Ҳазрат Хожа Алоуддин Аттор
38 марта ўқилди.

 

Ҳазрат Хожа Алоуддин Аттор   

      Ҳазрат Хожа Алоуддин Аттор нақшбандия тариқатининг улуғ пири, авлиё, “Силсилаи   шариф” дa ўн еттинчи ҳалқадаги муршид, аллома эдилар. Бу улуғ зотнинг асл исмлари Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Бухорийдир. “Туҳфат аз-зоирийн”да Ҳазрат Алоуддин Атторнинг тўлиқ насабномалари келтирилгандир ва бу насаб то Ҳазрати Али розияллоҳу анҳугача етиб борган. Ҳазрат Алоуддинни “Аттор”  дейилишларига сабаб шуки, ул зоти шарифдан доимо хушбуй ҳид анқиб тураркан. Шунингдек, суҳбатлари ҳам ёқимли бўлган экан. Ҳазрат Алоуддиннинг оталари вафот этгач, икки акалари билан қоладилар. Булар уч ўғил бўлганлари учун оталарининг мероси учга бўлинади. Лекин Ҳазрат Алоуддин мерос олмай, Бухородаги мадрасага ўқишга кирадилар. Акалари савдогар, дўкондор, давлатманд кишилар бўлишган. Хазрат Алоуддин эса риёзатлар чекиб, очликка чидаб фақат илм олардилар. Бу кишини Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд ўз қарамоғларига олиб, таълим берадилар. Кунлардан бир кун, Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд Ҳазрат Алоуддин  Аттор ҳужраларига келиб, дедилар: “Эй фарзанд, менинг қизим балоғатга етган, ўшани никоҳингизга олинг”. Ҳазрат Алоуддин дедилар: “Устоз менинг тўшагим бўйра бўлса, ёстиғим ғишт бўлса, бор давлатим мана шу синган кўза бўлса, мен оилани қандай боқаман? Сизнинг бу сўзларингиз мен учун катта бахтдир, лекин аҳволим ўзингизга аён, пирим!” Ҳазрат Баҳоуддин дедилар: “Ризқни бергувчи Аллоҳдир. Сизга ҳам, қизимга ҳам Аллоҳ ризқ берур. Менинг бу тарафдан ташвишим йўқ”. Шунда Алоуддин Аттор Устозларининг  қизини никоҳларига оладилар.
      “Мақомоти Шоҳи Нақшбанд”да ёзилишича, Ҳазрат Баҳоуддин Ҳазрат Алоуддинни сулук бошида доимо ўзларига яқин жойда ўтиришларини буюрардилар. Муридлар бунинг сабабини сўраганларида, Ҳазрат дедилар: “Уни бўри еб қўймасин деб, шундай қиламан. Зеро, бўри яъни нафс доимо пойлаб туради. Шунинг учун ҳам ундан хабардор бўлиб тураман, токи бўрига ем бўлмасин”.
      Ҳазрат Баҳоуддин вафотларидан сўнг, Ҳазрат Алоуддин Аттор ўз замондошларига таълим бердилар. Илми, одоби, тарбияси, хулқи билан устозининг дуосига сазовор бўлган бу зот, кейинчалик тасаввуф илмини ёйиш мақсадида оилалари билан Сурхондарёга борадилар. Деновда бир хонақоҳда муридларига таълим-тарбия берадилар. Ҳазрат милодий 1400-йилда вафот этадилар. Денов туманида Сармозор ота деб номланган жойда дафн қилинадилар. Ҳазрат Алоуддин Аттор вафотларидан кейин, ўғли Хожа Ҳасан Аттор тариқатни давом эттирган.
Бухоройи Шарифда мана шундай кўплаб забардаст олимлар, авлиёлар, пирлар таълим олишган. Шунинг учун ҳам VIII асрдан бери, Бухоро “Қуббат-ул Ислом” дейилади. Бухоро азалдан  оламга фақат зиё тарқатган. Дарҳақиқат,  Юртимизга кўз тегмасин, мамлакатимиз янада обод бўлсин. 

Бухоро шаҳар “Маҳмуд Таробий” жомеъ масжид 
имом хатиби   Шухрат  Камалов
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:30
Куёш: 07:25
Пешин: 13:10
Аср: 16:55
Шом: 18:35
Хуфтон: 20:10
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram