Тариқат одоблари (Нақшбандия таълимоти асосида)
40 марта ўқилди.

 

Тариқат одоблари

(Нақшбандия таълимоти асосида)
 
Рисола тасаввуф илмига, тариқат одобига қизиқувчилар учун бир дастлабки қўлланма шаклида содда, равон тилда ёзилган. Муаллиф тариқатнинг исломий асосларини тўғри белгилаб, Қуръони карим ва Ҳадиси шарифдан мисоллар келтиради. Тариқат одоби, мурид ва муршид сифатлари; шариат билан боғлиқ, хонақоҳ билан боғлиқ талабларни баён этади. Хусусан, тариқатнинг аҳамияти, маънавий пирлар салоҳияти, инсон камолоти ҳақидаги фикрлар ёшлар учун фойдалидир.
Рисола ислом асослари, тасаввуф масалалари ва ғояларини тўғри англашда ёрдамчи манба бўлиб хизмат қилади, деган умиддаман.

Муқаддима ўрнида
Бисмиллаҳир раҳмонир раҳим
 
Алҳамдулиллаҳи раббил оламин. Вал оқибату лил муттақин. Вассалоту вас салому алаа хойри холқиҳи Муҳаммадин ва ъало олиҳи ва асҳобиҳи ажмаъин.
Дунёга маълум ва машҳур бўлган Нақшбандия тариқати таълимоти Қуръони карим ва Ҳадиси шарифга асосланган бўлиб, унинг муриду мухлисларининг сони ҳозирги кунда ҳам кундан-кунга ортиб бормоқда. Зеро, суннатни тирилтиришни асосий мақсад қилиб олган бу тариқатга Амир Темуру темурийзодалар, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Абдулқодир Бедил ва бошқа йирик мутафаккирлар мансуб бўлганлар.
Биз ушбу жажжи рисолани Нақшбандия тариқатига қизиқувчилар учун мўлжаллаб, ундаги ҳар бир таълимотнинг исломий манбаларини очишда Қуръони карим ва Ҳадиси шарифга таяндик. Чунки ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд ва у зотнинг улуғ устозлари ҳар бир таълимотларини яратишда муқаддас манбаларга таянганлар.
Тариқатга киришдан олдин Ислом арконини, шариат аҳкомини бекаму кўст бажариш, тўғри эътиқодда бўлиш лозим. Шу сабабдан рисоланинг биринчи қисмини шу мавзуга бағишлашни маъқул кўрдик.
Унинг иккинчи қисмида тасаввуф сўзининг келиб чиқиши, валийлик (авлиёлик) мартабалари, шариат ва тариқат, пир ва мурид муносабатлари, муршиднинг аломатлари, тариқат қоидалари, муборак 
рашҳалар, тариқатга кирувчининг одобу вазифалари, шунингдек, руҳ, нафс кўринишлари, зикр одоби, хатми хожагон тартиби ва шу кабилар ҳақида муқаддас китоблару ишончли манбаларга таяниб, суннатга мувофиқ тарзда тўхталишга ҳаракат қилдик.
«Мумтоз асарларда тасаввуф жилоси» ва «Бухоро хаттотлик санъатида тариқат талқини» тўғрисидаги мулоҳазалар рисоланинг учинчи қисмида берилди.
Абдулкарим ас-Самъонийнинг «Насабнома», Алишер Навоий- нинг «Насойим ул-муҳаббат», Али Сафийнинг «Рашаҳоту айнил-ҳаёт», Носируддин тўра Бухорийнинг «Туҳфат уз-зоирин» асарлари ва шу каби бошқа тарихий, илмий, қомусий манбаларга, шунингдек, муаллифнинг улуғ устозлар билан ҳамсуҳбат бўлганида улар ҳақида эшитган маълумотга таяниб, «Силсилаи шариф» ва «Ўзбекистонда яшаган буюк пирлар» рўйхати китобга илова қилинди.
Ушбу мўъжазгина рисоламиз Сиз азиз китобхонларга манзур бўлади, деган умиддамиз.
Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлга бошласин; рисолада номлари тилга олинган улуғ уламоларимиз, буюк машойихларимиз, азиз устозларимизнинг арвоҳларини хушнуд қилиб, уларнинг файзу футуҳидан ҳаммамизни насибадор айласин. Омин.
 
Давоми бор....

Ҳожи Абдулғафур Абдурраззоқ Бухорий 
Тариқат одоблари  (Нақшбандия таълимоти асосида) китобидан
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:45
Куёш: 06:26
Пешин: 13:10
Аср: 17:30
Шом: 19:10
Хуфтон: 20:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram