МУСТАМЛИЙ БУХОРИЙ ВА МОТУРИДИЯ ТАЪЛИМОТИ 4-қисм
73 марта ўқилди.

 

МУСТАМЛИЙ БУХОРИЙ ВА МОТУРИДИЯ ТАЪЛИМОТИ

4-қисм

3. Бошқа масалалар

3.1. Жабр ва ихтиёр
Турли ақидавий мазҳаблар ва оқимларда инсоннинг ўз хатти-ҳаракатлари ва ишларида қанчалик даражада ихтиёрли ва мустақил, шунингдек, қай даражада жавобгар эканлиги борасида ҳам турлича қарашлар баён этилган. Жумладан, айримлар «Аллоҳ бандаларнинг ишларини яратувчи эмас, балки инсонлар ўз ишларини ўзлари яратадилар», деб айтсалар , бошқа бир гуруҳ кишилар Аллоҳнинг яратувчилиги инсонларнинг барча ишларини ҳам қамраб олишини уқтириб, инсонларнинг ўз ишларининг юзага келишидаги ўрнини йўққа чиқарганлар ва шу тариқа мутлақ жабрга эргашганлар .
Бироқ мотуридийлар ва ашъарийлар бу ўртада на мутлақ жабрни, на мутлақ ихтиёрни маъқуллаганлар. Улар касб (ўзлаштириш) назариясини ўртага ташлаганлар. Ушбу назарияга кўра, Аллоҳ ишларни яратади, инсонлар эса уларни ўзлаштириб оладилар. Улар касб назариясини «Унинг касб этгани (яхшилиги) – ўзига ва орттиргани (ёмонлиги) ҳам ўзигадир»  каби оятларга таяниб ишлаб чиққанлар. Бироқ ушбу икки мактаб вакиллари ушбу оят тафсири борасида турлича қарашларга эгалар. Мотуридийлар бу тўғрида сўз юритганда кўпроқ таклиф (бурч) ва жазо (мукофот ёки жазо) нуқтаи назаридан ёндашганлар. Ашъарийлар эса кўпроқ бу масалага Аллоҳнинг машийяти (иродаси) нуқтаи назаридан ёндашиб, унинг жабарийча талқинга эга эканлигига эътибор қаратишган. Мотуридийлар эътиқодига кўра инсон ўз ишига таъсир кўрсата оладиган куч ва истакка эга. Бу таъсир яратилишга сабаб бўлмаса-да, ишнинг тоат ёки маъсият характерига эга бўлишига сабаб бўлади . Уларнинг эътиқодича, инсонлар қилувчи бўлиб, иш уларга тегишлидир. Инсоннинг ишини Аллоҳга тегишли деб билиш эса ушбу ишнинг инсонга тегишли эмас, дегани эмас . Ашъарийлар бунга қарама-қарши равишда касбни қуйидагича тафсир қилганлар: банда бирор ишни қилишни истаса, Аллоҳ ўша ишни унда яратади, бунда инсоннинг исташининг ўзи Алллоҳ кучи билан яратилади. Шунга кўра, инсон ишни ўзлаштириб олишдан ташқари унга бирор бир таъсир ўтказа олмайди.
Мустамлий Бухорий ўзининг бу тўғридаги батафсил баҳсида инсонни ҳақиқий иш эгаси деб билган. У жабр ва икроҳ (кишини ўзи истамаган ишига мажбурлаш)га қаршилик қилиб, инсонни ўз ишларида ихтиёрли (мустақил) деб таништирган. Унинг эътиқодича инсон ўз ишларида ихтиёрли бўлмаганида эди, яхши ишлари учун мукофотлаш ва ёмон ишлари учун азоблашдан маъно бўлмасди. Мўминнинг имон келтириши унинг кофир бўлишдан тўсилганлиги ёхуд кофирнинг куфр келтириши унда имон келтириш имкониятининг йўқлиги сабабли эмас. Балки, инсон нимани қилишни истаса, Аллоҳ ўшани унда яратади. Мустамлий бу тўғрида шундай ёзади: «Ушбу тоифага мансуб кишиларнинг биргаликдаги қарашларига кўра, бандалар ҳақиқатдан ҳам иш ва ўзлаштиришга эга бўлиб, ана шу ишлари туфайли мукофотланадилар ёки жазоланадилар. Амр ва наҳий ҳам худди шу сабабли юборилган бўлиб, худди ана шу иш борасида ваъд ва ваъид келгандир... Ҳақ аҳли (аҳли суннат вал-жамоат)нинг айтишича, бандада иш ва ихтиёр бордир. Чунки менда иш бўлмаганида эди мени қилишга буюриш хато бўлган бўларди» . У бошқа бир ўринда шундай дейди: «Буюкдан-да буюк Аллоҳ мўмин қай нарсани ихтиёр этса, унда ўша ихтиёрни яратди, шунингдек, қай нарсани истамаса, унда ўша нарсани яратмади. Кофир ва мўмин ўзи ихтиёр қилган нарсанинг зиддини қилишдан тўсилмаган ҳамда ўзи ўзлаштирган нарсани қилишга мажбурланган эмас. Балки у наҳий қилинган нарсадан қайтарилган бўлса-да, жабр асирлигида эмас, амр қилинган бўлса-да, амр ва наҳий қилинган ишларни қилишда ихтиёрлидир. Демак, бандани имон келтиришга буюриб, куфр келтиришдан қайтарган эканлар, у куфр келтиришдан ҳам тўсилмаган, имон келтиришга ҳам мажбурланмаган» .
Юқорида айтиб ўтилганлар, айниқса Мустамлий Бухорийнинг инсоннинг эркинлиги ва ихтиёрлилиги тўғрисида айтганларидан шундай хулосага келиш мумкинки, у бу масалада мотуридийлар томонини олган.

