БАҲОУДДИН НАҚШБАНД ВА УНИНГ ТАЪЛИМОТИ ҚЎҚОН АДАБИЙ МУҲИТИ ИЖОДКОРЛАРИ ТАЛҚИНИДА
1647 марта ўқилди.

Отабек ЖЎРАБОЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтининг докторанти.

Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг номи ва таълимоти кейинги даврларга мансуб кўплаб қалам аҳлининг диққат марказида бўлган. Хусусан, мумтоз адабиётимиз тадрижий такомилида алоҳида ўрин тутган Қўқон адабий муҳитига мансуб ижодкорлар ҳам бундан мустасно эмас. Айниқса, XIX асрда яшаб ижод этган қўқонлик кўплаб шоирлар, адиблар ва олимлар Баҳоуддин Нақшбанд номи билан боғлиқ хожагон-нақшбандия тариқатига мансуб бўлганлар, шу тариқатнинг пирларига мурид тутинганлар ва ҳатто, иршодга эришиб мазкур тариқатнинг шайхи мақомига кўтарилганлар. Яна, ушбу жаҳоний тариқат таълимотларини акс эттирувчи бир неча асарлар ҳам айнан сўз юритилаётган муҳит ва давр ижодкорлари томонидан яратилгандир. Биз, мазкур масалага қўйидаги тартиб асосида ёндашишни лозим кўрдик.

1. Қўқон адабий муҳитида Баҳоуддин Нақшбанд ҳақидаги шеърлар

Бевосита Хожа Баҳоуддин Нақшбандга бағишланган икки ғазални Амирий ва Ёрий ижодида учратдик. “Амирий” тахаллуси билан ижод қилган Муҳаммад Саид Амир Умархон (1787-1822) Қўқон хони ва истеъдодли шоир бўлиб, унинг девони таркибида 13 байтдан иборат “Ё, Шоҳ Нақшбанд” радифли форсча ғазали бор. Албатта, маърифатли шоҳ Умархоннинг Нақшбанд шахсига бўлган чексиз ҳурмати ва унинг таълимоти моҳиятини чуқур англаши бу ва бошқа бир неча шеъридан ҳам сезилади. Мисол учун, бир мухаммасида бу тариқатнинг “Хилват дар анжуман” принципини шундай келтиради:

Тариқат аҳлини андешаси қаноатдур,
Вужуд шамъини куйдурмак анга одатдур,
Чу соф бўлса кўнгул, анжуманда хилватдур...

Яна бир истеъдодли шоир Мулла Ёрмуҳаммад Мулла Жаъфар ўғли Ёрийнинг (1853-1944) дастхат (автограф) девонида ҳам “Пошшоҳ Нақшбанд” радифли 10 байтли ўзбекча ғазали бор. Муаллиф бу ғазалида ўзининг Баҳоуддин Нақшбанд қабри зиёратига борганини ва бу улуғ зотга “сиз восита Ҳақдин” дея илтижо қилганини таърифлайди. Ғазалнинг бошланғич ва охирги байтлари шундай:

Келдим зиёрата пошшоҳ Нақшбанд,
Қолдим хижолата пошшоҳ Нақшбанд...
Чин эътиқодидин кўзум Ёриға
Етиб ниҳоята пошшоҳ Нақшбанд.

2. Қўқон адабий муҳитида хожагон-нақшбандия тариқати таълимоти асосида яратилган асарлар

Ўз навбатида бу тахлит асарлар ҳам тасниф этилади: 1) агиографик-манқабавий; 2) тасаввуф назариясига оид; 3) соф ирфоний-ишқий асарлар тарзида тасниф этиш мумкин.

Биринчи турга мансуб Абдулазиз Мажзубнинг (XVIII асрнинг иккинчи ярми – XIX асрнинг эллигинчи йиллари) “Тазкиратул-авлиё” (Тазкираи Мажзуб) асари форсча бўлиб (қўлёзмаси 132 варақ), агиографик ва тазкира характерида бўлиб, XVIII-XIX аср биринчи ярмида (асосан, Туркистонда яшаган) авлиё, олим ва ижодкорлар ҳақида турли ривоят ва ҳикоятлар берилган, тасаввуфнинг баъзи масалаларига тўхталган. Асарда бирор тасаввуфий масала юзасидан навбати билан, мазмунли ҳикояту мисоллар ёрдамида фикр билдирилади, айрим ўринларда форсча ёки ўзбекча байтлар келтирилади. Кўп ҳолда «эшон», «азиз», «дарвеш» деб номлари кўрсатилмай, ўша зотнинг ҳолати ёки, у билан содир бўлган бирор воқеа тўғрисида сўзланади. Мазкур тазкирада таъриф этилган валийларнинг аксарияти ўз даврининг нақшбандия шайхларидир. Масалан, Махдуми Аъзам Косоний-Даҳбедий, Мусохон Даҳбедий, Шариф Хожа Тошкандий, Мирмақсуд Хожа эшон, Офоқ Хожа Эшон, Ҳазрат Имлои Бухорий, Домла Исо Охунд, Халифа Ҳусайн, Мавлавий Намангоний, Мавлавий Жабалий, Халифа Ашур, Мулло Лутфуллоҳ Чустий, Халифа Абдуқаюм ва ҳк. Яна, Сўфи Оллоёр, Машраб, Мирзо Жони Жонон, Бедил каби машҳур шахслар ҳаёти ҳақида ва айрим тарихий воқеаларнинг мавжудлиги ҳам асар мундарижасини бойитган.

Иккинчи турга мисол қилиб, “Маъмулоти Соқибий” асарини келтириш мумкин. Асар шоир Ҳувайдо авлодларидан бири, аҳли тасаввуф ва истеъдодли шоир Салоҳиддин Соқиб (1834-1910) томонидан ёзилган . Фикримизча, тасаввуф масалаларини амалий ва назарий тарзда баён этган бу даврдаги бирдан-бир манба шу асардир. У анъанавий ҳамду наът билан бошланади ва Ҳувайдо авлодлари шажараси берилади. Сўнгра, нақшбандия сулуки муридларнинг асосий вазифалари ва амаллари, нофила – қўшимча ибодатлар ва уларнинг фойдаси, илм ва адаб ўрганишнинг аҳамияти, дуоларнинг ҳосиятлари, ижобат бўлиш вақтлари ва шартлари, соликларнинг овқатлари, истеъмол қилиш ўрни ва тартиблари каби кўплаб масалалар ёритиб берилган. Рисола охирида эса Соқибнинг “Васиятнома”си ўрин олган. Муаллиф ўз фикрларини асослаш учун асарнинг кўп ўринларида Қуръони карим оятлари, ҳадиси шарифлар билан бирга Замахшарий, Румий, Саъдий, Ҳофиз, Жомий, Насафий, Бедил ва Ҳувайдо каби шоир ва олимларнинг асарларидан далиллар келтиради. Шунингдек, китобга Соқибнинг тариқат аҳли мақомларига бағишланган мураббаъси, машҳур нақшбандия шайхларининг номлари, хатми хожагон таърифи ҳамда, Муҳйининг Соқиб ва Заҳириддин Махдум вафотига битган уч таърихи ва битта форсча рубоий илова қилинган.

Учинчи турдаги асарлар эса ирфоний моҳиятдаги асарлар жамланган девонлардир. Бу таснифга мансуб асарлар алоҳида эътиборга лойиқ. Ҳозирча, Мажзуб, Азимий (XVIII асрнинг иккинчи ярми–1847) ва Жалолий (XVIII асрнинг иккинчи ярми–1845) девонларини бу тахлит асар сифатида санай оламиз. Улар Қўқонда яшаган машҳур ва том маънодаги сўфий шоир бўлиб, Пўлатжон домла ҳам тазкирасида уларни кетма-кет санайди (Жалолий 60-, Азимий 61-, Мажзуб 62-) ва улар ижодига “ашъори навҳали тасаввуф руҳида”, дея баҳо беради . Чиндан ҳам, бу уч шоир ўзбек тасаввуф адабиётининг йирик намояндаси ва ўз навбатида нақшбандия тариқатига мансуб шайхдирлар. Уларнинг девонида ирфоний мазмун-моҳиятдаги, сўфиёна истилоҳларга бой, “навҳа” (йиғи, нола)ли ҳикмат, ғазал, мухаммас, мустазод ва таржеъбанд (соқийнома) ўрин олган. Жалолийнинг тўпламидаги ўзбекча шеърлар ҳикматнамо бўлса, форсча асарлари соф ирфон руҳидадир. Азимий девони “Мурод ул-ошиқин” дея номланган ва унда висол ва ҳажр ирфоний мазмун ва тасаввуфий ғояда акс этган. Мажзуб эса девонини , ўз иршодий силсиласига мансуб шайхларни бирма-бир тилга олиб, 59 байт маснавий билан бошлайди. Бундай нодир киришни ҳозирча бошқа ҳеч бир девонда учратмадик. Шуни ҳам айтиш керакки, ўз даврида Мажзуб ва Азимий шеърлари сўфийларнинг хонақоҳида махсус ўқилган. Шарқда хусусан, Ўрта Осиёда мажзубийлик ўрта асрларданоқ мавжуд бўлган. Лекин унинг тартибли ва кенг тарқалган шакли эса айнан XIX асрга тўғри келади ва у Абдулазиз Мажзуб номи билан боғлиқ. Унинг кўпгина шеърлари махсус мақом ёрдамида сўфийларнинг зикр мажлисларида навҳа қилинган. Мана шу мажлисларни “мажзубхонлик” ва унга эргашувчиларни “мажзубийлар” дея аталган. Айниқса, соқийномаси мажзубхонликларда ўзига хос ижро услубида махсус мақом билан ўқилган.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, бу каби ижод намуналари тасаввуфнинг моҳияти – ирфон ва ишқ масаласига муаллифнинг нуқтаи назарини англатади. Қўқон адабий муҳитига мансуб Азимий, Мажзуб, Жалолий, Ҳазиний каби шоирлари бир вақтнинг ўзида ҳам шоир, ҳам шайхдирлар. Шунингдек, бу ижодкорлар нақшбандия-хожагон билан бирга бир вақтнинг ўзида бошқа тариқат пирларидан ҳам иршод олишган (қодирия, яссавия каби). Амирий, Ёрий, Садоий, Маҳжур, Завқий, Муҳсиний, Фидоий, Рожий каби шоирлар эса бевосита Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандия-хожагон тариқатининг кейинги давр шайхлари ҳам бу тариқатнинг таълимотига бўлган юксак эътифодларини ўз асарларида акс эттирганлар.

«орқага