МОВАРОУННАҲР – ҚАДИМ ТАСАВВУФ БЕШИГИ
1586 марта ўқилди.

Қадим юртимиз Мовароуннаҳр азал-азалдан илм-фан юксак тараққийга эришган, дину диёнат юксак даражада улуғланган мўътабар маскан сифатида эъзоз ва эҳтиромга сазовор бўлиб келган. Айниқса, ўлкамиз бўйлаб ислом динининг кенг тарқалиши фан тармоқларининг ортишига, жумладан, фиқҳ, ҳадис, тасаввуф сингари имон ва адолат хизматига камарбаста бўлган илмларнинг майдонга чиқишига замин яратди. Бу жиҳатдан Шош, Самарқанд, Бухоро, Хоразм каби илму ирфон масканларида яшаб фаолият кўрсатган буюк бобокалонларимиз номи алоҳида эътирофга муносибдир. Жумладан, шарқшунос олимларимиз ўринли таъкидлашганидек, “Ислом дин сифатида Арабистон ярим оролида пайдо бўлган бўлса-да, ўзининг такомил босқичидаги юксак даражага Бухоройи шарифда етди”. Юртимизни ана шу олий мартабаларга эриштиришда биз қуйида номларини зикр этишни мақсад қилган фозил ватандошларимизнинг беқиёс хизматлари бор.

Абу Ҳaфc Кабир Бухорий (767-832). Илмий салоҳияти, иқтидор ва ғайратини Ислом ҳуқуқшунослиги (фиқҳ), ҳадис илми ва тафсир (Қуръон шарҳи) йўлига сафарбар этган улуғ шайх. Абу Ҳaфc Бухорийнинг бу хизматлари ўз даврида муносиб баҳоланиб, у кишини “Ҳазрати Имом” дея шарафлаш одат тусига кирган эди. Шунингдек, элимиз бу улуғ шайхни илмий-амалий фаолиятдаги эътиқоду ихлоси боис “хожа”, “шайх”, “ал-имом”, “ал-олим”, “ал-омил” унвонлари ила шарафлашни бурч билган. Бу улуғ зотнинг араб ва ажамдаги шуҳрати беқиёс эди. Бухоронинг шариф шаҳар мақомини олиши шу киши туфайлидир. Хожанинг қабри Бухородаги обод зиёратгоҳлардан биридир.

Абу Бакр Калободий. “Дарбони Бухоро” (“Бухоро дарвозабони”), “Тож ул-ислом” (“Ислом тожи”) каби юксак унвонларга сазовор бўлган бухоролик буюк муҳаддис ва мутасаввиф, ҳанафий мазҳабидаги фиқҳ ва усул ул-фиқҳ илмларида забардаст аллома Абу Бакр Муҳаммад ибн Яъқуб ибн Абу Исҳоқ ал-Калободий ал-Бухорий (991 йилда вафот этган) Мовароуннаҳр тасаввуф мактабининг асосчиларидан биридир. У ҳали Мовароуннаҳр заминига Хожа Юсуф Ҳамадоний таълимоти кириб келмасдан илгари, исломий тасаввуф пайдо бўлиши аввалида ирфоний ақидалар мўъжаз ва ихчам усулда баён этилган “Ат-таъарруф ли-мазҳаб ат-тасаввуф” (“Тасаввуф йўлини таништириш”) номли китобини яратган. Хожанинг қабри Бухородаги Калобод мавзесида бўлган. Собиқ шўро даврида мозор бузилиб, унинг ўрнида савдо техникуми қурилган. 2006 йилда улуғларимиз руҳини шод этиш мақсадида бу ерда “Дахмаи Беҳиштиён” (“Жаннатий зотлар дахмаси”) тикланди.

Мустамлий Бухорий. “Имомлар хожаси”, “Зоҳидлар сарвари”, “Донишманд фақиҳ” унвонлари билан машҳур бўлган бухоролик буюк мутафаккир Абу Иброҳим Исмоил ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Мустамлий ал-Бухорий (1043 йилда вафот этган)нинг “Шарҳ ат-таъарруф ли-мазҳаб ат-тасаввуф” (“Тасавуф йўлини таништиришнинг шарҳи”) китоби форс тилидаги тасаввуф илмига оид фундаментал манбаларнинг энг қадимийси ва бизнинг замонимизгача сақлаб қолинган энг қадимги қўлёзма намуналаридан бири ҳисобланади. Мазкур дурдона асар тасаввуф илмида қадимий ва мўътабар ҳисобланадиган Абу Бакр Калободийнинг “Ат-Таъарруф” асарига ёзилган илк форсий шарҳдир. Дахмаи Беҳиштиёндаги мармар лавҳда бу улуғ зотнинг ҳам номлари зикр этилган.

Хожа Абдуллоҳ Баррақий. Юсуф Ҳамадонийнинг биринчи шогирди. Асли Хоразм вилоятидандир. Шайх Абдулкарим Самъонийнинг “Ал-Ансоб” китобида айтилишича, Барақийнинг лақаби “барра” сўзидан олган.

“Рашаҳот” муаллифи Фахруддин Али Сафий Барақийнинг қабри ҳақида қуйидаги маълумоти эътиборлидир: “Қабри мубораклари Бухорода Шўристон таллида (мозорида). Шайх Исҳоқ Калободий раҳматуллоҳи таъолонинг мозорларининг яқинида турур...” Демак, бу манзил ҳозирги Дахмаи Беҳиштиён ҳудудига тўғри келади.

Хожа Ҳасан Андақий. Бу улуғ зотнинг тўла исми шарифи Абу Муҳаммад ибн Ҳусайн ал-Андақий бўлиб, 1069 йилда Шофиркон туманидаги Андақ қишлоғида дунёга келган. Хожагон-нақшбандия тариқатининг сарчашмасида турган Юсуф Ҳамадонийнинг иккинчи халифаси сифатида шуҳрат қозонган. Абдулкарим ал-Самъоний “Биринчи марта у кишини Марвда “Шайх” хонақоҳида, кейинчалик Бухорода кўрган”лигини қайд этаркан, ўзи ҳам ул “зотдан кўп ривоят ёзиб олган”лигини, қолаверса, ундан “шайх Юсуф ал-Ҳамадоний ривоят қилган ҳадислардан таълим олган”лигини мамнуният билан қайд этади. Хожа Ҳасан Андақий 1158 йилда Бухоро шаҳрида вафот этган ва Калобод (Гулобод) дарвозаси ташқарисидаги шайх Абу Бакр Муҳаммад ибн Исҳоқ Калободий (ҳозирги Дахмаи Беҳиштиён) мақбарасида дафн этилган.

Хожа Аҳмад Яссавий. Ҳозирги Туркистон, олдинги Ясси яқинидаги Сайрам шаҳрида таваллуд топган “Султон ул-орифин” Хожа Аҳмад Яссавий (1105-1166) хожагон тариқати сардори Хожа Юсуф Ҳамадонийнинг учинчи халифасидир. Хожа Аҳмад Яссавий ўз тасаввуфий қарашларини ҳикматлар воситасида ҳам баён этганлар. “Дунё учун ғам ема, Ҳақдин ўзгани дема, Киши молини ема…” насиҳат қиладилар шайх ҳикматларидан бирида. Яссавия ғоялари ва ҳикматнавислик анъанаси кейинчалик Сулаймон Боқирғоний (Ҳаким ота, ваф. 1192) томонидан муносиб давом эттирилди.

Шайх Нажмиддин Кубро. Аҳмад ибн Умар ибн Муҳаммад Хивақий ал-Хоразмий (1145-1221) ўз замонасининг илм ва тасаввуф аҳли орасида “Нажмиддин” (“Диннинг юлдузи”), “Кубро” (“Улуғ”), “Валийтарош” (“Валийларни тарбияловчи”) унвонлари билан машҳур бўлган. Нажмиддин Кубро асос солган жавонмардлик тариқатининг кенг ёйилишида унинг исломий аҳкомларга ғоят уйғунлиги муҳим аҳамият касб этди. Шайх-шоирнинг ўз қарашларини рубоийлар воситасида баён этганлиги унинг сиймосига нафақат тариқат пешвоси, балки истеъдодли шоир сифатида ҳам алоҳида диққат қаратишни тақозо этади.

Шайх Сайфиддин Бохарзий. Мусулмон Шарқида Шайх ул-олам − Оламнинг шайхи номи билан донг таратган кубравия тариқати намояндаси, улуғ авлиё, нуктадон олим, ҳассос шоир ва етук воиз Сайфиддин Бохарзий ҳижрий 586 йил шаъбон ойининг 9-кунида − милодий 1190 йил 8 сентябрда Хуросоннинг Бохарз деган жойида туғилган. Сайф ул-Ҳақ вад-дин Абулмаоний Саййид ибн ул-Мутаҳҳар ибн Саййид ал-Бохарзий, шунингдек, шайх ул-ислом ва ал-муслимин, ворис ул-анбиё ва мурсалин, султони машойихи ал-шарқ ва ал-Чин нисбалари билан машҳур. Нажмиддин Кубро қўлидан шайхлик хирқасини кийиб, унинг халифаси сифатида кейинчалик кубравия тариқатини ривожлантирган. Ҳижрий 659 йил зулқаъда ойининг 24-кунида − милодий 1261 йил 20 октябрида Бухорода вафот этган ва Фатҳобод мавзесида дафн қилинган. Бухоро шаҳрида жойлашган бу маскан ҳозирда обод зиёратгоҳдир.

Низомиддин Мир Алишер Навоий. Улуғ сўз санъаткори Алишер Навоий шоҳ асарлари яратилганидан бери ўтган юз йилликлар мухлис ва мутахассисларни бу сирли-сеҳрли олам бағрига чорлашдан бир сония бўлсин, тўхтагани йўқ. Ижтимоий-маиший ҳаётимизнинг қай бир жабҳаси, ахлоқий-маънавий дунёмизнинг қай бир муаммоси бўлмасин, бу бетакрор адаб намояндаси сиймосига рўбарў бўлаверамиз. Инчунин, нақшбандия тариқати тарихи ва ахлоқий-маърифий аҳамияти ҳақида сўз кетганда ҳам. Хожагон-нақшбандиянинг ахлоқий комилликка даъват этувчи тўрт асосий қоидасини мухтасар қайдларда умумлаштирган ва “Бу оҳанг ила бўлғасен нақшбанд” дея ўз олдига муқаддас вазифа қўйган шоир шахсияти у яратган қаҳрамонлар сиймосида, дунёқараши ва ўй-фикрларида тажассум топганлигига такрор-такрор гувоҳ бўлиш мумкин. Демак, ҳазрат Навоий ҳақида сўз айтмоқ, шаксиз, нақшбандия сулуки хусусида сўз очмоқ билан баробардир.

«орқага