ҲАЗРАТ БАҲОУДДИН НАҚШБАНДНИНГ ҲАЁТИ ВА ТАСАВВУФИЙ ҚАРАШЛАРИ
2044 марта ўқилди.

Ўзбекистон қадим-қадимдан улуғ алломалар, валий инсонларни тарбиялаб вояга етказган юрт. Бу табаррук заминда исломий илмларнинг барча тури ривожланиб, дунёга машҳур назарий тадқиқотлар яратилган, ўзига хос мавқега эга илмий мактаблар шаклланган. Жумладан, инсон қалбини поклаш, уни руҳий-маънавий жиҳатдан юксалтиришни мақсад қилган тасаввуф таълимоти ҳам юртимизда кенг тараққий этди. Дунёга машҳур уч буюк тариқат –яссавия, кубравия, нақшбандия тариқатларининг Марказий Осиёда пайдо бўлгани ҳам бунинг ёрқин далилидир. Тариқатлар исломий ғояларни тарқатиш, Худога бўлган муҳаббат орқали тақво ва тавҳидни чуқурроқ англаш, уни гўзал ахлоқ нормасига айлантириш, нопок ишлар, ёмон ахлоқ ва баднафсликка қарши курашиш билан шуғулланиб келганлар. Айниқса, нақшбандия тариқати бу борада эл орасида алоҳида обрў-эътиборга сазовор бўлиб, унинг таъсири Марказий Осиёдан ташқарида ҳам сезилиб турган. Туркия, Кавказ, Россия, Ҳиндистон, Жанубий Осиё ўлкаларида унинг тарафдорлари кўпайган, улар ҳозир ҳам бор. Бунинг боиси, биринчи навбатда, тариқат асосчиси Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг шахсияти, у яратган таълимотнинг ҳаётийлиги ва қулайлигидир.

“Нақшбанд” (нақш солувчи) номи билан машҳур бўлган Баҳоуддин Муҳаммад 1318 йилда Бухоро шаҳри яқинидаги Қасри Ҳиндувон қишлоғида туғилганлар. Илоҳий истеъдод соҳиби бўлган бу зот аввал Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий, сўнгра Саййид Амир Кулол қўлида тарбияланиб, тариқат одоби, тасаввуф таълимотини эгалладилар. Шу билан бирга, Халил ота ва Қусам Шайх суҳбатларида бўлдилар. Аммо ул зотнинг ўз эътирофларига кўра, бутун қалблари билан Хожаи Бузург – Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний руҳониятига боғланганлар. Яъни Бобо Самосий ҳазрат Баҳоуддинни “қабул назари” билан кашф этган бўлса,  Амир Кулол тариқат одобини ўргатган. Аммо руҳоният жиҳатдан ҳазрат Баҳоуддиннинг пири муршидлари Абдулхолиқ Ғиждувонийдир. Чунки Баҳоуддин Нақшбанд ўзларини хожагон тариқатининг давомчиси деб ҳисоблаб, ушбу тариқат ғояларини ривожлантиришни ўз олдига вазифа қилиб қўяди.

Абдулхолиқ Ғиждувоний ўз тариқатида жаҳрий зикр, самоъ ва хилватга кенг ўрин бермай, янгича услуб қўллайди. Суннатга эътибор бериб, бидъату хурофотлардан йироқлашишга аҳамият беради. Ўз шогирдларига: “Фиқҳ ва ҳадис илмини ўрган, жоҳил сўфийлардан йироқ бўл, молинг фиқҳ китоблари бўлсин, сени мақтасалар ғурурланма, маломат қилсалар ранжима, инсонлардан ҳеч нарса тама қилма, футувват аҳлидан бўл ва Ҳақ таоло сенга нима берса халққа эҳсон қил!”, деб доимий айтиб юрганлар ва шунга даъват этганлар. Бу қоида кейинчалик хожагон тариқатининг бош хусусияти сифатида давом этди ва тахминан икки асрдан сўнг нақшбандия тариқатига мерос бўлиб ўтди. Абдулхолиқ Ғиждувоний ва издошларининг, жумладан хожагон-нақшбандия тариқати уч асосий тамойилга таянади: исломий қоидаларга асосланиш; аҳли сунна вал жамоа эътиқодига риоя; маломатийлик (ўзини ўзи маломат қилиш) тушунчасига боғлиқлик.

Исломий қоидаларга боғлиқлик. Хожагон-нақшбандия тариқати таълимотининг асосий хусусиятларидан бири – амри маъруф ва наҳй мункарга қаттиқ риоя қилиш, дин уламоларига ҳурмат кўрсатиб, бидъат амаллардан сақланишдир. Шу жиҳатдан бўлса керак, хожагон мактаби турли бидъатлардан, ботинийлик ва ҳуруфийлик каби ботил таълимотлар таъсиридан ўзини муҳофаза эта олган. Ҳусайн Вассоф (ваф. 1929 й.) бу ҳолатни ўз китобида бундай ифодалайди: “Бу олий тариқатда бидъат ишлар йўқлиги ва уларнинг маслакларига (шариатга нисбатан) эътиборсизлик дохил этмаганидан умумисломий жамоатчилик наздида (бу тариқат) ҳақиқий маънода эътироф этилган ва тез орада кенг тарқалган. Бу тарқалишда таъсирли омил ислом уламосининг (хожагонга) рағбат кўрсатишидир”. Ҳусайн Вассофнинг XX аср бошида берган бу баҳоси хожагоннинг барча даврлардаги мавқеига дахлдордир.

