар. Ҳар гал ўтаётганларида менга қарар ва кулиб қўярдилар. Кўнглимда нега намоз ўқимайсан деган катта андуҳ пайдо бўла бошлади. Тунларнинг бирида шу андуҳ билан уйқуга кетдим. Ҳазрати Хожани тушимда кўрдим. Уларнинг қўлларида катта ёруғ ойна бўлиб, бу ойнани менга бердилар. Ўзимни ойнада кўрдим. Уйғонган пайтимда мени йиғи эгаллаб олди, ҳар лаҳза бақиргим келар, ўзимни зўрға тутиб қолардим. Шу ҳолда турганимда Хожа эшикдан кириб келдилар. “Сенга нима бўлди?” деб сўрадилар. Мен жим туравердим. “Қўлинга ким ойна берди?” дедилар. “Сиз” дедим. Улар: “Мусулмонлик одобларини сенга мен ўргатаман, қандай тарбия лозим бўлса, ҳаммасини қиламан”, дедилар. Ҳақиқатан ҳам муборак назарларининг баракотидан икки олам бахтига муяссар бўлдим”. 
Ғафлат ботқоғига ботиб, Аллоҳ Таолога ибодат қилиш саодатидан йироқ бўлган бу йигит, тариқат пешвоси, пири комил Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг сўзлари, руҳий таважжуҳлари сабабли ҳидоят топди ва шариат аҳкомлари қоимлиги йўлига киришди. Демак, тасаввуф орқали кашфу кароматлар, ҳолату даражотлар эмас, балки зиммамизда бўлган шариатнинг зоҳирий ва ботиний ҳақлари адо этиш юзага келар экан десак, хато қилмаган бўламиз. 
 
 
Орифжон  Амонов
марказ илмий ходими 
 

 

«орқага