ТАСАВВУФИЙ ТАЪЛИМОТЛАР ТАРИХИДАН
2272 марта ўқилди.
Турли қомусий луғатлар, илмий-ирфоний манбаларда тасаввуфнинг дунёга келиши ва бу атама моҳияти ҳақида турлича қарашлар баён этилган. Тасаввуфга,бу қарашлар моҳиятидаги уйғун нуқталарни умумлаштирган ҳолда, инсониятни руҳий-маънавий покланишга даъват этувчи ғоялар силсиласи дея таъриф бериш мумкин. Бироқ тасаввуфга берилган кўпдан кўп таърифларнинг аксариятида унга назария сифатида қараш кайфияти устуворлик қилади. Бизнингча, эса тасаввуф – соф амалиётдир. Унга амалий фаолият, ўзликни англаш ва ўзини поклаш билан боғлиқ узлуксиз жараён сифатида қараш – тасаввуф моҳиятини теранроқ англашга кўмак бериши билан бирга, унинг ижтимоий аҳамиятини ошириб, ҳар бир жамият маънавий-маърифий ҳаётидаги ўрнини аниқ тасаввур этишга замин яратади. Зотан, тасаввуф тариқатлари ичида ижтимоий турмушга яқинлари барча асрларда омма диққатини ўзига тортган ва шу тариқа инсоний камолот пиллапояларини босиб ўтиш билан боғлиқ сермашаққат жараённинг беминнат кўмакчисига айланган. Хожагон-нақшбандия тариқати босиб ўтган йўл ва унинг бугунги жаҳоншумул мавқеи – фикримизнинг ёрқин далилидир. Аксинча, тасаввуфни фалсафий оқим сифатида изоҳлаган ва тушунтиришга уринган Ибн Арабий каби олимларнинг назарий талқинлари туфайли баъзан унга фан тармоқларидан бири ўлароқ қараш, унинг амалий моҳиятидан узоқлашиш ҳам кузатилган.
 
Тасаввуф таълимоти пайғамбарлардан мерос қолган. Ҳар бир улуғ пайғамбар ўз қалбини Аллоҳнинг зикри билан пок этиб, Унинг буйруқларини бекаму кўст бажарган ва ҳалол меҳнат ила ризқ топишни ўз бурчи деб билган. Жумладан, Одам алайҳиссалом деҳқончилик, Идрис алайҳиссалом темирчилик, Мусо ва Муҳаммад алайҳиссаломлар чўпонлик қилганлар. Кейинчалик Муҳаммад алайҳиссалом тижорат билан шуғулланганлар.
Пайғамбарлардан мерос бу қадрият валийлик мақомига эришган аҳли уламо томонидан муносиб давом эттирилган. “Тасаввуф шайхлари халқнинг маънавий раҳбарлари, руҳоний мураббийлар сифатида майдонга чиқиб, пайғамбар (с.а.в.) фаолияти, ҳолатларини давом эттиришга жазм этганлар”.
 
Авлиёуллоҳларимиз амалий фаолиятда ҳам Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан мерос суннатга садоқат бажо этганлар. Жумладан, “Хожагон шайхлари ишсиз, маълум касб-ҳунар эгаси бўлмаган инсонларни муридликка қабул қилмаганлар, ўзлари албатта бирор касб-ҳунар билан машғул бўлганлар. Хожа Али Рометаний – тўқувчи, Муҳаммад Бобойи Самосий – боғбон, Саййид Амир Кулол – кулол, Баҳоуддин Нақшбанд – наққош, тўқувчи ва чорвадор, Амир Кулолнинг ўғли Амир Ҳамза – овчи, Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор – чорвадор ва савдогар бўлишган”. Бу янглиғ ижтимоий ҳаётга вобасталик асрлар давомида хожагон тариқати мавқеининг ортишига, унга эргашувчи, қалбини имон маърифати, жисмини меҳнат роҳати билан озиқлантириш иштиёқи ила ёнган аҳли соликнинг кўпайишига замин яратган.
 
Тасаввуф амалиёти билан машғул кишилар сўфийлар деб юритилган.
 
Сўфийصوفي сўзининг келиб чиқиши: пайғамбар алайҳиссаломнинг муборак масжидлари ёнида баъзи камбағал саҳобалар суфа(супа)да яшаганлар. Шунинг учун улар “аҳли суффа” ёки “асҳоби суффа” дейилган. Бу тарихий таъриф.
 
Суф صوف – жун кийим, сўфий эса – жун мато кийган киши, жандапўш дегани. Сўфийлар, одатда, жундан кийим кийиб юрганлар. Бу зоҳирий таъриф.
 
Улар қалбларини Аллоҳ зикри билан покиза қилганлари, доимо зикр айтиб юрганлари учун, яъни “сафо ул-қалб” (қалб софлиги) йўлида жонбозлик кўрсатганлари боис ҳам сўфий деб аталганлар. Бу ботиний таъриф.
 
Пайғамбар алайҳиссаломнинг муборак суннатларини кишилар ўртасига ёйиш, уларга доимо амал қилиш, асҳоби суфа одатларига, жандапўшликка ва қалб покизалигига қаттиқ эътибор берганлари учун сўфий деб айтилган. Бу амалий таъриф.
Бироқ сўфийликнинг роҳиблик (таркидунёчилик)дан жиддий фарқи бор. Роҳиблик Аллоҳ таоло буюрган амаллардан бўлмай, балки уни кишиларнинг ўзлари ўйлаб чиқарганлар. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:
 
و رهبانيّة إبتدعوها ما كتبناهاعليهم
 
“Роҳибликни эса улар ўзлари чиқариб олдилар. Биз уларга уни (роҳибликни) ёзганимиз йўқ”. (Ҳадид сураси, 27-оят)
 
Пайғамбар алайҳиссалом айтадиларки:
 
لا رهبانيّة في الاسلام   “Исломда роҳиблик йўқ”.
 
Тасаввуфдаги бирор шайх ёхуд валиуллоҳ томонидан маълум тизимга солинган йўл, оқим тариқат ёхуд сулук деб юритилади. Илмий-ирфоний манбалар орқали ўтмишда бирор тариқат йўлбошчисига нисбатан пир ёки муршид, бу йўлни қабул қилган шахсга нисбатан мурид ёхуд солик атамаларини қўллаш маълум урф сифатида амал қилганлигига гувоҳ бўлиш мумкин. Тaсаввуф илми билан шуғулланган, унинг тарихи ва тараққиётини ўрганиб, ғоялари тарғибига саъй этган олимлар эса мутасаввифлар деб юритилади.      
Тариқат сардорлари, яъни муршидлар валийлик сифатига эга бўлганлар. Валийлик (авлиёлик) ҳаммага ҳам насиб этавермайдиган юксак мартаба бўлиб, авлиёлар Аллоҳ таоло наздида бениҳоя азиз зотлардир.
 