Абдулхолиқ Ғиждувоний фанойи нафс мартабасига ўнг қўлда Қуръони каримни, чап қўлда ҳадиси шарифни ушлаган ҳолда, уларнинг нури билан юрган кишигина эриша олади дейди. Шогирдларига: “Фиқҳ ва ҳадис илмини ўрган, жоҳил сўфийлардан узоқ юр!”, дея насиҳат қилиши унинг диний ҳукмларга нечоғли эътибор берганлигини кўрсатади. Хожагон машойихининг: “Хожалар (дин олимлари) бизнинг саййидларимиз” дея уламои киромга ҳурмат бажо келтирганлиги маълум. Хожа Али Ромитанийнинг мажлисида олимлардан бири уни мақтаб: “Сиз мағзсиз, биз эса пўстлоқ”, дебди. Шунда Хожа Али Ромитаний: “Мағз пўстлоқнинг ҳимоясидадир”, деган экан. Унинг бу сўзини изоҳлаган Муҳаммад Арзангий ёнғоқ пўстлоғи (пўчоғи)нинг шариатга, мағзининг эса тариқатга ўхшашини, пўстлоқсиз мағз чириб кетишини баён этади. Яъни, мағз пўстлоққа муҳтож бўлганидек, тариқат аҳли ҳам шариат олимларига муҳтождир.

Дўст ва муридларига диний амрларга ва илмга суянишни тавсия этган Саййид Амир Кулолнинг: “Бирор киши сизлардан мазҳабга доир савол сўраса-ю, жавоб беролмасангиз, бундан ҳам хунукроқ иш бўлмайди. Бу ҳолат сизнинг ғафлатда эканлигингизни билдиради... Олимларга яқинлашинг, чунки улар умматнинг машъалидирлар”, – дегани ривоят қилинади. Саййид Амир Кулолнинг ўғли Саййид Амир Ҳамза Абу Ҳафс Умар Насафийнинг (XII аср) сўзларидан баҳс юритаркан, ботил йўлдаги сўфийлардан қочиб, диний фармонларга боғлиқ равишда яшашни тавсия этади.

Баҳоуддин Нақшбанд кўпроқ ҳадис илмидан таҳсил олиб, илмга ва илм аҳлига катта аҳамият берарди. Шу хусусияти боис Бухоро мадрасаларидаги кўплаб мударрис ва талабалар унга шогирд бўлишиб, суҳбатларига қатнай бошлаганларида баъзи олимлар мадрасалар бўшаб қолишидан андешаланганлар. Шунда Баҳоуддин Нақшбанд олимларга: “Тариқатимизни  сизга тушунтирайлик, агар шариатга ва суннатга тўғри келса йўлимизда давом этаверамиз, агар тўғри келмаса воз кечамиз”, – деган экан. У ҳалол ва ҳаром масаласида жуда эҳтиёткор бўлар, шубҳали таомлар емас, муридларига ҳам едирмас эди.

“Биз Аллоҳнинг лутфи билан (маънан) нимага эришган бўлсак, Қуръони карим оятлари ва ҳазрат пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларига амал қилганлигимиздандир. Бу амалдан бирон натижага эришмоқ учун тақво қилиб, шариат қоидаларига азимат билан риоя қилмоқ, аҳли сунна вал жамоа асосларига амал қилмоқ ҳамда бидъатлардан қочмоқ керак”, – дейди Баҳоуддин Нақшбанд.

Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг таниқли шогирдларидан бўлмиш Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор “Фақарот” асарида фано ва бақо мартабаларига фақат ҳазрати пайғамбарга, диний асосларга ва аҳли сунна вал жамоа йўлига эргашиш билангина эришмоқ мумкинлигини айтади. У фақирларнинг ҳаққидан қўрқиб, вақф молни ейишдан ўзини сақлар эди. Ҳалол озуқа тасаввуф йўлида камолотга эришиш учун муҳим аҳамият касб этишини таъкидларди. Пайғамбар алайҳиссаломга эргашиш, олимларга ҳурмат кўрсатиш лозимлигини айтаркан, илмни тирикчилик ва мансаб учун восита қилиб олган олимлардан узоқлашиш лозим дейди.

Хожагон-нақшбандия машойихлари дунёқарашида исломий амр ва тақиқларга шунчаки итоатлар билан эмас, балки азимат (тақво) билан амал қилиш мавзуси муҳим ўрин тутади. Баҳоуддин Нақшбанднинг тушида Абдулхолиқ Ғиждувоний: “Доимо оёқни шариат ва истиқомат сажжодасига қўйиш, азимат ва суннат билан риоя этиш, рухсат ва бидъатдан йироқ туриш лозим”, дея тавсия қилгани учун Хожа Баҳоуддин азимат билан ҳаракат қилмоқ ниятида жаҳрий зикрни тарк этиб, хафий зикрни бошлаган. Ҳатто ривоят қилинишича, совуқ қиш бўлишига қарамай, диний фатвога кўра таяммум қилиш ўрнига, қийинчилик йўлини танлаб, Ревартун қишлоғидан Қасри Орифонга қадар бориб, катта қийинчиликлар билан сув топиб ғусл қилган экан.

Аҳли суннатга боғлиқлик. Аҳли сунна вал жамоа ақидасига эътиқод қилинган Бухоро диёрида дунёга келиб, кенг тарқалган хожагон тариқати исломиятнинг сунний жиҳатини эътироф айлаган бўлиб, бу хусусиятини доимо муҳофаза этиб келган. Машойихлар силсиласининг бошқа кўплаб тариқатлари каби ҳазрат Али (к.в.)га эмас, балки ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ (р.а.)га бориб тақалиши ҳам хожагоннинг суннийликка берган аҳамияти тимсолидир.

Тасаввуф йўлида илгарилаш учун аҳли сунна эътиқодига риоя қилиш лозимлиги, чунки аҳли сунна фирқаи ножия (нажот топган гуруҳ) эканлигини қайд этган Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор: “Агар хожагон тариқати дарвишларининг эътиқодини сўрасалар, улар аҳли сунна вал жамоа эътиқодидалар, деб айт”, дейди. Аҳрория шўъбасидан Шаҳобиддин Ғованд Маҳмуд (ваф. 950/1543 йилдан кейин) ҳам: “Шайхларимизнинг усули ҳазрат пайғамбар суннатига ва аҳли сунна вал жамоа мазҳабига эргашмоқдир”, деган экан.

Сафавийларнинг босқинлари туфайли хожагон мансублари Хуросон ва Эрон тупроқларидан кўчиб кета бошлаганликлари, нақшбандийликнинг Ҳиндистон ва Онадўли ўлкаларида тез тарқалишига имкон очди. Нақшбандия вакилларининг усмонли ва шайбоний давлат раҳбарлари билан муносабатлари мустаҳкамланди.

Маломат тушунчаси асосларига боғлиқлик. IX асрда Нишопурда Ҳамдун Қассор (ваф. 271/884 й.) асос солган маломатийлик мактабининг бош асослари даврлар ўтиши мобайнида бошқа тариқатларга ҳам таъсир қилган. Булар орасида энг кўп таъсирланган тариқат хожагон сулукидир. Хожаи Жаҳоннинг “Васиятлар” китоби назардан ўтказилганда, Хуросон сўфийларининг маломатий қарашлари излари очиқ-ойдин кўринади.

Луғатларда ёзилишича, “маломат” сўзи “маломат қилиш, қоралаш, айблаш” каби маъноларни билдиради. Яъни, маломатийликда инсон ўз тоат-ибодатларини ноқис билиб, нафсини маломат қилиши, шу билан бир қаторда бошқаларнинг ҳам уни маломат қилишидан қўрқмаслиги асосий қоида ҳисобланади. Қуръони каримнинг “Аллоҳнинг (тоати) йўлида жидду жаҳд қилувчи, маломатчининг маломатидан қўрқмайдиган бўлурлар” (Моида, 54) ояти каримаси ушбу қоидага мисол бўла олади.

Нақшбандиянинг муҳим асосларидан бири сўфийнинг ўз маънавий ҳолини яшириши, шуҳрат ва риёдан қочишидир. Шу мақсадда улар халқ орасида ориф бир сўфий сифатида юргандан кўра эл қатори оддий бир инсон бўлиб юришни ихтиёр этганлар. Риёдан сақланиш учун кароматларини сир тутганлар. Баланд овоз билан (жаҳрий) зикр қилишдан, тариқатга мансублиги кўрсатадиган махсус кийим кийишдан, ҳатто такя – хонақоҳ барпо этмоқдан сақланадилар. Тариқат маросимларига аҳамият бермайдилар. Футувват нашъасида эса фидокор ва жўмарддирлар. Қўл меҳнати билан кун кечиришга аҳамият берадилар. Бу хусусиятлар Абдулхолиқ Ғиждувоний ва Баҳоуддин Нақшбанд асос солган хожагон-нақшбандия тариқати таълимотларидир.

Маломатийларнинг тасаввуфий қарашлари билан Абдулхолиқ Ғиждувоний ва издошларининг фикр-қарашлари қиёсланганда маломатийлик тушунчаси хожагон таълимотига нечоғли таъсир кўрсатгани янада равшанлашади.

Абдулхолиқ Ғиждувоний шогирдига тавсияларида: “Халқнинг сени мақташи билан ёмонлаши сенинг назарингда бир хил бўлсин ҳамда халқнинг маломатидан ранжима” дейди. Бадавлат оила фарзанди Алоуддин Аттор акаларининг тўсқинлик қилишларига қарамасдан, бозорда олма сотарди. Бошқа бир ривоятга кўра эса Аттор Баҳоуддин Нақшбандга шогирд бўлишни истаганида Нақшбанд ҳазратлари ҳўкиз ишкамбасининг ичини ташқарига ўгириб, бошига қўйиб келишни буюрганида Аттор бозордагиларнинг маломатларига эътибор бермай, устозининг амрини бажо келтирган.

Нақшбандия тариқатининг белги ва қоидалари қуйидагилар:

а) эл қатори бир инсон каби юриш, тариқат белгисини билдирувчи махсус кийим киймаслик ва шуҳратдан сақланиш. Нақшбандийлар ўз маънавий аҳволини яшириш учун сўфиёна хирқа ва тож ўрнига савдогар ё уламолар кийимини кийишни ихтиёр этганлар.

Хожагон ва нақшбандиянинг илк даврларига назар солинганда, махсус бир андоза ва рангда хирқа ё тож кийишнинг мавжуд бўлмаганлиги кўринади. Биздаги баъзи бир ўзини нақшбандийман деганлар ажралиб туриш учун махсус қора салла кийиб юришлари демак мутлақо хато ва асоссиздир. Қора салла кийиб юриш ҳеч вақт тариқатнинг бош қоидаси бўлмаган. Аксинча, барча нақшбандия шайхлари уламо каби оддий салла ўраганлар. Ҳусайн Вассоф ҳам бу хусусни қуйидаги жумласида махсус таъкидлайди: “Нақшбандия тариқатида бошқа тариқатларда бўлганидек махсус бир либос йўқ. (Уларда) ҳар ким ўз илмий даражасига кўра кийинади. Нақшбандия машойихи эса, асосан, уламо қиёфасида юрадилар...”.

Зеро, хожагон-нақшбандия шайхлари: “Бизга кўра хирқа эмас, ҳирфа (маслак, касб-ҳунар) муҳимдир” деганлар.

б) хилват. Нақшбандийликнинг энг муҳим асосларидан бири шуҳратдан қочишдир. Баҳоуддин Нақшбанд ва у зотнинг шогирдлари “хилватда шуҳрат бор, шуҳратда офат” фикри билан хилватга кўп аҳамият бермаганлар ва “халқ орасида Ҳақ билан бўлиш” дея таърифланган “хилват дар анжуман” қоидасини қабул қилганлар. Абдулхолиқ Ғиждувоний “хилват эшигини ёп, суҳбат эшигини оч”, Баҳоуддин Нақшбанд эса “Йўлимиз суҳбат йўлидир, хилватда шуҳрат, шуҳратда офат бор” деганлар.

Ривоят қилинишича, Саййид Амир Кулолнинг ўғли ва халифаси Саййид Амир Ҳамзадан бир шайх: “Тариқатингизда нима учун хилватда ўтиришга кам эътибор берилади?” дея сўраганида, Амир Ҳамза: “Хилватда ҳам суҳбат қуриш учун бир рафиқ керак”, – дея жавоб берган экан. Бу шайх Амир Ҳамзага хилватда рафиқ бўла олишини айтганида, Амир Ҳамза: “Сизнинг хилватингиз қандай?”, – дея сўради. Шайх: “Бир кўза сув ва қирқ дона майиз билан қирқ кунни ўтказамиз”, – дейди. Амир Ҳамза: “Бизнинг хилватимиз эса бир таҳорат билан хилватга кириш, ҳар куни бир қўй ейиш ва қирқ кун ўша таҳорат билан намоз ўқишдир”, – дейди. Хожа Нақшбанд Амир Ҳусайннинг саволига жавобан тариқатида хилват ва самоънинг ўрнига “хилват дар анжуман” қоидаси борлигини айтган.

Жамият орасида танҳо бўлиш деган маънони билдирувчи “хилват дар анжуман” атамаси сўфийнинг бир чеккада ўтирмасдан, халқ орасида бўлиши, лекин жисман одамлар орасида бўлса ҳам, ботинан улардан узоқда, Аллоҳ билан бирга бўлишни бидиради. Зоҳирда халқ билан, ҳақиқатда эса Ҳақ билан, “Даст ба кору дил ба Ёр” – қўл ишда, кўнгил Ёрда, “тан дар бозору дил ба Ёр” – тан бозорда, қалб ёрда каби шиорлар худди шу мазмунда қўлланилган. “Хилват дар анжуман” қоидаси: “Эртаю кеч У зотни поклайдиган кишилар бордирки, уларни на тижорат ва на савдо (ишлари) Аллоҳнинг зикридан, намозни баркамол адо этишдан ва закот беришдан чалғита олмас” (Нур, 37) оятига кўра қабул қилинган. Баҳоуддин Нақшбанд ҳажга борганида Мино бозорида бир ўсмирнинг беш минг динорлик савдо қилаётганини, лекин қалбининг бир лаҳза бўлса ҳам Аллоҳдан ғофил бўлмаганини мушоҳада этиб, у ҳақда фахр билан сўзлаган экан.

Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг шогирдларидан Авлиё Кабир “хилват дар анжуман”ни изоҳларкан, шундай деган: “Доимий зикр қилган одам зикрдан ҳосил бўлган важду истиғроқ билан шундай бир мартабага етадики, зикр қалбини қуршаб олганидан зокир бозорга кирса ҳам ҳеч қандай овозни эшитмайди”. Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор ҳам зикрга берилган соликларнинг беш-олти кун шундай ҳолни ҳис қилганликларини, халқнинг шовқинини зикр садоларидек эшитганларини баён этади. Нақшбандия тариқатининг буюк ислоҳотчиси Махдуми Аъзам Аҳмад Косоний фикрича, “хилват дар анжуман”нинг ботиний маъноси касратда ваҳдатни (кўпчилик орасида бирликни) мушоҳада этмоқдир. “Бандам менга нафл ибодатлар билан яқинлашади, оқибатда уни севаман. Уни севгач, унинг эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, гапирадиган тили ва ушлайдиган қўлига айланаман. Мен билан эшитади, мен орқали кўради...” мазмунидаги қудсий ҳадисда “хилват дар анжуман” қоидаси илгари сурилган. Шу жиҳати билан бу қоида ўрта даражали сўфийларнинг эмас, тасаввуфий тарбияси ниҳоясига етганларнинг мақомидир. Халқ орасида Ҳақ билан бирга бўлиш, яъни сўфийнинг дунёвий иш билан машғул бўлишига қарамай, эл қатори бир инсон сифатида яшаши, шу орқали маънавий ҳолини атрофидагилардан махфий тутишини билдирувчи бу қоида нақшбандия тариқатининг шиоридир.

в) маънавий ҳолни яшириш, риё бўлмаслиги учун кароматни изҳор этмаслик. Нақшбандийлар риё ва шуҳратдан қочганлари боис кароматни сир тутишга алоҳида аҳамият берганлар. Баҳоуддин Нақшбанднинг айнан шу ҳолатни ифодалашга қаратилган қуйидаги байти унинг суҳбатларида ўқилган экан:

Аз дарун шав ошино ваз берун бегонаваш,

Ин чунин зебо равиш кам мебувад андар жаҳон.

(Ботинда Ҳаққа ошно бўл, зоҳирда эса бегонадек кўрин. Бундай гўзал бир усул жаҳонда кам топилади).

г) рақсу самоъ ва жаҳрий зикрдан қочмоқлик. Маънавий ҳолларини изҳор айлашдан сақланган нақшбандийлар кўпинча рақсу самоъ (зикрни рақсу мусиқа билан бажариш) ва баланд овоз билан зикр қилишдан узоқ бўлишни ихтиёр этганлар. Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари: “Самоъни инкор этмаймиз, унда қатнашмаймиз ҳам” деганлар. Хожа Баҳоуддин Нақшбанд самоъ қилмаган ва муридларини ҳам самоъ мажлисида ўтиришдан қайтарган.

Абдулхолиқ Ғиждувоний шогирдларига: “Самоъ мажлисларида кўп ўтирма, зеро нифоқ ҳосил бўлиб, самоънинг ортиғи дилни ўлдиради. Лекин самоъни инкор этма, самоъ қилувчилар кўп. Самоъ фақат қалби тирик ва нафси ўлик кишигагина жоиз. Бундай ҳолга эришмаган кимсага самоъ ҳалол ва мубоҳ эмас”.

Хожагон ва нақшбандия шайхлари асосан махфий зикрга риоя қилиб келганлар. Зеро, Абдулхолиқ Ғиждувоний Хизр алайҳиссаломнинг тавсияси билан ҳовузда, сув остида зикри хафийни бошлаб берган.

д) хизмат аҳли, фидокор ва жўмард бўлмоқ. Нақшбандийлик футувват  тушунчаси таъсири остида шакллангани боис фидокорлик ва хизматга алоҳида аҳамият беради. Нақшбандийлар халққа хизмат қилишади, лекин ўзларига хизмат қилинишини истамайдилар. Улар инсонлардан ёрдам сўрамайдилар. Ҳамдун Қассор: “Яратилмишнинг яратилмишдан ёрдам сўраши зиндондаги кишининг зиндондаги кимсадан ёрдам сўраши демакдир”, – дейди. Хожагон-нақшбандия вакиллари ҳам халққа хизмат қилишга алоҳида аҳамият беришган, лекин ўзлари учун илтифот кўрсатилишини хоҳламас эдилар. Бу ҳақда Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг: “Инсонлардан бирон нарса тамаъ қилма!” ва “Жавонмард, сахий бўл. Аллоҳ таоло сенга инъом этган неъматлардан халққа эҳсон қил!” каби тавсиялари намуна бўла олади. Шунингдек, “Рашаҳот” муаллифининг отаси, нақшбандийлардан Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Футувватномаи султоний” номли махсус асар ёзганлиги хожагон таълимотида футувват нашъасига нечоғли эътибор берилишининг қатъий бир далилидир.

Абдулхолиқ Ғиждувоний васиятларида: “Машойихга баданинг билан жисмонан хизмат қил!”, – дейди. Баҳоуддин Нақшбанд ҳам устози Амир Кулол хонақоҳида елкасида ўтин ташиган. Хожа Али Ромитанийнинг “Дўстимнинг келишига восита бўлган бу ҳайвондир” дея дўстидан олдин унинг уловини едириб-ичирган. Баҳоуддин Нақшбанднинг уйига зиёратчи ё меҳмон келса, иззат-икром кўрсатарди. Бир сафар бетоб бўлиб қолганида, Бухородан муридлари келишган. Беморлигига қарамай, меҳмонларни табассум билан кутиб олган, ҳатто меҳмонлар учун муридлари билан бозордан қўй олиб келишаётганида ҳазрат Нақшбанд қўйни елкасида кўтариб келган экан. Булар хожагон-нақшбандия шайхларининг халққа хизмат қилишга кўрсатган аҳамиятларидан далолат беради.

е) ҳалол меҳнат билан тирикчилик қилиш. “Бир мўъминнинг ҳалол меҳнат қилмаслиги тиланчиликда илгарилаши демакдир”, – деган Ҳамдун Қассор Нақшбандийлар меҳнат қилиб кун кечиришган ва топганларини фақирларга эҳсон қилишга аҳамият берганлар.

Хожагон-нақшбандия шайхлари ишсиз инсонларни шогирдликка қабул қилмаганлар, ўзлари албатта бирор касб-ҳунар билан машғул бўлганлар. Хожа Али Ромитаний тўқимачи, Муҳаммад Бобо Самосий боғбон, Амир Кулол кулол, Баҳоуддин Нақшбанд наққош – тўқимачи ва чорвадор, Амир Кулолнинг ўғли Амир Ҳамза овчи, Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор чорвадор ва савдогар бўлишган. Баҳоуддин Нақшбанд таваккул ҳоли ҳалол меҳнат қилиш билан бирга бўлмоғи лозим деган эди. Баҳоуддин Нақшбанднинг увайсий пири Ҳаким Термизий (ваф. 320/932 й.) ҳам меҳнат билан кун кечиришга аҳамият берган мутасаввифлардан бўлиб, бу мавзуда ҳатто “Баён ул-касб” номли асар битган экан.

Муҳаммад Порсо хожагон-нақшбандия тариқати Боязид Бистомий, Салмони Форсий ва Абу Бакр Сиддиқ воситасида ҳазрат пайғамбарга туташиши, бу уч зотнинг ҳам меҳнат аҳлининг буюкларидан бўлганлигини ифодалайди. Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорнинг шогирдларидан Абдуллоҳ Илоҳий (ваф. 896/1491 й.) бундай дейди: “Нақшбандийлар тоифасининг мақоми жами мақомотдан баланддир... Суннати муаккада ва фарзларни чўзмайдилар. Ортиқча амаллардан кўп умид қилмайдилар, балки Ҳақ таолонинг фазлидан умидворлар” Баҳоуддин Нақшбанднинг: “Биз Аллоҳнинг лутфига боғланганлармиз” ва “Бизни лутф эшигидан киргаздилар. Вазифамиз фарз, вожиб ва суннати муаккадаларни адо этмоқдир” каби сўзлари бир-бирига мувофиқдир.

Баҳоуддин Муҳаммад Нақшбанд 71 ёшида 1389 йили ўз муборак масканлари Қасри Ҳиндувон (кейинчалик бу ер Қасри Орифон деб аталган)да оламдан ўтганлар. Қабрлари шу ерда. Ул зот тарбиясида бемисл хизматлари сингган оналарининг қабри ҳам шу ерда.

Баҳуоддин Нақшбанд – валий инсон, улуғ руҳоний мураббий, кўпдан-кўп покиза хислатли одамларни тарбиялаган, янги силсилани вужудга келтирган зот. Шунга қарамай, ниҳоятда камтарона ҳаёт кечирган, тақво, ҳалоллик, ҳақгўйлик, адолатхоҳликда намуна бўлганлар. Ўзларига тегишли ерда деҳқончилик қилиб, баъзан ота  касб – кимхобга нақш солиб, луқмаи ҳалол билан рўзғор ўтказган. “Битта сигиримиз бор эди, деб эслайди у киши - ўзим боқардим ва ўзим соғар эдим” (“Мақомоти Шоҳи Нақшбанд” китоби, 14-б.).

Баҳоуддин Нақшбанд назру ниёз қабул қилмаганлар, аксинча, ўз рўзғорларидан ортиб қолса, бошқа муҳтожларга берганлар. Қасри Орифон ўзига хос хонақоҳга айланиб, Баҳоуддин Нақшбанд шу ерда мурид тарбиялаш билан шуғулланганлар. У киши атрофига қалби тоза, илоҳий илмларни пухта эгаллаган, маърифат нурига ташна одамлар йиғилган бўлиб, илоҳий ҳақиқатларни кашф этиш учун суҳбатлашардилар.

Суҳбатнинг фойдаси кўп, дейди Баҳоуддин Нақшбанд, чунки суҳбат орқали инсон қалбига кириб бориш мумкин. Бошқа тариқатлардаги чилла ўтириш, зикри жаҳрия (баланд овозда зикр айтиш)ни Баҳоуддин ҳазратлари хуш кўрмаганлар. Чунки чилла ўтириш, хилватнишинлик – одамлардан узоқлашиш, ўзини кўз-кўз қилиш ва васвасага берилишдир. Суҳбат нақшбандиянинг бош шиори – “хилват дар анжуман” (одамлар ичра хилватда бўлиш)га мос эди. Зеро ҳунар билан, касб билан шуғулланиб ёки бирор иш билан банд бўлиб ҳам, Аллоҳ ёдини дилда сақлаш, бандаликни бир нафас унутмаслик, ҳамма вақт, ҳамма ерда, истаган шароитда ўзини огоҳ деб билиш, қалбда Аллоҳ номларини нақшлаш улуғ фазилатдир.

“Даст ба кору дил ба Ёр” шиори ҳам айнан шуни тақозо этар эди. Қўлинг ишда, қалбингда Аллоҳда бўлсин,. Яъни: дунёни ҳам, охиратни ҳам, унутма. Худди шу маънода хожагон тариқатининг бошқа қоидалари, чунончи: “сафар дар ватан”, “ҳуш дар дам”, “назар дар қадам” каби қудсий талаблар ботинни поклаш, ботинан Аллоҳни севиш ва шариат йўлидан чекланмасликни чуқурроқ англаш, мустаҳкамлашга ёрдам бериб келган.

Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари биринчи навбатда амалий ишлар билан шуғулланган мураббий шайх бўлган. Аммо ул зотнинг хожагон тариқати қоидаларини назарий жиҳатдан бойитган фикр-мулоҳазалари ҳам кўп. Бу ҳақда манбаларда маълумотлар анча. Баҳоуддин Нақшбанд “Ҳаётнома”, “Далил ул-ошиқин”, “Аврод” номли асарлар ёзиб қолдирганлар. Бироқ бу асарларнинг тақдири ҳозиргача бизларга номаълум. Фақатгина ул зтнинг “Ал-Аврод” номли машҳур асарларига Али ибн Аҳмад ал-Ғурий ёзган шарҳ  - “Шарҳи аврод” асари мавжуд. Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари айтган сўзлар аксар маноқиб ва тазкираларда учрайди.

Агар бу сўзларни жамлаб ўргансак, нақшбандия тариқатига оид қуйидаги қоидалар келиб чиқади:

1. Пайғамбар суннати, шариат аҳкомларидан четга чиқмаслик. Шу маънода зикри жаҳрия эмас, зикри хуфияни ихтиёр этиш (“Мо ин кор намекунем, аммо инкор ҳам намекунем”).

2. Тарбияда ботинни поклаш ва руҳоний камолотга асосий эътиборни қаратиш. Шу маънода хилватнишинлик, узлатни тарк этиб, жамият ичида бўлиб, Аллоҳни дилда сақлаш, зикрни қалб билан адо этишга эришиш.

3. Шундан келиб чиқиб, орифона суҳбатлар, муроқаба каби усуллардан кенг фойдаланиш. Шогирдларнинг ихлосини синаб кўриш.

4. Сўфий ўз-ўзини назорат қилиб бориши, кириб-чиқаётган нафаси, фаолияти, умри нимага сарфланаётганини ҳисоблаб, ўзини огоҳлик билан ростлаб бориши даркор. Ботинга сафар қилиш орқали нафсни тарбиялаш, инсонийлик хислатларини кўпайтириб боришга эришиш.

5. Фақрлик ва тавозеъни ўз ахлоқ қоидасига айлантириш. Фақрлик - гадолик ёки ўта қашшоқлик эмас, балки молу давлатга эга бўлса ҳам, ўзини Худо талабгори, бу дунёда ҳеч нарсага эга эмас деб билиш. Хоксорликнинг намунасини кўрсатиш. Фақирликнинг биринчи шарти нафсни бадном этиш ва ҳар лаҳзада “табиий вужудни кафолатлаб туриш”дир.  Фақрлик, шу маънода ҳам ахлоқий сифат, ҳам мартаба ва мақомдир. Фақр мақомига етиш учун “жисм фано шуъласига яширинган” (Алишер Навоий) бўлиши, қалб Аллоҳ ишқи ва жазбаси  билан тўлиб-тошиши лозим. Киши хуш хулқи, покиза сифатлари билан фазлу камолот ва кашфу каромат соҳибига айланади. Сўфий мол-мулки бор-йўқлигига қарамай, Аллоҳ наздида фақир ва ҳақирдир. Ҳам шу боис буюкдир, азиздир, севимлидир.

6. Шу ақидадан келиб чиқиб, нақшбандийлар тахтда ўтириб ҳам, мансаб-амал эгаси бўлиб ҳам дарвеш бўлиш мумкин, дейдилар. Жумладан, Ҳусайн Бойқаро Жомий ва Навоий назарида “ҳам шоҳ, ҳам дарвеш”, яъни қалбан дарвеш одамдир.

Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанднинг қарашларини ифодаловчи ҳикматли сўзларидан яна баъзи мисоллар келтирамиз.

1. “Ўз нафсларингизни ёмонлаб, таҳқир этиб туринг, чунки кимки Ҳақ субҳонаҳу ва таоло инояти бирла ўз нафсини ёмон деб таниган бўлса, бу амал унинг учун осондир”.

2.      Имон - қалбни Аллоҳдан бошқа ўзига ром этувчи фойдали ва фойдасиз нарсалардан узиб, Ҳаққа боғлашдир.

3.      “Анжуманда хилват – “зоҳир юзидан халқ билан ва ботин тарафидин Ҳақ субҳаноҳу таоло билан бўлмоқдир”.

4.      “Бандалик хожалик била тўғри келмас, биз қул ва хизматкор тутмадик”.

5.      “Элнинг юкини енгиллаштиринг, элга юк бўлманг”.

Баҳоуддин Нақшбанд тариқати осойишта ва чин маънодаги маърифий тариқатдир. Тафаккур ва тахайюл меваларидан баҳрамандлик, бадиий ижод намуналаридан фойдаланишга кенг йўл берилган. Бехудлик, ғулувга кетиш, қавмни таҳликага солиш, авом англамайдиган ҳаракатлар қилиш манъ қилинган.

Нақшбанд ҳазратлари мулойим-табиат, раҳмдил одам бўлганлар ва шундай одамларни яхши кўрганлар. У зотнинг ўгитларидан: “Дилозордан Худо безор, барча мўминларга, ҳатто кофирларга ҳам раҳмдил бўлинг, чумолига ҳам озор берманг” Устозлари ҳазрат Саййид Амир Кулолнинг мана бу сўзини такрорлаб юрардилар:

Маёзор мўру маёзор кас, 

Раҳи растакори ҳамин асту бас.

(Чумолига ҳам, одамга ҳам озор берма, нажот йўли шудир).

Баҳоуддин Нақшбанд таълимоти катта ижтимоий таъсирга эга эди. “Худо олдида барча баробар, шоҳу гадо деб ажратиш бўлмас”, дер эдилар. Бу:

а) турли ижтимоий табақалар;

б) турли миллат ва қавмларни бирлаштиришга қаратилган бўлиб, айирмачилик ва сиёсий тўқнашувларнинг олдини олишга ёрдам берган.

Нақшбанд бутун умр илм истаб, илм ўрганиш, жаҳлдан узоқ туришни насиҳат қилдилар. У киши Пайғамбарнинг “Қаерда бўлманг, илм талабидан узоқлашманглар ва агар обу оташ ичра ғарқ бўлсангиз ҳам, ғаввос бўлиб кечиб ўтинглар ва илм ўрганинглар”, деган ҳадисини муридларига такрор-такрор уқтириб турганлар.

У кишининг муридлари ҳаммаси муайян касб эгаси бўлган, касб билан ҳалол луқма топиб ейиш талаб қилинган. Камтаринлик улуғланиб, турли кийимлар кийиб ўзини кўз-кўз қилиш, сўфийман деб иддао қилиш, керилиш катта нуқсон деб қаралган.

Мана шу жиҳатлари билан ҳам нақшбандия таълимоти обрў-эътибор қозонган. Бутун ҳаракат-фаолият, ўгит-насиҳатлар, тоат-ибодат ҳам инсонийлик жабҳаларини кашф этишга қаратилган. Инсонийлик жавҳари эса илоҳий ахлоқ ва исломий иймон мустаҳкамлигини таъминлаш орқали қўлга киритилади.

Шўролар замонида ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд таълимотига эътибор қилинмади, ул зотнинг мақбараси, Қасри орифон мажмуи ташландиқ ҳолда қолди. Истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб, Юртбошимиз ташаббуслари билан бу мажмуа таъмирлаб, обод қилинди. 1993 йилда Нақшбанд ҳазратлари 675 йиллиги жаҳон миқёсида нишонланди. Президентимиз шахсан ўзлари Нақшбанд қадамжойларини обод қилиш ишларини кўздан кечириш учун Бухорога уч марта ташриф буюрдилар. Бу жой ҳозир Қуббат ул-ислом номи билан машҳур бўлган Бухорои шарифнинг энг кўркам жойларидан бирига айланди. Бу ерга дунёнинг турли гўшаларидан сайёҳлар келиб, зиёрат қилмоқдалар.

И.А.Каримов ўз нутқларидан бирида деганлар:

“Бухорони Бухорои шариф даражасига кўтарган ана шундай аждодларимиз орасида ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанднинг муборак сиймоси алоҳида нуфуз ва мавқега эга. Бу улуғ шахс тимсолида инсон руҳиятининг нақадар теранлиги, бу дунёда ўз иродасини тарбиялаб, қалбини поклаб, нафс балосини енгиб яшайдиган одам қандай маънавий юксакликка қўтарила олиши яққол намоён бўлади.

Бу буюк зот... маърифат йўлида одамларнинг қалбига чуқур кириб бориш орқали уларда эзгу интилишлар, орзу-умидлар уйғотиш мумкинлигини... исботлаб берди”. Шу боис нақшбандия таълимоти ҳозир ҳам қизиқиш билан ўрганилмоқда, манбалар нашр эттирилмоқда. Бу таълимот истиқлолга эришган халқимиз маънавиятини юксалтиришга хизмат қилаверади.

Бухоройи шарифда барпо этилган хожагон-нақшбандия тариқати ҳам ўша даврда илм ва маърифат маркази ҳисобланган бу ўлканинг маданий турмуш тарзига уйғун тарзда шаклланди.

«орқага