Бухорода тасаввуф тариқатларининг пайдо бўлиши ва ривожланиши
202 марта ўқилди.

X–XI асрларда гуркираб ривожланаётган тасаввуфнинг Ҳалложия, Жунайдия, Суҳравардия, Увайсия, Қодирия тариқатлари билан бир қаторда Марказий Осиёда ҳам XI–XII асрларга келиб Яссавия, Кубравия, Хожагон тариқатлари пайдо бўлди ва шиддат билан ривожланди. Гарчи тасаввуф мактабларининг ташкил топиши дастлаб Кўфа, Бағдод, Басра, Миср каби ислом дини кенг тарқалган ҳудудлар билан боғлиқ бўлса-да, кейинчалик Марказий Осиёда бутун ислом олами миқёсида умумэътироф этилган Яссавия, Хожагон-Нақшбандия ва Кубравия каби йирик тасаввуф тариқатлари вужудга келди.

Албатта, Марказий Осиёдан етишиб чиққан ва бутун ислом оламида катта обрў қозонган илк тасаввуф намоёндаларини кўплаб учратиш мумкин. Улар орасида Бухорода туғилиб ўсган Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ ал-Калободийни (ваф. 990 ёки 995 й.) алоҳида зикр этиб ўтиш ўринли. У зот, шунингдек, ҳанафий мазҳаби фақиҳи сифатида ҳам машҳур бўлган. Демак, бундан кўринадики, Бухоро тасаввуф мактаби ҳанафий фиқҳий мазҳабини ўзига асос қилиб олган. Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ ал-Калободийнинг ислом оламидаги энг биринчи тасаввуфий адабиётлардан ҳисобланган “ат-Таарруф ли-мазҳаби аҳли-т-тасаввуф” номли асари ҳозирга қадар ҳам тасаввуф соҳасидаги энциклопедик манба ҳисобланади. Асарда тасаввуф назарияси ва амалиётлари тўлиқ баён этилган. Шу боис ушбу китобни қадим тасаввуф уламолари: لولا التعرف لما عرف التصوف (агар Ат-Таарруф китоби бўлмаганда тасаввуф ҳақида тушунчага эга бўлинмасди), дея эътироф этганлар.

Бухорода тасаввуф таълимотининг тарқалиши ўз даврининг етук сўфий алломаси Хожа Юсуф Ҳамадоний (1048–1141) номи билан боғлиқ. Юсуф Ҳамадоний мактабида илму ирфон сабоғини олган Аҳмад Яссавий ва Абдухолиқ Ғиждувонийлар минтақада тасаввуф тараққиётининг кейинги босқичларида муҳим ўрин тутдилар ва икки мустақил тариқат: Яссавийя ва Хожагон-Нақшбандия тариқатларига пойдевор қўйдилар.

Хожагон тариқати XIV асрга келиб, Баҳоуддин Нақшбанд томонидан янада такомиллаштирилди. Хожа Муҳаммад Порсо, Хожа Аҳрор, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий каби йирик шахсларнинг фаолияти эса Хожагон-Нақшбандия тариқатининг кейинги вакилларига ижобий таъсир қилди ва ижтимоий-сиёсий ҳаётда фаол иштирок этишлари учун туртки бўлди.

 

     Нақшбандия таълимотининг моҳияти: “Дил – ба ёр-у, даст – ба кор” (“Кўнгил Аллоҳда, қўл ишда бўлсин”), – шиорида ўз ифодасини топиши билан бирга, яна ўн бир қоидага асосланади. Бу қоидалар “рашҳалар”, яъни “томчилар” деб юритилган. Рашҳалар Юсуф Ҳамадоний, Абдулхолиқ Ғиждувоний ва Баҳоуддин Нақшбанд тарафларидан таъйин этилган.

Юсуф Ҳамадоний таъйин этган рашҳалар:

1.Ҳуш дар дам – кираётган ва чиқаётган ҳар бир нафасда Аллоҳнинг ёдидан ғофил бўлмаслик.

2.Назар бар қадам - юрганда қадамига разм солиб, огоҳ бўлиб юрмоғлик. 3.Сафар дар ватан – ватанида туриб атрофни мулоҳаза қилмоқлик.

4.Хилват дар анжуман - зоҳирда халқ билан бирга ва ботинда Аллоҳ таолонинг ёди билан банд бўлмоғлик.

Абдулхолиқ Ғиждувоний таъйин этган  рашҳалар:

5.Ёдкард - тил билан ё қалб билан зикр қилмоқ.

6.Бозгашт - калимаи таййибани дилидан ўтказмоқ.

7.Нигоҳдошт - калимаи таййибани дилидан ўтказаётганда хотирани жам қилиб турмоқ.

8.Ёддошт – Аллоҳ таолони доимо ёдда тутмоқ.

Баҳоуддин Нақшбанд таъйин этган  рашҳалар:

9.Вуқуфи замоний - ўтказилаётган вақтни доимо мулоҳаза қилиб бориш.

10.Вуқуфи ададий – зикр қилишда ададга алоҳида эътибор қаратиш.

11.Вуқуфи қалбий - Аллоҳ номини доим қалбда тутиш.                               

Нақшбандия тариқатининг нуфузи яна шуниси билан алоҳида аҳамият касб этадики, бевосита Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламга Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу орқали боғланган ягона тариқат силсиласидир. Шу нуқтаи назардан ҳам ушбу тариқатнинг силсиласи манбаларда “олтин силсила”  деб, тилга олинади. Бу силсила қуйидагилардан иборат:

1.Сарвари олам Муҳаммад (соллаллоҳу алйҳи васаллам) (570–632).

2.Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) (573–634).

3.Ҳазрат Салмон Форсий (розияллоҳу анҳу) (578–657).

4.Ҳазрат Қосим ибн Муҳаммад (раҳматуллоҳи алайҳ) (ваф. 605 й.).

5.Ҳазрат Имом Жаъфар Содиқ (раҳматуллоҳи алайҳ) (702–765).

6.Ҳазрат Боязид Бистомий (қуддиса сирруҳу) (ваф. 875 й.).

7.Шайх Абул Ҳасан Харақоний (қуддиса сирруҳу) (963–1033).

8.Шайх Абу Али Фармадий (қуддиса сирруҳу) (962–1055).

9.Ҳазрат Хожа Юсуф Ҳамадоний (қуддиса сирруҳу) (1049–1141).

10.Ҳазрат Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний – Хожаи жаҳон (1103–1179).

  1. Ҳазрат Хожа Ориф Ревгарий – Моҳитобон (қуддиса сирруҳу) (ваф. 1317 й.).
  2. Ҳазрат Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий (қуддиса сирруҳу) (ваф. 1317 й.).
  3. Ҳазрат Хожа Али Ромитаний (қуддиса сирруҳу) (ваф. 1326 й.).
  4. Ҳазрат Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий (қуддиса сирруҳу) (ваф. 1354 й.).
  5. Ҳазрат Хожа Саййид Амир Кулол (қуддиса сирруҳу) (ваф. 1370 й.).
  6. Ҳазрат Хожа Баҳоуддин Нақшбанд Бухорий (қуддиса сирруҳу) (1318–1389
  7. Ҳазрат Хожа Алоуддин Аттор (қуддиса сирруҳу) (вафотлари. 1400)

18.Ҳазрат Мавлоно Яъқуб Чархий (қуддиса сирруҳу) (вафотлари 1447)

19.Ҳазрат Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор (қуддиса сирруҳу) (1404–1490)

20.Ҳазрат Хожа Муҳаммад Зоҳид (қуддиса сирруҳу).

21.Ҳазрат Хожа Дарвеш Муҳаммад (қуддиса сирруҳу).

22.Ҳазрат Хожа Муҳаммад Имканагий (қуддиса сирруҳу).

23.Ҳазрат Хожа Боқий Билло (қуддиса сирруҳу).

24.Ҳазрат Имом Раббоний Аҳмад Фаруқ Сарҳиндий (қуддиса сирруҳу).

      Эътибор берилса, Етти пир номи билан аталувчи Нақшбандия тариқатининг буюк намояндалари ушбу олтин силсиланинг 10-16- силсиласидан ўрин олганлар.

      Тасаввуф таълимотига таҳлилий назар қаратиш орқали унинг бош мақсади бандани Аллоҳ таолонинг йўлига йўллаш, ахлоқий жиҳатдан нафс тарбиясига эътибор қаратишдан бошланиб, мақомлар ва ҳолатлар деб номланмиш бир нечта даражаларни босиб ўтиб, охир оқибат Аллоҳ таолони танишга (маърифатуллоҳ) эриштириш эканлигини англаш мумкин. Тасаввуфда мақом деб, банданинг Аллоҳ таолонинг наздидаги қулчилик даражаси англанилади. Жумладан, тавба, зуҳд, вараъ, фақр, сабр, ризо, таваккул ва ҳоказоларни келтириш мумкин. Ҳолат эса, зикр туфайли қалбда ҳосил бўладиган ўзгаришлардир. Масалан, муроқаба, қурб, муҳаббат, хавф, ражо, шавқ, унс, мушоҳада, яқийн ва ҳоказолар.

      Албатта, тасаввуф таълимотининг асоси Қуръони карим ва ҳадиси набавийга таяниши билан қувватлидир. Юқорида зикр этилган мақомот ва ҳолатларнинг барчаси ҳам Аллоҳ таолонинг каломида ўз исботини топган.  Масалан, Аллоҳ таолога олиб борувчи йўлнинг энг боши бўлмиш нафс тарбияси борасида тасаввуф таълимоти қуйидаги ояти карималарга таянади:

{وَالَّذِينَ جَاهَدُوا فِينَا لَنَهْدِيَنَّهُمْ سُبُلَنَا وَإِنَّ اللهَ لَمَعَ المُحْسِنِينَ}[العنكبوت:69] {وَأَمَّا مَنْ خَافَ مَقَامَ رَبِّهِ وَنَهَى النَّفْسَ عَنِ الهَوَى فَإِنَّ الجَنَّةَ هِيَ المَأْوَى}[النَّازعات:40-41] {إِنَّ النَّفْسَ لَأَمَّارَةٌ بِالسُّوءِ}[يوسف:53].

яъни: Биз учун нафсига қарши жидду жаҳд қилганларни, албатта, Ўз йўлларимизга ҳидоят этурмиз. Албатта, Аллоҳ эзгу иш қилувчилар билан биргадир!”, “Аммо, кимки Парвардигорининг (ҳузурида) туриши (ва ҳисобот бериши)дан қўрққан ва нафсини ҳаволанишдан қайтарган бўлса, бас, фақат жаннатгина (унга) макон бўлур”, “Зеро, нафс ёмонликка ундовчидир”.

         Зуҳд мақомида:

{قُلْ مَتَاعُ الدُّنْيَا قَلِيلٌ وَالآَخِرَةُ خَيْرٌ لِمَنِ اتَّقَى}[النساء:77] {وَيُؤْثِرُونَ عَلَى أَنْفُسِهِمْ وَلَوْ كَانَ بِهِمْ خَصَاصَةٌ}[الحشر:9].

яъни: Айтинг: Дунё лаззати қисқадир. Тақволи кишига эса, охират яхшидир. Хурмо данагининг ипича ҳам (Аллоҳ тарафидан) зулм қилинмайсиз”, “Ўзларида эҳтиёж бўла туриб, (эҳсон қилишда бошқа муҳтожларни) ихтиёр қилурлар” оятларига таянади.

         Сабр мақомида:

{وَاصْبِرْ وَمَا صَبْرُكَ إِلَّا بِاللهِ}[النحل:127] {وَبَشِّرِ الصَّابِرِينَ}[البقرة:155].

яъни: “Сабр қилинг. Сабр қилишингиз эса фақат Аллоҳ (ёрдами) билангина мумкиндир”, “Сабр қилувчиларга хушхабар беринг” оятларига таянади.

         Ҳудди шунингдек, тасаввуфий ҳолатлар ҳам муайян оятларда ўз ифодасини топади. Масалан, хавф холатида:

{يَدْعُونَ رَبَّهُمْ خَوْفًا وَطَمَعًا}[السجدة:16].

яъни: “Парвардигорларига қўрқув ва умид билан дуо қилишади”, оятига таянади. Ражо ҳолатида:

{مَنْ كَانَ يَرْجُو لِقَاءَ اللهِ فَإِنَّ أَجَلَ اللهِ لَآَتٍ}[العنكبوت:5].

яъни: “Кимки Аллоҳга юзма-юз бўлишдан умидвор бўлса, бас, Аллоҳнинг (белгилаган) фурсати, албатта, келувчидир” оятига таянади.

         Тариқатнинг мақсади Аллоҳ таолонинг каломи ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларига ихлос билан амал қилишни ўргатиш ва шу орқали инсонни камолотга етказишдир.

         Жорий йилнинг 28 апрель куни Юртбошимизнинг Бухоро вилоятига ташрифлари давомида берилган топшириқлар қаторида Бухородан чиққан алломалар, хусусан, етти пир уламоларининг ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш ҳамда уларни кенг жамоатчиликка тарғиб қилиш масаласи қўйилган эди. Бугунги кунда соҳа мутахассислари томонидан бу борада бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, куни кеча Ўзбекистон Халқаро Ислом Академияси томонидан “Маърифат ва ибрат тимсоллари” мавзусида етти пир уламоларининг илмий меросини ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш бўйича соҳа мутахассислари ва тадқиқотчилар иштирокида онлайн давра суҳбати бўлиб ўтди. Ушбу давра суҳбатида иштирок этган олимларнинг чиқишларидан ҳам маълум бўлдики, мазкур мавзу устида тадқиқотлар олиб бориш ҳақиқатан бугунги кунда жуда муҳим. 

2017 йил 15 июнда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Тошкент шаҳрида ўтказилган “Ижтимоий барқарорликни таьминлаш, динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги видеоселекторда аҳоли, айниқса, ёшларни бузғунчи ғоялар таьсиридан ҳар томонлама ҳимоя қилиш, уларни ватанга муҳаббат,
миллий-диний қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, буюк аждодларимиз қолдирган бой илмий меросни ҳар томонлама ўрганиш, уларни кенг жамоатчиликка етказиш, турли оқимларнинг ёт ғояларига қарши асосли раддиялар тайёрлаш мақсадида Самарқанд вилоятида ҳадис ва калом илми мактаби, Фарғона вилоятида ислом ҳуқуқи мактаби, Бухоро вилоятида тасаввуф мактаби, Қашқадарё вилоятида ақида мактабларини ташкил этиш бўйича тавсия ва кўрсатмалар берилди.

Мазкур кўрсатмалар ижросини таьминлаш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2017 йил 30 ноябрдаги буйруғига асосан
Мир Араб олий мадрасаси қошида Тасаввуф мактаби ташкил этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2018 йил 24 январдаги буйруғи билан Тасаввуф мактаби тўғрисидаги Низом тасдиқланган бўлиб, Мактаб ўз фаолиятини мазкур Низом асосида олиб бормоқда.

Тасаввуф мактабида тингловчиларга асосан Нақшбандия таълимоти ўргатилади. Шунингдек, юртимиздан етишиб чиққан
ва аҳолимиз ўртасида кенг тарқалган, мамлакатимиз тарихида ўзига хос ижтимоий-маданий аҳамият касб этган Кубровия, Яссавия ҳамда Қодирия тариқатлари ўрганилишига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Ишонамизки, ушбу соҳада олиб борилаётган ишлар аҳолимизнинг маънавий-маърифий  ҳаётида ўзининг ижобий самараларини беради.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раисининг биринчи ўринбосари

Ҳомиджон Ишматбеков 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:15
Куёш: 05:57
Пешин: 13:10
Аср: 17:55
Шом: 19:40
Хуфтон: 21:10
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram