Тариқат одоблари (Нақшбандия таълимоти асосида) 13-қисм
59 марта ўқилди.

 
Тариқат одоблари
(Нақшбандия таълимоти асосида)
13-қисм

Руҳ – илоҳий сир
Руҳ илоҳий қудратнинг жилоси бўлиб, Аллоҳ неъматларидан ҳисобланади. Жамики мавжудот руҳ билан тирик; руҳ йўқ экан, тириклик хотима билан тугайди. Абу Али ибн Сино айтадилар: «Улуғ Тангри юракнинг икки бўшлиғидан чап бўшлиғини руҳга ўрин ва унинг вужудга келиш жойи қилиб яратди, руҳни нафсоний қувватлар учун улов қилиб яратдиким, у (қувватлар) руҳ воситасида гавданинг турли аъзоларига тарқалади. Нафсоний қувватлар, биринчидан, руҳга тааллуқли бўлиб, иккинчидан, (руҳ) воситаси билан бадан аъзоларига ёйилади.
(Тангри) руҳни хилт(модда)ларнинг латиф ва буғ қисмидан яратди. У файзи илоҳий билан вужудга келур». (Абу Али ибн Сино, Юрак дорилари. Т., “Фан”, 1966. 71-бет.)
Демак, руҳ буғсимон, газсимон бир модда бўлиб, инсон юрагида ўрнашган ва у қонга қўшилиб барча баданга тарқалади. Руҳ покиза бўлса, бутун жасад покиза ва сайқал топган бўлади. Агар у пок бўлмаса, ҳою ҳавасга берилган бўлса, у руҳул–хабис (ёмон руҳ) деб айтилади.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
} ون فَ خْ ت مِ نْ روحِ ي{
«Унинг ичига ўз (даргоҳимдаги) руҳимдан киритдим». (Ҳижр сураси, 29-оят).
Шундай қилиб, руҳ илоҳий бўлиб, у бу дунёга имтиҳон ва покланиш учун юборилган. Руҳ Аллоҳни қалбан зикр қилиш орқали покланади. Руҳ ўзининг илоҳий маконига қайтиши учун покланиши зарур.
Руҳ – Раббоний иш. Ҳақ таоло марҳамат қилади:
}وَيَسْأَل ونَكَ عَنِ الرُّوحِ ق لِ الرُّو ح مِنْ أَمْرِ رَ ب وَمَا أ وتِيت مْ مِنَ الْعِلْمِ إِلَّ قَلِيلًا {
«(Эй, Муҳаммад) Сиздан руҳ ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Руҳ фақат Раббимнинг ишидандир. Сизларга эса оз илм берилгандир». (Исро сураси, 85-оят.)
Ҳам руҳан, ҳам жисмонан покланган, қалбини поклаган инсон гўзал ахлоқ, юксак одоб соҳибига айланиб, комил инсон даражасига етади.
Аслида тасаввуфнинг мақсади ҳам шу – инсон камолоти, кишини руҳий ва маънавий жиҳатдан поклаш ва комил инсонни тарбиялаш. Жумҳури уламоларнинг иттифоқига кўра, комил инсоннинг ер юзида ягона тимсоли Муҳаммад алайҳиссаломдирлар. Комил. Кимни комил инсон дейиш мумкин?
Юксак онгли ва маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, жисмонан ва руҳан покланган инсонни комил инсон дейиш мумкин.
 
Нафс тарбияси
Нафс – бу инсоннинг ўзлиги, «менинг ўзим» дегани. Нафс - руҳ қолипи. Нафс бу фақатгина еб-ичиш, кийиш эмас, балки у жоҳиллик, илмсизлик, манманлик, дунёпарастлик, ўғрилик, тамагирлик, порахўр- лик, ҳасад, бахиллик, мансабпарастлик, шаҳват, ғазаб, хасислик, риёкорлик, золимлик, раҳмсизликдир.
Аҳмад Яссавий уқтирганларидек:
Нафс йўлиға кирган киши расво бўлур,
Йўлдин озиб, тойиб, тўзиб, гумроҳ бўлур,
Ётса, турса шайтон билан ҳамроҳ бўлур,
Нафсни тепғил, нафсни тепғил, эй бадкирдор.
 
Нафс - ўсувчан, хоҳловчи, дунё лаззатларига берилувчи. У инсонни ёмонликка, гуноҳ иш қилишга ундайди. Нафс қанчалик қондирилса, у шунчалик кучаяверади.
Агар инсон ҳалол нарсалардан истеъмол қилса, унинг бадани покиза, чиройли, лаёқатли, яхшиликка интилувчи, хайрли ишларга саъй-кўшиш қилувчи бўлади. Ва, аксинча, инсон ҳаром нарсалардан истеъмол қилса, у инсонни жирканч, дағал, бераҳм, бешафқат, шаҳватга берилувчи, ғаддор ва золим қилиб қўяди. Нафснинг истаги - шаҳват.
Нафсни ўлдириб бўлмайди. Уни ўлдирса, инсоннинг ўзи ҳам ўлади. Чунки нафс, нафас - ўзаги бир. Аммо нафсни тарбиялаб бўлади, уни жиловлаб, бошқариб бўлади, уни занжирбанд қилиб бўлади.
Аҳмад Яссавий: «Нафсни тепғил, нафсни тепғил, эй бадкирдор», - деган бўлсалар, Алишер Навоий «нафс итини забун қилиш»га бежиз даъват этмаганлар-да!
Нафс - инсоннинг ашаддий душмани. Буни Алишер Навоий шоирона шундай ифодалайдилар:
 
«Бўлуб нафсингга тобе, банд этарсан тушса душманни,
Сенга йўқ нафсдек душман, қила олсанг ани қил банд».
 
Нафсни енгишнинг чораси бор. Уни намоз ўқиш, рўза тутиш ва илоҳий ишқ орқали янчиш мумкин. Чунки Аллоҳ таоло айтади:
}إِنَّ الصَّلَاةَ تَ نْ هَى عَنِ الْفَحْشَاءِ وَالْ منْكَرِ {
«Албатта, намоз фаҳш ва ёмонликдан қайтарур!» (Анкабут сураси, 45-оят.)
Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар:
الصَّ وم تَكْ سِ ر الشَّ هْ وة «Рўза шаҳватни синдиради»...
الصَّ وم نِصْ ف الصَّ بْرِ «Рўза – сабрнинг ярми».
Ишқ деганда кишилар кўпинча икки жинс ўртасидаги майл, одамлар орасидаги муҳаббат деб тушунадилар. Албатта, бу маълум даражада тўғри. Аммо тасаввуфда ишқ деганда инсон қалбини поклашга хизмат қиладиган, уни Аллоҳга яқинлаштирадиган барча эзгуликлар йиғиндиси тушунилади. Демак, ишқ - покланиш воситаси!
Давоми бор...   
 
ЎМИ Бухоро вилояти вакиллиги 
Матбуот хизмати
Ҳожи Абдулғафур Абдурраззоқ Бухорий
Тариқат одоблари  (Нақшбандия таълимоти асосида) китобидан
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:30
Куёш: 05:17
Пешин: 13:10
Аср: 18:30
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram