ТАСАВВУФ СЎФИЙЛАРИ
959 марта ўқилди.

                                      ТАСАВВУФ   СЎФИЙЛАРИ

- Ушбу тариқат машойихи зикрида “Буюк сўфийлар” боби.
- Уларнинг сийратлари ва сўзларида шариатни улуғлашга далолатлар.
Билинглар, Аллоҳ ҳаммангизга раҳмат назари ила боқсин, мусулмонларнинг фозиллари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саҳобалик шарафидан бошқа сифат билан фарқланмадилар. Иккинчи асрга етишиб, саҳобаларга соҳиб бўлганларни тобеъийн деб номланди ва буни энг шарафли аломат билишди. Улардан кейингиларни атбоу тобеъийн дейишди. 
Сўнг одамлар аралашиб, даражалар фарқланиб кетди. Дин ишига эътибори қаттиқ хос одамларни зоҳидлар ва обидлар деб номлашди. 
Кейин бидъатлар зоҳир бўлди. Фирқалар ўртасида бўлиниш юзага келди. Ҳар бир фирқа зоҳидлар ўзларида эканини даъво қилишди. 
Шунда нафасларини Аллоҳ таоло билан олишни риоя этган ва қалбларини ғафлат меҳмонларидан муҳофаза қилган аҳли суннанинг хослари тасаввуф исми билан ажралиб қолишди. Бу ном ана шу акобирларга нисбатан ҳижрий икки юзинчи йилдан олдин машҳур бўлди. 
Биз бу бобда ушбу тариқат шайхларининг биринчи табақасидан то мутааххирларигача бўлган бир жамоанинг номларини ёдга оламиз. Сийратларидан ва сўзларидан, уларнинг усулларига ва одобларига  оид жумлаларни зикр қиламиз, Аллоҳ таоло хоҳласа.
Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Адҳам ибн Мансур
Балх атрофларидан. Розияллоҳу анҳу. 
Подшоҳнинг фарзандларидан бўлганлар. Бир кун овга чиқадилар. Тулки ё қуённи кетидан қувиб кетаётсалар, шундай овоз келади: “Эй Иброҳим, шунинг учун яралганмидинг, ёки шунга буюрилганмидинг?!”.
Шундан кейин эгарларининг учидан: “Валлоҳки, бунинг учун яралмадинг ва бунга буюрилмадинг”, дея овоз келди. Шу пайт уловларидан тушдилар ва оталарининг подачисига дуч келдилар. Подачининг жундан тўқилган жуббасини олиб, унга ўзларининг либосларини кийдирдилар ва от, ҳамда ундаги нарсаларини бердилар. Сўнг ўзлари саҳрога кириб кетдилар. Сўнг Маккага бордилар. У кишига Суфён Саврий ва Фузайл ибн Иёз ҳамроҳ бўлдилар. Кейин Шомга бориб, у ерда вафот этдилар.
Иброҳим қўл меҳнатлари орқали кун кечирардилар. Деҳқончилик, боғбончилик ва шунга ўхшаш ишлар билан шуғулланганлар. 
Саҳрода бир кишини кўрганлар. Бу одам у кишига “Аллоҳнинг буюк исми”ни ўргатган ва кейин шу билан дуо қилганлар. Кейин Хизр алайҳиссаломни кўрганларда у киши Иброҳимга: “Сенга биродарим Довуд Аллоҳнинг буюк исмини ўргатди”, деганлар.
Буни бизга шайх Абу Абдурроҳман Суламий хабар берганлар. Ровийлар орқали етиб келишича, Иброҳим ибн Башшор шундай дейдилар: “Иброҳим ибн Адҳам билан ҳамроҳ бўлдим. У кишига: “Ишингиз қандай бошлангани хабарини беринг”, десам, шуни зикр қилдилар”.
Иброҳим ибн Адҳам парҳезкорликда шаъни улуғ инсон эдилар. Ҳикоя этилишича шундай дегандилар: “Озуқангни ўзинг изла. Кечаси қойим бўлмасанг ҳам, кундузи рўза тутмасанг ҳам бу тўғрида сенга зарар йўқдир”.
Айтилишича асосий дуолари қуйидагича эди: “Аллоҳим, мени маъсиятинг хорлигидан, тоатинг азизлигига кўчиргин!”. Иброҳим ибн Адҳамга: “Гўшт қимматлабди”, дейишди. Шунда: Уни арзонлатинглар, дедилар. Яъни, уни сотиб олманглар, дедилар. Бу тўғрида байт бор:
Агар бир нарса қиммат туюлса уни тарк этдим,
Шунда қимматламасдан олдингидан ҳам арзон бўлди.
Аҳмад ибн Хизравайҳ айтадилар: Иброҳим ибн Адҳам тавофда бир одамга шундай дедилар: “Билгилки, олти қийинчиликни босиб ўтмагунингча солиҳлар даражасига етишолмайсан:
 
Биринчиси, неъмат эшигини ёпасан ва машаққат эшигини очасан.
Иккинчиси, азизлик эшигини ёпасан ва хорлик эшигини очасан.
Учинчиси, роҳат эшигини ёпасан ва қийинчилик эшигини очасан.
Тўртинчиси, уйқу эшигини ёпасан ва бедорлик эшигини очасан.
Бешинчиси, бойлик эшигини ёпасан ва фақирлик эшигини очасан.
Олтинчиси, орзу-ҳавас эшигини ёпасан ва ўлимга тайёргарлик эшигини очасан.
 
Иброҳим ибн Адҳам узумзорни қўриқлардилар. У ердан лашкар ўтиб қолиб: “Бизга бу узумдан бер!”, деди. У киши: “Менга эгаси буни буюрмаган”, дедилар. У қамчиси билан у кишини савалай кетди. Бошларини қуйи эгдиларда унга: “Бу бош Аллоҳга исён этар экан, уравер”, дедилар. Бу одам ожиз қолиб, йўлида давом этди. 
 
Саҳл ибн Иброҳим айтадилар: “Иброҳим ибн Адҳам билан ҳамроҳ бўлдим. Шунда касал бўлиб қолдим. Бор топганларини менга ишлатдилар. Бир нарсага иштаҳам бўлди. Эшакларини сотиб, унинг пулини ҳам менга сарф қилдилар. Тузалиб, ўзимга келганимда: “Эй Иброҳим, эшак қани?”, дедим. У киши, "сотдик"- дедилар. Шунда, "мен нимага минаман", дедим. У киши: “Эй биродар, елкамга минасиз”, дедиларда, уч манзил мени кўтариб кетдилар”.
 
 
                                                                                                       Тўймурод Сайлиев

 

«орқага