Валий ولي дўст, кўплиги авлиё أولياء дўстлар дегани. Авлиёлар –  Аллоҳнинг дўстлари, Унинг розилигини топган зотлар, Аллоҳга яқин кишилар. Улар – Ҳақ таолонинг севикли ва суюкли, Унинг назари тушган солиҳ, тақводор, кароматли ва ихлосли бандалари. Авлиёлар вафотларидан кейин ҳам инсонларга маънавий фойда етказиб, уларнинг тушларига кириб, бирор нарсадан огоҳ этадилар ёки уларга насиҳат қиладилар, танбеҳ берадилар. Авлиёлар тўғрисида ҳар хил салбий фикр билдиришдан, уларни васила (восита) қилиш, уларнинг қабрларини зиёрат қилиш ёки ҳақларига дуои фотиҳа қилиш ширк дейишдан эҳтиёт бўлиш керак. Чунки Аллоҳ таоло айтадики:
 
ألا إنّ أولياء الله لا خوف عليهم و لا هم يحزنون الّذين أمنوا و كانوا يتّقون
 
“Огоҳ бўлингизки, албатта, Аллоҳнинг валий (дўст)ларига (охиратда) хавф йўқдир ва улар ташвиш ҳам чекмаслар. Улар имон келтирган ва тақволи бўлганлардир”. (Юнус сураси, 62-, 63-оятлар)
Авлиёлар Аллоҳ нурининг маъданлари бўлиб, уларга Ҳақ таоло томонидан каромат берилади. Каромат – пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларига доимо амал қилиш натижасида пайдо бўлади.
 
 كرامة الأولياء حقّ –Авлиёларнинг каромати ҳақ.
 
Авлиёларнинг 6 та табақаси бор:
 
1. Қутб قطب  – тасаввуф шайхларига бериладиган энг олий унвон. Тасаввуфда маълум бир даражага етган авлиёлар. Улар икки нафардирлар. Ҳар бир даврнинг ўз қутби бўлиб, улар ҳар бир замонда мавжуд бўладилар. Уларнинг қалби Муҳаммад алайҳиссалом қалблари билан алоқадор бўлади.
 
2. Ғавс غوث  – бу ҳам қутб каби бўлиб, ёрдам берувчи деган маънони англатади.
 
3. Абдол أبدال  – ғойиб кишилар тоифасидан бўлиб, ўзлари халқ ичида бўлсалар-да, уларнинг абдол эканликларини ҳеч ким билмайди. Абдол форс ва туркий тилларда “чиҳлтан” (қирқ кишидан иборат) деб юритилади. Улардан қайси бири вафот этса, ўрнига дарҳол янгиси тайин этилади. Олдинги кишига бадал (ўринбосар) бўлиб келгани учун ҳам уларга “абдол”, яъни ўринбосарлар деб ном берилган. Баъзи манбаларда уларнинг адади 400 талиги қайд қилинган.
 
4. “Автод” اوتاد сўзининг луғавий маъноси – қозиқлар. Улар ҳам абдол каби зотлар бўлиб, ададлари баъзи манбаларда 4 нафар дейилса, баъзиларида 70 нафар дейилган.
 
5. Нужабо نجبا  – олий зот бир тоифа авлиёларки, улар фақат инсонларнинг фойдаси учун фаолият кўрсатадилар. Уларнинг одамлар ҳаққига қилган дуолари мустажоб. Уларнинг адади баъзи манбаларда 70 киши дейилса, бошқа бир манбада 40 киши деб кўрсатилган.
 
6. Нуқабо.نقبا  Тасаввуфда бир тоифа авлиёларга шу ном берилган бўлиб, улар умматлар учун зоминдирлар. Ададлари – 300 нафар.
 
“Ислом энциклопедияси”да қайд этилишича, тасаввуф ўз тарихий тараққиёти давомида бир-бирига асос бўлиб хизмат қилган, бир-бирини тўлдирган ва давом эттирган олтмишдан ортиқ тариқатни ўз атрофига бирлаштира олди. Улар орасида машҳур тасаввуф пешволари ғайрати билан майдонга чиққан ва маънавий покланиш машаққатлари сари даъват этувчи қатор тармоқларга асос бўлиб хизмат қилган тайфурия, қодирия, сухравардия, жунайдия, хожагон-нақшбандия, яссавия, чиштия, кубравия, мавлавия сингари етакчи тариқатлар ҳам бор.
 
Тайфурия. Қадим Шарқда кенг тарқалган сўфийлик таълимотларидан бири. Тамал тошлари Боязид Тайфур ибн Исо Бистомий (875 йилда вафот этган) томонидан қўйилганлиги боис шундай ном билан юритилади. Замондошлари ва ундан кейинги олимлар Боязид Бистомийни “султон ул-орифин” унвони билан шарафлаганлар. Бироқ у асос солган таълимот ўзликни унутиш (ғалаба), Худо ишқида маст (сукра) ва фано (мавжудликни йўқотиш) бўлиш ғоялари тарғибига йўналтирилган бўлиб, моҳиятан мазкур таълимотда таркидунёчилик кайфияти устувор эди.
 
Маломатия. Тариқатнинг асосий қоидалари Ҳамдун ал-Қассор (884 йилда вафот этган) томонидан ишлаб чиқилган. Маломатиянинг дунёга келишига Боязид Бистомий томонидан илгари сурилган тасаввуфий қарашларнинг ҳам ўзига хос таъсири бор. Бироқ маломатийлик жуда кўп жиҳатлари билан, жумладан, ўз хато ва қусурларини эътироф этиш, Ҳақ ва эл олдида пургуноҳликни тан олиш ғояси билан алоҳида эътироф қозонди ва шу жиҳати билан ўзидан кейинги тариқатлар ривожига таъсир кўрсатди. Жумладан, нақшбандия тариқати ғоялари такомилида ҳам маломатия таъсирини яққол кузатиш мумкин.  
 
Жунайдия. Бу тариқат асосчиси машҳур сўфий ва фақиҳ Абул Қосим ал-Жунайд ибн Муҳаммад ал-Қаворирий ал-Ҳаззоз ал-Бағдодий (910 йилда вафот этган) ҳисобланади. Ўз даврида тайфурия оқимининг таркидунёчилик ғояларига қарама-қарши оқим сифатида майдонга чиққан жунайдия тасаввуфни руҳий покланиш ҳамда фарз ва суннат амалларни амалиётга тадбиқ этиш воситаси ўлароқ талқин қилиши билан алоҳида аҳамият касб этди. Кейинчалик бир қатор тариқат пешволари, жумладан хожагон-нақшбандия улуғлари ҳам, ўз таълимотларини ишлаб чиқишда жунайдия тариқати ғояларидан кенг фойдаландилар. 
 
Қодирия. Ушбу тариқатга машҳур мутасаввиф, шайх Абдулқодир Гилоний (1077-1166, қабри Бағдодда) асос солган. Тариқатда ғоят юксак мақомга эришган шайх Абдулқодир Гилоний Шарқда “Ғавсул Аъзам”, “Қутбул Аъзам”, “Шайхи Машриқ” номлари билан машҳурдир. Қалбни зикр ва риёзат ила поклаш, фарз ва суннатларни беминнат адо этиш, бошқа тариқатлардаги энг яхши анъаналарга давомчи бўлиш кабилар қодириянинг муҳим хусусиятлари ҳисобланади.
 
Сухравардия. 12-аср охири – 13-аср бошларида Ироқ ва Мовароуннаҳр ҳудудларида зоҳидлик мактаби доирасида ташкил топган. Сўфий-мутасаввиф Шиҳобиддин Абу Ҳaфc Умар Сухравардий (1145-1234) унинг асосчиси ҳисобланади. Суннат амалларга жиддий эътибор қаратишни бош ғоя сифатида тарғиб этган мазкур тариқат, айниқса, Ҳиндистонда кенг тарқалган.
 
Чиштия. Шарқий Хуросонда шаклланиб, сухравардия тариқати сингари Ҳиндистонда камолот чўққисига эришган ва кенг тарқалган мазкур таълимот асосчиси Хўжа Абу Исҳоқ аш-Шомий (1097 йилда вафот этган) ҳисобланади.
Мазкур тариқат вакиллари Аллоҳга таваккал қилиш, тирикчиликни ҳалол меҳнат асосига қуриш, мазлум ва бечораларга кўмак бериш каби амалларни  Аллоҳ марҳаматига эришишнинг муҳим шарти ҳисоблаганлар.     
 
Яссавия. Мазкур тариқат асосчиси Хожа Юсуф Ҳамадонийнинг учинчи халифаси, Туркистон шайх ул-машойихи Хожа Аҳмад Яссавий ҳисобланадилар. Хожа Юсуф Ҳамадоний ва Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний таълимоти негизида шаклланган яссавияда “ислом қонун-қоидалари (шариат), тасаввуф маслаги (тариқат), ишқи илоҳий (маърифат), Аллоҳ висолига эришиш (ҳақиқат) кенг тарғиб этилган”.
 
Кубравия. Мовароуннаҳр заминида 13-аср бошларида дунёга келган мазкур тариқат асосчиси Аҳмад ибн Умар ибн Муҳаммад Хивақий ал-Хоразмий – Нажмиддин Кубродир.
Саховат, шафқат, таъмадан холи бўлиш ва муҳтожлар ғамига шериклик – жавонмардлик – кубравиянинг бош шиори ҳисобланади. Тавба, зуҳд, таваккал, қаноат, узлат, зикр, таважжуҳ, сабр, муроқаба, ризо сингари ўн амалий асосга таянганлиги ҳам унинг ғоят кенг тарқалишига замин яратди. Мажидиддин Бағдодий, Саъдуддин Ҳамавий, Бобо Камоли Чандий, Сайфиддин Бохарзий, Нажмиддин Розий, Паҳлавон Маҳмуд Пурёйвалий каби улуғ зотлар кубравиянинг кейинги даврлардаги такомил ва тараққийсига хизмат қилдилар.
 
Мавлавия. Шарқда (айниқса, Туркия ва Эронда) анча кенг тарқалган бу тариқат асосчиси машҳур шайх ва шоир Жалолиддин Муҳаммад ибн Баҳоуддин Муҳаммад ал-Балхий – Румийдир. “Румийни кўпинча “мавлоно” (“жаноб”) деб аташган. Шундан тариқат номи олинган”. Мазкур тариқатда ибодатнинг жаҳрий зикр ва самоъ (ошкора зикр ва рақс) усуллари етакчилик қилади.
 
Хожагон-нақшбандия. Тамал тоши Хожа Юсуф Ҳамадоний (1048-1141) ва Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний (1103-1179) томонидан қўйилган, кейинчалик Хожа Баҳоуддин
 
Нақшбанд (1318-1389) хизматлари туфайли энг юксак чўққига эришган жаҳоншумул тариқат.
 
Мармара университети (Истанбул) Илоҳиёт факультети профессори  Доктор Наждат Тўсуннинг қуйидаги қайдларида нақшбандия таълимоти ҳақида маълумотлар батафсил баён этилган:
 
XII асрда диний билимлар ва шариат уламоларининг маркази ҳисобланган Бухоройи шарифда Абдулхолиқ Ғиждувоний асос солган хожагон тариқати ўша давр ва минтақанинг маданиятига уйғун тарзда шаклланди.
 
Абдулхолиқ Ғиждувоний ўз тариқатида жаҳрий зикр, самоъ ва хилватга кенг ўрин бермай, янгича услуб қўллайди. Суннатга эътибор бериб, бидъату хурофотлардан йироқлашишга аҳамият беради. Ўз муридига: “Фиқҳ ва ҳадис илмини ўрган, жоҳил сўфийлардан йироқ бўл, молинг фиқҳ китоблари бўлсин, сени мақтасалар ғурурланма, маломат қилсалар ранжима, инсонлардан ҳеч нарса тама қилма, футувват аҳлидан бўл ва Ҳақ таоло сенга нима берса халққа эҳсон қил!”, дея насиҳат қилиши унинг эътиқодида Хуросон маломатийлик тушунчаси ва Мовароуннаҳр диний муҳити жамулжам бўлганлигини кўрсатади. Бу синтез кейинчалик хожагон тариқатининг бош хусусияти сифатида давом этди ва тахминан икки асрдан сўнг нақшбандия тариқатига мерос бўлиб ўтди. Абдулхолиқ Ғиждувоний ва издошларининг тасаввуфий дунёқарашини уч асосий тамойилга ажратиб ўрганиш мумкин: исломий қоидаларга асосланиш; аҳли сунна вал жамоа эътиқодига риоя; маломатийлик тушунчасига боғлиқлик.
 
Исломий қоидаларга боғлиқлик.Хожагон таълимотининг асосий хусусиятларидан бири – амри маъруф ва наҳй мункарга қаттиқ риоя қилиш, дин уламоларига ҳурмат кўрсатиб, бидъат амаллардан сақланишдир. Шу жиҳатдан бўлса керак, хожагон мактаби турли бидъатлардан, ботинийлик ва ҳуруфийлик каби ботил таълимотлар таъсиридан ўзини муҳофаза эта олган. Ҳусайн Вассоф (ваф. 1929 й.) бу ҳолатни ўз китобида бундай ифодалайди: “Бу олий тариқатда бидъат ишлар йўқлиги ва уларнинг маслакларига (шариатга нисбатан) эътиборсизлик дохил этмаганидан умумисломий жамоатчилик наздида (бу тариқат) ҳақиқий маънода эътироф этилган ва тез орада кенг тарқалган. Бу тарқалишда таъсирли омил ислом уламосининг (хожагонга) рағбат кўрсатишидир”. Ҳусайн Вассофнинг XX аср бошида берган бу баҳоси хожагоннинг барча даврлардаги мавқеига дахлдордир.
 
Абдулхолиқ Ғиждувоний фанойи нафс мартабасига ўнг қўлда Қуръони каримни, чап қўлда ҳадиси шарифни ушлаган ҳолда, уларнинг нури билан юрган кишигина эриша олади дейди. Муридига: “Фиқҳ ва ҳадис илмини ўрган, жоҳил сўфийлардан узоқ юр!”, дея насиҳат қилиши унинг диний ҳукмларга нечоғли эътибор берганлигини кўрсатади. Хожагон машойихининг: “Хожалар (дин олимлари) бизнинг саййидларимиз” дея уламои киромга ҳурмат бажо келтирганлиги маълум. Хожа Али Ромитанийнинг мажлисида олимлардан бири уни мақтаб: “Сиз мағзсиз, биз эса пўстлоқ”, дебди. Шунда Хожа Али Ромитаний: “Мағз пўстлоқнинг ҳимоясидадир”, деган экан. Унинг бу сўзини изоҳлаган Муҳаммад Арзангий ёнғоқ пўстлоғи (пўчоғи)нинг шариатга, мағзининг эса тариқатга ўхшашини, пўстлоқсиз мағз чириб кетишини баён этади. Яъни, мағз пўстлоққа муҳтож бўлганидек, тариқат аҳли ҳам шариат олимларига муҳтождир.
 
Дўст ва муридларига диний амрларга ва илмга суянишни тавсия этган Саййид Амир Кулолнинг: “Бирор киши сизлардан мазҳабга доир савол сўраса-ю, жавоб беролмасангиз, бундан ҳам хунукроқ иш бўлмайди. Бу ҳолат сизнинг ғафлатда эканлигингизни билдиради... Олимларга яқинлашинг, чунки улар умматнинг машъалидирлар”, – дегани ривоят қилинади. Саййид Амир Кулолнинг ўғли Саййид Амир Ҳамза Абу Ҳафс Умар Насафийнинг (XII аср) сўзларидан баҳс юритаркан, ботил йўлдаги сўфийлардан қочиб, диний фармонларга боғлиқ равишда яшашни тавсия этади.
 
Баҳоуддин Нақшбанд кўпроқ ҳадис илмидан таҳсил олиб, илмга ва илм аҳлига катта аҳамият берарди. Шу хусусияти боис Бухоро мадрасаларидаги кўплаб мударрис ва талабалар унга мурид бўлишиб, суҳбатларига қатнай бошлаганларида баъзи олимлар мадрасалар бўшаб қолишидан андешаланганлар. Шунда Баҳоуддин Нақшбанд олимларга: “Тариқатимизни  сизга тушунтирайлик, агар шариатга ва суннатга тўғри келса йўлимизда давом этаверамиз, агар тўғри келмаса воз кечамиз”, – деган экан. У ҳалол ва ҳаром масаласида жуда эҳтиёткор бўлар, шубҳали таомлар емас, муридларига ҳам едирмас эди.
“Биз Аллоҳнинг лутфи билан (маънан) нимага эришган бўлсак, Қуръони карим оятлари ва ҳазрат пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларига амал қилганлигимиздандир. Бу амалдан бирон натижага эришмоқ учун тақво қилиб, шариат қоидаларига азимат билан риоя қилмоқ, аҳли сунна вал жамоа асосларига амал қилмоқ ҳамда бидъатлардан қочмоқ керак”, – дейди Баҳоуддин Нақшбанд.
 
Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор “Фақарот” асарида фано ва бақо мартабаларига фақат ҳазрати пайғамбарга, диний асосларга ва аҳли сунна вал жамоа йўлига эргашиш билангина эришмоқ мумкинлигини айтади. У фақирларнинг ҳаққидан қўрқиб, вақф молни ейишдан ўзини сақлар эди. Ҳалол озуқа тасаввуф йўлида камолотга эришиш учун муҳим аҳамият касб этишини таъкидларди. Пайғамбар алайҳиссаломга эргашиш, олимларга ҳурмат кўрсатиш лозимлигини айтаркан, илмни тирикчилик ва мансаб учун восита қилиб олган олимлардан узоқлашиш лозим дейди. У Саййид Қосим Табризийнинг баъзи муридлари диний амалларга риоя қилмаганлиги учун унга интисоб этиш фикридан воз кечган экан.
Хожагон-нақшбандия машойихлари дунёқарашида исломий амр ва тақиқларга шунчаки итоатлар билан эмас, балки азимат (тақво) билан амал қилиш мавзуси муҳим ўрин тутади. Баҳоуддин Нақшбанднинг тушида Абдулхолиқ Ғиждувоний: “Доимо оёқни шариат ва истиқомат сажжодасига қўйиш, азимат ва суннат билан риоя этиш, рухсат ва бидъатдан йироқ туриш лозим”, дея тавсия қилгани учун Хожа Баҳоуддин азимат билан ҳаракат қилмоқ ниятида жаҳрий зикрни тарк этиб, хафий зикрни бошлаган. Ҳатто ривоят қилинишича, совуқ қиш бўлишига қарамай, диний фатвога кўра таяммум қилиш ўрнига, азимат йўлини танлаб, Ревартун қишлоғидан Қасри Орифонга қадар бориб, катта қийинчиликлар билан сув топиб ғусл қилган экан.
 
Саййид Амир Кулолнинг: “Рухсатлардан узоқлашинг, кучингиз етгани қадар азимат билан амал қилинг. Рухсат билан амал қилиш заиф инсонларнинг ишидир”, дегани ривоят қилинади. Хожа Муҳаммад Порсо эса: “Аҳлуллоҳнинг усули фарқлидир. Баъзилари рухсат билан амал қилади, бундан мақсадлари халқнинг манфаатидир. Баъзилари эса азимат билан амал қилади, уларнинг ҳам мақсадлари халқнинг фойдасидир. Аммо азимат билан амал қилиш халқ учун фойдалироқ ва таҳликадан янада узоқдир”, деган экан. Пайғамбар алайҳиссалом таҳажжуд намозини тўрт, олти, саккиз ва ўн икки ракат каби фарқли миқдорларда адо этилганлиги нақл этилса-да, хожагон ва илк давр нақшбандийлари ўн икки ракат қилишни ихтиёр этганлиги азимат билан амал қилишга бир далилдир.
 
Аҳли суннага боғлиқлик. Аҳли сунна вал жамоа ақидасига эътиқод қилинган Бухоро диёрида дунёга келиб, кенг тарқалган хожагон тариқати исломиятнинг сунний жиҳатини эътироф айлаган бўлиб, бу хусусиятини доимо муҳофаза этиб келган. Машойихлар силсиласининг бошқа кўплаб тариқатлари каби ҳазрат Али (к.в.)га эмас, балки ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ (р.а.)га бориб тақалиши ҳам хожагоннинг суннийликка берган аҳамияти тимсолидир.
 
Муҳаммад Порсо “Фасл ул-хитоб” асарида аҳли байтга муҳаббат мавзусига тўхталиш билан бирга, шиаларни (рофизийларни) қоралайдиган баъзи ривоятларга ҳам ўрин берганлиги учун унинг бу асари шиалар томонидан маъқул кўрилмаган. Абдураҳмон Жомий ҳам “Нафаҳот ул-унс” асарида Сафиюддин Ардабилий, унинг ўғли Садриддин Ардабилий, Шоҳ Неъматуллоҳ Валий Кирмоний, Шайх Озарий (Жамолиддин Али Ҳамза) Тусий Исфараёний ва Саййид Муҳаммад Нурбахш каби шиа ақидасига мойил дея тахмин қилинган баъзи сўфийларни зикр этмаган. Жомий бу асарида хожагон ва нақшбандий шайхларини тилга оларкан, уларнинг аҳли сунна вал жамоа мазҳабига мансублигини махсус таъкидлаган. Лекин бир шеърида: “Дейдиларки: Эй Жомий, қайси мазҳабдансан? Юз марта шукрки, на сунний кўппагиман ва на шиа эшаги”, – деганлиги унинг мутаассиб бир сунний эмаслигини кўрсатади.
 
Тасаввуф йўлида илгарилаш учун аҳли сунна эътиқодига риоя қилиш лозимлиги, чунки аҳли сунна фирқаи ножия (нажот топган гуруҳ) эканлигини қайд этган Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор: “Агар хожагон тариқати дарвишларининг эътиқодини сўрасалар, улар аҳли сунна вал жамоа эътиқодидалар, деб айт”, дейди. Аҳрория шўъбасидан Шаҳобиддин Ғованд Маҳмуд (ваф. 950/1543 йилдан кейин) ҳам: “Шайхларимизнинг усули ҳазрат пайғамбар суннатига ва аҳли сунна вал жамоа мазҳабига эргашмоқдир”, деган экан.
 
Хожагон-нақшбандия кенг тарқалган даврларда аҳли сунна вал жамоа эътиқодининг энг ашаддий рақиби шиалар эди. Лекин XVI аср бошига қадар хожагон мансублари билан шиа орасида қалтис бир низо чиқмагани учун бу мавзу жиддий хавф туғдирмаган. XVI асрда Эронда Сафавийлар давлати ташкил топиб, сунний олимлар ва сўфийларга босқин бошланганида, энг кўп хожагон вакиллари зарар кўрганлиги тарихий ҳақиқатдир.
Сафавийларнинг босқинлари туфайли хожагон мансублари Хуросон ва Эрон тупроқларидан кўчиб кета бошлаганликлари, нақшбандийликнинг Ҳиндистон ва Онадўли ўлкаларида тез тарқалишига имкон очди. Нақшбандия вакилларининг усмонли ва шайбоний давлат раҳбарлари билан муносабатлари мустаҳкамланди. Сунний раҳбарлар сафавий шиаларга қарши нақшбандийлардан унумли фойдаланишни назарда тутган бўлишлари ҳам эҳтимолдан холи эмас.
 
Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг издошлари ҳисобланган хожагон мансублари билан шиаларнинг бир-бирларига мухолиф бўлишлари сабабли хожагон тариқати шиа ва алавий таъсиридан ўзини муҳофаза эта билди. Лекин бу зиддият туфайли хожагоннинг аҳли байтга бўлган эҳтироми заррача камаймади.
 
Маломат тушунчаси асосларига боғлиқлик. IX асрда Нишопурда Ҳамдун Қассор (ваф. 271/884 й.) асос солган маломатийлик мактабининг бош асослари даврлар ўтиши мобайнида бошқа тариқатларга ҳам таъсир қилган. Булар орасида энг кўп таъсирланган тариқат хожагон сулукидир. Хожаи Жаҳоннинг “Васиятлар” китоби назардан ўтказилганда, Хуросон сўфийларининг маломатий қарашлари излари очиқ-ойдин кўринади.
 
Луғатларда ёзилишича, “маломат” сўзи “маломат қилиш, қоралаш, айблаш” каби маъноларни билдиради. Яъни, маломатийликда инсон ўз тоат-ибодатларини ноқис билиб, нафсини маломат қилиши, шу билан бир қаторда бошқаларнинг ҳам уни маломат қилишидан қўрқмаслиги асосий қоида ҳисобланади. Қуръони каримнинг “Аллоҳнинг (тоати) йўлида жидду жаҳд қилувчи, маломатчининг маломатидан қўрқмайдиган бўлурлар” (Моида, 54) ояти каримаси ушбу қоидага мисол бўла олади. Лекин маломат тушунчаси шу билангина кифояланмайди. Халқнинг маломатига қолиш учун маломатийлар қилган яхши ишларини кўрсатмаслиги, ёмон ишларни эса яширмаслиги лозим. Уларда “инсонларнинг узоқлашишларига сабаб бўладиган хатти-ҳаракатларни намойиш қилиш керак” деган фикр илгари сурилади. Боязид Бистомийнинг халқнинг илтифотидан сиқилиб, уларни ўзидан узоқлаштирмоқ мақсадида Рамазон ойида рўзасини очиши, тепаликка чиқиб: “Мен сизларнинг энг олий Парвардигорингиздирман” (Нозиат, 24) дея ҳайқириши бунга мисолдир. Маломатийлар халқнинг эътибори, илтифоти туфайли юзага келадиган кибр ва ужбдан сақланмоқ учун бундай ишларни ўзлари учун жоиз деб билганлар. Лекин кейинги асрларга келиб, баъзи қаландарий машраб сўфийлар бу ишда ҳаддан ошиб, халқнинг маломатига сазовор бўлиш учун соч, соқол, мўйлов ва қошларини тарошлаб (чаҳорзарб уриш), одамда нафрат қўзғайдиган турфа хил кийимлар кийишгача боришган. Абдураҳмон Жомий ўз даврида маломатийларга ўхшаганларни икки гуруҳга ажратиб, ҳақиқийларини қаландарий, сохталарини эса ошкора гуноҳ қилувчи зиндиқ дея ифодалайди.
 
Маломат тушунчасининг муҳим асосларидан бири сўфийнинг ўз маънавий ҳолини яшириши, шуҳрат ва риёдан қочишидир. Шу мақсадда улар халқ орасида ориф бир сўфий сифатида юргандан кўра эл қатори оддий бир инсон бўлиб юришни ихтиёр этадилар. Риёдан сақланиш учун кароматларини сир тутадилар. Самоъ мажлисларида важдга келиб, рақсга тушишдан, баланд овоз билан (жаҳрий) зикр қилишдан, тариқатга мансублиги кўрсатадиган махсус кийим кийишдан, ҳатто такя – хонақоҳ барпо этмоқдан сақланадилар. Тариқат маросимларига аҳамият бермайдилар, ҳашаматли мақбаралар қурмайдилар, ўзлари учун ҳам қурдирмайдилар. Футувват нашъасида эса фидокор ва жўмарддирлар. Қўл меҳнати билан кун кечиришга аҳамият берадилар. Бу хусусиятларни Абдулхолиқ Ғиждувоний ва у асос солган хожагон тариқати вакилларида ҳам кўриш мумкин.
 
Х асрда пайдо бўлган маломат тушунчаси XII-XIII асрларда бир-биридан фарқли икки йўналишда шаклланди. Булардан бири қаландарий машраб тариқатлардан ҳайдария ва жавлокия бўлса, иккинчиси, диний қоидаларга маҳкам амал қилувчи ва маломатий қарашларни илгари сурган хожагон тариқатидир.
 
Маломатийларнинг тасаввуфий қарашлари билан Абдулхолиқ Ғиждувоний ва издошларининг фикр-қарашлари қиёсланганда маломатийлик тушунчаси хожагон таълимотига нечоғли таъсир кўрсатгани янада равшанлашади.
 
а) маломат қилувчининг маломатидан қўрқмаслик. Абдуллоҳ Ансорий (ваф. 481/1089 й.) маломатийликни “Ҳақ таоло йўлида халқнинг қоралашларидан қўрқмаслик” дея таърифлайди. Абдулхолиқ Ғиждувоний муридига тавсияларида: “Халқнинг сени мақташи билан ёмонлаши сенинг назарингда бир хил бўлсин ҳамда халқнинг маломатидан ранжима” дейди. Бадавлат оила фарзанди Алоуддин Аттор акаларининг тўсқинлик қилишларига қарамасдан, бозорда олма сотаверади. Бошқа бир ривоятга кўра эса Аттор Баҳоуддин Нақшбандга мурид бўлишни истаганида Нақшбанд ҳазратлари ҳўкиз ишкамбасининг ичини ташқарига ўгириб, бошига қўйиб келишни буюрганида Аттор бозордагиларнинг маломатларига эътибор бермай, устозининг амрини бажо келтирган.
 
б) эл қатори бир инсон каби юриш, тариқат белгисини билдирувчи махсус кийим киймаслик ва шуҳратдан сақланиш. Маломатийлардан Абу Ҳафс Ҳаддод (ваф. 264/878) кўчада эл қатори оддий кийиниб юрар, уйга келганида сўфийлик хирқасини киярди. Абу Абдураҳмон Суламий (ваф. 412/1021) халқ қандай кийинса, шундай кийинишни маломатийларнинг асосий қоидалари орасида тилга олади. Маломатийлар ўз маънавий аҳволини яшириш учун сўфиёна хирқа ва тож ўрнига савдогар ё уламолар кийимини кийишни ихтиёр этганлар.
 
Хожагон ва нақшбандиянинг илк даврларига назар солинганда, махсус бир андоза ва рангда хирқа ё тож кийишнинг мавжуд бўлмаганлиги кўринади. Кейинги асрларда усмонли нақшбандийлари давр ва минтақа анъанасига кўра махсус тожлар кийган бўлсалар-да, бу нарса ҳеч вақт тариқатнинг бош қоидаси бўлмаган. Боз устига кўплаб нақшбандия машойихи уламо каби оддий салла ўраганлар ёки оддий бир ёпинчиқ ташлаб юришни афзал билганлар. Ҳусайн Вассоф ҳам бу хусусни қуйидаги жумласида махсус таъкидлайди: “Нақшбандия тариқати соликларида бошқа тариқатларда бўлганидек махсус бир либос йўқ. (Уларда) ҳар ким маслагига кўра кийинади. Нақшбандия машойихи эса, асосан, уламо қиёфасида юрадилар...”
 
Хожагон даврига мансуб ва тахминан ХIV асрнинг ўрталарида Муҳаммад Асъад Бухорий томонидан қаламга олинган “Маслак ул-орифин” асарида муридларнинг маънавий даражаларига кўра фарқли рангларда хирқа кийганликлари баён этилса-да, бу анъана нақшбандийларнинг эмас, кўпроқ кубравийлар каби бошқа тариқатларда намоёндир. Мазкур асарда бу маълумотлар бошқа тариқатлардаги ҳолатни тушунтириш ниятида қайд этилган бўлиши мумкин. Зеро, хожагон улуғлари: “Бизга кўра хирқа эмас, ҳирфа (маслак, касб-ҳунар) муҳимдир” деганлар.
 
в) хилват. Маломатийликнинг энг муҳим асосларидан бири шуҳратдан қочишдир. Абдулхолиқ Ғиждувоний ва қолган баъзи хожагон вакиллари “хилватда шуҳрат бор, шуҳратда офат” фикри билан хилватга кўп аҳамият бермаганлар ва “халқ орасида Ҳақ билан бўлиш” дея таърифланган “хилват дар анжуман” қоидасини қабул қилганлар. Абдулхолиқ Ғиждувоний “хилват эшигини ёп, суҳбат эшигини оч”, Баҳоуддин Нақшбанд эса “Йўлимиз суҳбат йўлидир, хилватда шуҳрат, шуҳратда офат бор” деганлар.
 
Ривоят қилинишича, Саййид Амир Кулолнинг ўғли ва халифаси Саййид Амир Ҳамзадан бир шайх: “Тариқатингизда нима учун хилватда ўтиришга кам эътибор берилади?” дея сўраганида, Амир Ҳамза: “Хилватда ҳам суҳбат қуриш учун бир рафиқ керак”, – дея жавоб берган экан. Бу шайх Амир Ҳамзага хилватда рафиқ бўла олишини айтганида, Амир Ҳамза: “Сизнинг хилватингиз қандай?”, – дея сўради. Шайх: “Бир кўза сув ва қирқ дона майиз билан қирқ кунни ўтказамиз”, – дейди. Амир Ҳамза: “Бизнинг хилватимиз эса бир таҳорат билан хилватга кириш, ҳар куни бир қўй ейиш ва қирқ кун ўша таҳорат билан намоз ўқишдир”, – дейди. Хожа Нақшбанд Амир Ҳусайннинг саволига жавобан тариқатида хилват ва самоънинг ўрнига “хилват дар анжуман” қоидаси борлигини айтган.
 
Жамият орасида танҳо бўлиш деган маънони билдирувчи “хилват дар анжуман” атамаси сўфийнинг бир чеккада ўтирмасдан, халқ орасида бўлиши, лекин жисман одамлар орасида бўлса ҳам, ботинан улардан узоқда, Аллоҳ билан бирга бўлишни бидиради. Зоҳирда халқ билан, ҳақиқатда эса Ҳақ билан, “Даст ба кору дил ба Ёр” – қўл ишда, кўнгил Ёрда, “тан дар бозору дил ба Ёр” – тан бозорда, қалб ёрда каби шиорлар худди шу мазмунда қўлланилган. “Хилват дар анжуман” қоидаси: “Эртаю кеч У зотни поклайдиган кишилар бордирки, уларни на тижорат ва на савдо (ишлари) Аллоҳнинг зикридан, намозни баркамол адо этишдан ва закот беришдан чалғита олмас” (Нур, 37) оятига кўра қабул қилинган. Баҳоуддин Нақшбанд ҳажга борганида Мино бозорида бир ўсмирнинг беш минг динорлик савдо қилаётганини, лекин қалбининг бир лаҳза бўлса ҳам Аллоҳдан ғофил бўлмаганини мушоҳада этиб, у ҳақда фахр билан сўзлаган экан.
 
Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг муридларидан Авлиё Кабир “хилват дар анжуман”ни изоҳларкан, шундай дегани нақл этилади: “Доимий зикр қилган одам зикрдан ҳосил бўлган важду истиғроқ билан шундай бир мартабага етадики, зикр қалбини қуршаб олганидан зокир бозорга кирса ҳам ҳеч қандай овозни эшитмайди”. Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор ҳам зикрга берилган соликларнинг беш-олти кун шундай ҳолни ҳис қилганликларини, халқнинг шовқинини зикр садоларидек эшитганларини баён этади. Махдуми Аъзам Аҳмад Косоний фикрича, “хилват дар анжуман”нинг ботиний маъноси касратда ваҳдатни (кўпчилик орасида бирликни) мушоҳада этмоқдир. “Бандам менга нафл ибодатлар билан яқинлашади, оқибатда уни севаман. Уни севгач, унинг эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, гапирадиган тили ва ушлайдиган қўлига айланаман. Мен билан эшитади, мен орқали кўради...” мазмунидаги қудсий ҳадисда “хилват дар анжуман” қоидаси илгари сурилган. Шу жиҳати билан бу қоида ўрта даражали сўфийларнинг эмас, тасаввуфий тарбияси ниҳоясига етганларнинг мақомидир. Халқ орасида Ҳақ билан бирга бўлиш, яъни сўфийнинг дунёвий иш билан машғул бўлишига қарамай, эл қатори бир инсон сифатида яшаши, шу орқали маънавий ҳолини атрофидагилардан махфий тутишини билдирувчи бу қоида маломатийлик тушунчасига бориб тақалади.
 
Бинобарин, хожагон вакиллари орасида хилват қоидасининг жорий қилинишига ижобий маънода қарайдиганлари ҳам бўлган. Масалан, хожагон-нақшбандия одобу арконига доир “Маслак ул-орифин” асарининг йигирма учинчи боби шароити чилла (хилват шартлари)га бағишланган. Муаллиф хилватнинг соликлар учун фойдали ва зарур бир усул эканлигини тилга оларкан, хилватнинг ўн шартини баён этади. Хожагон машойихидан Али Ромитанийга нисбат этилган “Рисола” асарида ҳам хилват мавзуси ижобий тарзда англатилиб, унинг қатор фазилатлари хусусида баҳс юритилган. Демак, Абдулхолиқ Ғиждувоний мумтоз хилват ўрнига “хилват дар анжуман” қоидасини татбиқ этган бўлса-да, ундан кейинги баъзи хожагон машойихи хилватни фойдали бир усул сифатида қўллайверганлар.
 
г) маънавий ҳолни яшириш, риё бўлмаслиги учун кароматни изҳор этмаслик. Маломатийлар риё ва шуҳратдан қочганлари боис кароматни сир тутишга алоҳида аҳамият берганлар. Хожагон мактаби аъзолари ҳам кашфу кароматни яширишга эътибор берганликлари манбаларда ривоят қилинади. Баҳоуддин Нақшбанднинг айнан шу ҳолатни ифодалашга қаратилган қуйидаги байти унинг суҳбатларида ўқилган экан:
 
Аз дарун шав ошино ваз берун бегонаваш,
Ин чунин зебо равиш кам мебувад андар жаҳон.
 
(Ботинда Ҳаққа ошно бўл, зоҳирда эса бегонадек кўрин. Бундай гўзал бир усул жаҳонда кам топилади).
 
Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорнинг халифаларидан Исмоил Ширвоний ўзининг олимлик жиҳатини намоён этиб, тасаввуфий тарафини махфий тутишга ҳаракат қилгани учун Хожа Аҳрорнинг эвараси Муҳаммад Қосим томонидан: “Тариқати маломатиянинг паҳлавонларидандир” дея мадҳ этилган. Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорнинг ўғли Муҳаммад Яҳёнинг муридларидан Ҳофиз Муҳаммад Самарқандий Истанбулга ташриф буюрганида Муҳйи Гулшанийга: “Хожагон тариқати маломатий машраб бўлгани боис зовия (такя)га шайх бўлишга интилма, балки ҳар кору ҳолда ўз ҳолингни яширин тут, халқнинг маломатидан алам чекма!”, – дея насиҳат қилган.
 
д) рақсу самоъ ва жаҳрий зикрдан қочмоқлик. Маънавий ҳолларини изҳор айлашдан сақланган маломатийлар кўпинча самоъ (мусиқа тинглаш), рақс (важдга келиб солланиш) ва баланд овоз билан зикр қилишдан узоқ бўлишни ихтиёр этганлар. Бир маломатийдан: “Нима учун самоъ мажлисларини тарк этасизлар?” дея сўраганларида: “Самоъ йиғинларини ва унинг жоизлигини инкор этмаймиз, балки сир тутганимиз ҳолларнинг ошкор бўлишидан қўрқиб, самоъ мажлисини тарк этамиз”, – дея жавоб берган экан. Бу жумла Баҳоуддин Нақшбанднинг: “Самоъни инкор этмаймиз, унда қатнашмаймиз ҳам” каломига ўхшайди. Зеро, Ғиждувоний қоидаларини айнан қабул қилган Хожа Нақшбанд самоъ қилмаган ва муридларини ҳам самоъ мажлисида ўтиришдан қайтарган. Суламий ўз рисоласида маломатийларнинг самоъ вақтида солланмаслиги ва наъра тортмаслигини баён этади.
 
Абдулхолиқ Ғиждувоний муридига: “Самоъ мажлисларида кўп ўтирма, зеро нифоқ ҳосил бўлиб, самоънинг ортиғи дилни ўлдиради. Лекин самоъни инкор этма, самоъ қилувчилар кўп. Самоъ фақат қалби тирик ва нафси ўлик кишигагина жоиз. Бундай ҳолга эришмаган кимсага самоъ ҳалол ва мубоҳ эмас”.
 
Жаҳрий зикр мавзусида ҳам шундай. Маломатийлар дил зикрига лутф ва неъмат зикри, жаҳрий зикрга эса одат ва шакл зикри демишлар ва қалб (хафий) зикрининг афзаллигини эътироф айлаганлар. Хожагон ва нақшбандийлар ҳам асосан махфий зикрга риоя қилиб келганлар. Зеро, Абдулхолиқ Ғиждувоний Хизр алайҳиссаломнинг тавсияси билан ҳовузда, сув остида зикри хафийни бошлаб берган.
 
Хожагон тариқатида Хожа Маҳмуд Анжирфағнавийдан кейин хафий зикр билан бир қаторда жаҳрий зикр қилинган бўлса-да, бу даврда мусиқа ва самоъга ортиқча эътибор берилмаган. XV асрдан кейин жаҳрий зикр қилувчи нақшбандийлар самоъни ҳам ижро этганлар.
 
Абдулхолиқ Ғиждувоний мадраса ва уламолар билан тўлган Бухоройи шарифда улар билан зиддиятга киришмасдан ўз тариқатини жорий этиш мақсадида хафий зикр усулини танлаган бўлиши мумкин. Ундан кейин халифалари ҳам ушбу усулга риоя қилганлар, аммо шогирди Хожа Ориф Ревгарийнинг талабаси Маҳмуд Анжирфағнавий жаҳрий зикр қилишни афзал кўрган ва то Баҳоуддин Нақшбандга қадар жаҳрий зикр усулига риоя қилиб келинган. Руҳлар оламида улуғ устози Абдулхолиқ Ғиждувонийдан хафий зикр қилишга буюрилган Баҳоуддин Нақшбанд тариқатни яна махфий зикр усулига қайтарган.
 
е) хизмат аҳли, фидокор ва жўмард бўлмоқ. Маломатийлик футувват  тушунчаси таъсири остида шакллангани боис фидокорлик ва хизматга алоҳида аҳамият беради. Маломатийлар халққа хизмат қилишади, лекин ўзларига хизмат қилинишини истамайдилар. Суламий маломатийларнинг қоидаларини санар экан, инсонлардан ёрдам сўрамасликни ҳам тилга олади. Ҳамдун Қассор: “Яратилмишнинг яратилмишдан ёрдам сўраши зиндондаги кишининг зиндондаги кимсадан ёрдам сўраши демакдир”, – дейди. Хожагон вакиллари ҳам халққа хизмат қилишга алоҳида аҳамият беришар, лекин ўзлари учун илтифот кўрсатилишини хоҳламас эдилар. Бу ҳақда Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг: “Инсонлардан бирон нарса тама қилма!” ва “Жавонмард, сахий бўл. Аллоҳ таоло сенга инъом этган неъматлардан халққа эҳсон қил!” каби тавсиялари намуна бўла олади. Шунингдек, “Рашаҳот” муаллифининг отаси, нақшбандийлардан Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Футувватномаи султоний” номли махсус асар ёзганлиги хожагон таълимотида футувват нашъасига нечоғли эътибор берилишининг қатъий бир далилидир.
Абдулхолиқ Ғиждувоний васиятларида: “Машойихга баданинг билан жисмонан хизмат қил!”, – дейди. Баҳоуддин Нақшбанд ҳам устози Амир Кулол хонақоҳида елкасида ўтин ташиган. Хожа Али Ромитанийнинг “Дўстимнинг келишига восита бўлган бу ҳайвондир” дея дўстидан олдин унинг уловини едириб-ичирганлиги нақл этилади. Баҳоуддин Нақшбанднинг уйига зиёратчи ё меҳмон келса, иззат-икром кўрсатарди. Бир сафар бетоб бўлиб қолганида, Бухородан муридлари келишган. Беморлигига қарамай, меҳмонларни табассум билан кутиб олган, ҳатто меҳмонлар учун муридлари билан бозордан қўй олиб келишаётганида ҳазрат Нақшбанд қўйни елкасида кўтариб келган экан. Бу ривоятлар хожагон вакилларининг маломатийлар каби халққа хизмат қилишга кўрсатган аҳамиятларидан далолат беради.
 
ё) ҳалол меҳнат билан тирикчилик қилиш. “Бир мўъминнинг ҳалол меҳнат қилмаслиги тиланчиликда илгарилаши демакдир”, – деган Ҳамдун Қассор бир кун Абдуллоҳ Ҳажжомга: “Менимча, сенинг “Абдуллоҳ Ҳажжом” (ҳажжом – қон олувчи Абдуллоҳ) дея чақирилишинг, “ориф” ёки “зоҳид Абдуллоҳ” дея чақирилишингдан афзалроқдир”, – дейди. Маломатийлар меҳнат қилиб кун кечиришга ва топганларини фақирларга икром қилишга аҳамият берардилар.
 
Хожагон шайхлари ишсиз инсонларни муридликка қабул қилмаганлар, ўзлари албатта бирор касб-ҳунар билан машғул бўлганлар. Али Ромитаний тўқимачи, Муҳаммад Бобо Самосий боғбон, Амир Кулол кулол, Баҳоуддин Нақшбанд наққош – тўқимачи ва чорвадор, Амир Кулолнинг ўғли Амир Ҳамза овчи, Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор чорвадор ва савдогар бўлишган. Баҳоуддин Нақшбанд таваккул ҳоли ҳалол меҳнат қилиш билан бирга бўлмоғи лозим деган эди. Баҳоуддин Нақшбанднинг увайсий пири Ҳаким Термизий (ваф. 320/932 й.) ҳам меҳнат билан кун кечиришга аҳамият берган мутасаввифлардан бўлиб, бу мавзуда ҳатто “Баён ул-касб” номли асар битган экан.
 
Муҳаммад Порсо маломатийларни англаш хожагонни тушунишда муҳим ўрин тутажагини билдирган. Порсо хожагон сулуки Боязид Бистомий, Салмони Форсий ва Абу Бакр Сиддиқ воситасида ҳазрат пайғамбарга туташиши, бу уч зотнинг ҳам маломат аҳлининг буюкларидан бўлганлигини ифодалайди. Унинг “Фасл ул-хитоб” китобида маломат аҳлининг аҳволига доир баён этилган хусуслар айни вақтда хожагон шайхларининг ҳолларидир. Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорнинг муридларидан Абдуллоҳ Илоҳий (ваф. 896/1491 й.) бундай дейди: “Маломатийлар тоифасининг мақоми жами мақомотдан баланддир... Суннати муаккада ва фарзларни чўзмайдилар. Ортиқча амаллардан кўп умид қилмайдилар, балки Ҳақ таолонинг фазлидан умидворлар”. Бу ердаги маломатийлик таърифи билан Баҳоуддин Нақшбанднинг: “Биз Аллоҳнинг лутфига боғланганлармиз” ва “Бизни лутф эшигидан киргаздилар. Вазифамиз фарз, вожиб ва суннати муаккадаларни адо этмоқдир” каби сўзлари бир-бирига мувофиқдир. Абдуллоҳ Илоҳий соликнинг сифатларидан сўз юритаркан, мурид маломатий сифатли ва қаландарий сийратли бўлмоғи лозимлиги, ҳақиқий маломатийлик диний асосларни эътиборга олмайдиган бидъат ва залолат йўлидан холи ва мусаффо эканлигини ёзади.
 
Мусулмон дунёсининг турли диёрларида юзага келган ҳар бир тасаввуф мактаби ўша мамлакатнинг диний, ижтимоий ва маданий ҳаётига мос равишда шакллангандир. Бухоройи шарифда барпо этилган хожагон тариқати ҳам ўша даврда илм ва маърифат маркази ҳисобланган бу ўлканинг маданий турмуш тарзига уйғун тарзда шаклланди.
Абдулхолиқ Ғиждувоний ва унинг издошлари бўлмиш хожагон вакиллари маломатийлик тушунчасидан кучли таъсирланганлар, лекин улар бу тушунчани исломий қонун-қоидаларга боғлиқ ҳолда татбиқ этганлар. Ҳижрий III асрда юзага келган маломатийлик дунёқараши VI аср иккинчи ярми ва VII аср бошларида (м. XII-XIII асрлар) бир-биридан фарқли икки жиҳатда ривожланди. Қаландарий тариқатлар сифатида Эрон заминида вужудга келган ҳайдария ва жавлокия тариқатларида маломатийлик тушунчаси диний қоидалардан узоқлашиб, ғайри исломий томонга оғиб кетган. Айни даврда Мовароуннаҳрда пайдо бўлган хожагон тариқати эса маломатия дунёқарашини исломий асосларга маҳкам риоя қилган ҳолда амалиётда татбиқ этган.
 
Шунингдек, Абдулхолиқ Ғиждувоний ва издошлари исломиятни китобий ва сунний (Қуръон ва суннатга мувофиқ) жорий қилганликлари учун шиа, ботиний ва ҳуруфий каби ботил оқимлардан таъсирланмаганлар. Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига содиқ қолганликлари сабабли хожагон давомчилари, сунний давлат раҳбарлари билан яхши ва дўстона муносабатларда бўлганлар, Эрондаги сафавий шиаларига қарши улар билан ҳамкорлик қилганлар.

 

«орқага