3.2. Аллоҳнинг кофирга неъмат бериши

Аҳли суннат вал-жамоат мутакаллимлари ўртасидаги баҳсли масалалардан яна бири «кофир бу дунёда худди мўмин каби Аллоҳнинг неъматларидан баҳраманд бўладими ёки куфри туфайли Аллоҳ ундан неъматини дариғ тутадими?» деган саволдир. Мотуридийлар эътиқодига кўра, Аллоҳ кофирга неъмат беради, аммо бу неъмат фақатгина бу дунёда унга насиб қилади . Ашъарийлар мотуридийларга қарама-қарши ўлароқ шундай қарашга эгалар: «Кофир бу дунёда ҳам, охиратда ҳам неъмат эгаси бўлмайди. Аллоҳ унга берган тириклик ва ризқ уни Аллоҳга душманлик қилишга эмас, балки Аллоҳга тоат қилиш ва Унинг розилигига эришишга сарфлаш шарти билангина неъмат ҳисобланади. Акс ҳолда у неъмат ҳисобланмайди» .
Мустамлий Бухорийнинг бу масаладаги қарашлари мотуридийлар қарашларига ўхшаб кетади. Чунки у ҳам кофирнинг бу дунёда неъматга эга бўлишига ишонади. Унинг эътиқодича кофир мўмин каби бу дунёнинг неъматларидан фойдаланади, аммо охират неъматлари фақатгина мўминларга аталган: «Улуғ ва буюк Аллоҳ ўз китобининг бир неча ўрнида бу дунёнинг неъматлари мўмин ва кофир ўртасида муштарак эканлиги, [аммо] охират [неъмати] фақатгина мўминга аталганлигини эслатган. Жумладан, [Аллоҳ бу тўғрида] шундай буюрган: «[Улардан] кофир бўлганларини эса, бироз ризқлантириб, сўнгра дўзах азобига мубтало этурман» » .

3.3. Тоқатдан ташқари ишга бурчли қилиш

Аллоҳнинг ишлари билан боғлиқ баҳслардан яна бири бандани тоқатидан ташқари ишга бурчли қилиши масаласидир. Мотуридийларнинг эътиқодича Аллоҳ бандаларини тоқатидан ташқари ишларни қилишга бурчли қилмайди. Тоқатдан ташқари ишга бурчли қилиш жоиз бўлмасдан, ақл нуқтаи назаридан ҳам ёмондир . Ашъарийлар, Аллоҳнинг қудрати мутлақ бўлиб, у бандаларини кучлари етмайдиган нарсаларга ҳам бурчли қилиши жоиздир, деганлар .
Мустамлий Бухорий ҳам, гарчи бандаларга уларнинг тоқатидан ташқари ишларнинг юкланиши мумкинлигини эътироф этса-да, амалда, худди мотуридийлар каби, Аллоҳ уларни фақатгина уларнинг имконияти даражасидаги ишларни бажаришга бурчли қилишига ишонади: «Шуни билиб қўймоқ лозимки, гарчи Ҳақ таоло ўз бандалари зиммасига тоқат қилиб бўладиган ва тоқат қилиб бўлмайдиган ишларни юклаши мумкин бўлсада, буларнинг барчасига қарамасдан [бандаларнинг] зоҳирига тоқат қилиб бўладиган ишларни ва [бандаларнинг] ботинига тоқат қилиб бўладиган юкларни юклади. [Бандаларнинг] зоҳиридан уларни жазолайдиган даражадаги эмас, балки улар тоқат қила оладиган хизматни талаб қилди. Агар [Ҳақ таоло] уларни жазолайдиган даражадаги [ибодатни] талаб қилганида эди, барча [бандалар] ҳалок бўлган бўлишарди. Қанчалик уринишларига қарамасдан ўзларини айб-нуқсонли деб билган пайғамбарлар алайҳумуссаломнинг истиғфорлари шу маънода эди. Айб-нуқсонли кишининг эса узр сўрашдан бошқа чораси йўқ. Шунингдек, ўзини жазолайдиган даражадаги сирни эмас, балки тоқат қилиб бўладиган даражадаги сирни юборди» .
Мустамлий Бухорийнинг ақидавий масалаларга оид қарашлари, жумладан, калом мактабларининг унинг каломий мулоҳазаларига таъсири масаласига бағишланган ушбу мақоламизда қуйидаги асосий хулосаларга келдик:
1. Мустамлий Бухорийнинг «Шарҳ ат-Таъарруф» асари каломга бағишлаб ёзилган муҳим асарлардан бири бўлса-да, шу кунга қадар унинг калом илмидаги ўрни ва аҳамияти, жумладан, Мустамлий Бухорийнинг каломий қарашлари кенг ва чуқур тадқиқ қилинмаган, унинг қарашларида қайси калом мактабларининг таъсири қанчалик эканлиги аниқланмаган.
2. Мустамлий Бухорий каломга оид масалаларга аҳли суннат вал-жамоат ақидаси нуқтаи назаридан ёндашган бўлиб, бунда асосан суннийликда мавжуд бўлган икки калом мактаби – мотуридия ва ашъария таълимотларига таянган.
3. Мустамлий Бухорий мотуридия ва ашъария калом мактаблари қарашларида ихтилофли бўлган масалалардан қуйидаги тўрттасида ашъарийларга эргашган: 1) иш-ҳаракатнинг яхши ёки ёмон эканлигини аниқлаш; 2) Аллоҳ томонидан ёмон ишнинг содир бўлиш-бўлмаслиги; 3) тоат қилувчини азоблаш ва осийни мукофотлаш; 4) бахтиёрлик ва бахтиқаролик.
4. Мустамлий Бухорий мотуридия ва ашъария калом мактаблари қарашларида ихтилофли бўлган масалалардан қуйидаги ўн биттасида мотуридийларга эргашган: 1) имоннинг таърифи; 2) имоннинг кўпайиши ва камайиши; 3) имонда истисно; 4) имонда тақлид; 5) имон ва ислом; 6) таквин (бўлдириш); 7) Аллоҳга нисбат берилган сифатлар; 8) эшитиш ва кўриш; 9) жабр ва ихтиёр; 10) Аллоҳнинг кофирга неъмат бериши; 11) тоқатдан ташқари ишга бурчли қилиш.

Комилжон Раҳимов
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси 
Абу Райҳон Беруний номидаги
Шарқшунослик институти катта илмий ходими,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:30
Куёш: 05:17
Пешин: 13:10
Аср: 18:30
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram