“Файзобод” жомеъ масжиди
07 феврал 2017 й.
150 марта ўқилди.

 “Файзобод” жомеъ масжиди

 
Ҳазрат Поянда Муҳаммад Шоҳ Ахсавий (Ахсикатий) нақшбандия тариқатининг ривожига муҳим ҳисса қўшган шайх, ўз замонасининг муршиди, соҳибкаромат авлиё, улуғ тарбиячи, шоир бўлганлар.
Бу зоти шариф Ахсикат (ҳозирги Асака) шаҳрида туғилган. Ахсикат ХV асргача Фарғона вилоятининг маркази бўлган. Ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган бу шаҳарда илму ирфон, санъату маънавият ривож топган.  
Ҳазрат Поянда Охунд Ахсикатий Тошкент, Самарқанд, Бухоро мадрасаларида таълим оладилар. 
Муҳаммад Мутрибий “Тазкират уш-шуаро” китобларида Ҳазрат Ахсикатийдан шеърий мерос қолганини баён қилган.
Ҳазрат Муҳаммад Поянда Шоҳ Ахсавий нақшбандия тариқати сабоғини Махдуми Аъзам номи билан машҳур бўлгани Ҳазрат Саййид Аҳмад Жалолиддин Косонийдан олганлар.
“Туҳфат аз зоирин”да ёзилишича, Ҳазрат Шоҳ Ахсавийнинг пири муршидлари Ҳазрат Мавлоно Хурди Азизон бўлганлар (116-бет). Маълумки, Ҳазрат Мавлоно Хурди Азизон (ваф.ҳиж. 980) Ҳазрати Махдуми Аъзам Даҳбедийнинг муридлари эдилар. Бу зоти шарифнинг қабрлари Балхда машҳурдир.
“Туҳфат аз зоирин”да ёзилишича, Ҳазрат Муҳаммад Поянда йигирма йил узлуксиз ҳар чоршанба куни хуфтон намозидан сўнг Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд қабрлари ёнида муроқабада бўлиб, ярим тундан сўнг таҳажжуд намозини ўқирдилар. Бир кун Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд овозлари ғайбдан келди: “Мулло Поянда, сиз бизнинг мақбулимиз ва дўстларингиз ҳам мақбулимиз ва Ҳақнинг мақбулидирлар!”. Ушбу нақлдан маълум бўляптики, Ҳазрат Муҳаммад Поянда “увайсий” ҳисобланадилар. Қай кишини ўтганларнинг руҳи тарбият этса, уни увайсий дейдилар. 
Муҳаммад Поянданинг тўлиқ исмлари – Муҳаммад ибн Мир Дарвеш Муҳаммад ибн Мир Обид ал-Ҳусайн ал-Ахсикатий ал-Аббосий. 
Ҳазрат Поянда Муҳаммад саййидлардан бўлиб, насаблари Ҳазрат Имом Ҳусайн разияллоҳу анҳуга бориб тақалади. 
Мавлоно Муҳаммад Поянда Шоҳ Ахсавий Ҳазрат Махдуми Аъзамнинг кўрсатмаларига мувофиқ Бухорога келадилар ва шу ерда нақшбандия тариқатидан сабоқ бериб турғун бўладилар.
Бухоро амирлари, уламою косиблари Ҳазрат Шоҳ Ахсавийнинг муридлари бўлиб, бу зоти шариф маслаҳатларига амал этган. 
“Нақшбандия тариқатига оид қўлёзмалар фиҳристи”да қуйидаги муҳим маълумот бор: “Боқий Муҳаммад Шикорий Фаноий ал Бухорий ҳазратлари Поянда Муҳаммад шогирдлари бўлиб, бир неча асарлар ижод қилган. Боқий Муҳаммад Шикорий “Мақомат ул-орифин” (“Орифлар мақоми”) номли асарнинг муаллифи ҳисобланади. Асарда муаллифнинг устози ва пири Шайх Муҳаммад Поянда ибн Мир Дарвеш Муҳаммад ибн Мири Обид ал-Ҳусайн ал-Ахсикатий ал-Аббосийнинг таржимаи ҳоли ёритилган. Бундан ташқари, унда форс-тожик адабиётида учрайдиган тасаввуфга оид мажозий иборалар луғати ва изоҳи берилган. Асар 1607 йилда ёзилган. (“Нақшбандия тариқатига оид қўлёзмалар фиҳристи”, “Мовароуннаҳр” нашриёти. Т. 1993 й. 65-бет).
Ушбу сатрлардан маълум бўляптики, Ҳазрат Поянда Муҳаммаднинг таржимаи ҳоллари, кароматлари ул зотнинг айтган ҳикматлари “Мақомат ул-орифин”да дарж қилинган экан. 
Боқи Муҳаммад Шикорий ал-Бухорийнинг “Жазабот ул-ошиқин” (Ошиқлар жазбаси) номли китоблари ҳам бор.
Ҳазрат Поянда Муҳаммад Шоҳ Ахсавий Бухоронинг Файзобод мавзеида улкан хонақоҳ қурдирганлар. Хонақоҳ мелодий 1596 йил қад кўтарган. Шунингдек, Бухоро шаҳри Самарқанд кўчасида Ҳазрат Поянда Муҳаммад катта жомеъ масжиди, икки қаватли мактаб, гумбазли таҳоратхона ҳам қурдирган эдилар. Бу обиданинг номи Шоҳ Ахси жомеъсидир. Ҳазрат Мавлоно Поянда сўфиёна руҳда ғазаллар ҳам ижод қилган:
Эй зи ишқат ин дили бечора ҳар дам  ғарқи хун, 
          В-эй зи дардат гашта аз чашми тарам  ҳар дам бурун.
Шарафиддин Роқимийнинг “Тарихи томм” китобида ёзилишича, Ҳазрат Махдуми Аъзамнинг ўғиллари, пири муршид Хожа Абдулхолиқ ва Мавлоно Поянда Мухаммад Шоҳ Ахси бир йилда вафот қиладилар. Боқи Дарзи Бухорий уларнинг ҳар иккаласи вафоти тарихини билдирувчи қитъани ёзган:
                     Ду муршид аз жаҳон рафтанд, бурданд 
                     Қарору сабр аз дилҳо саросар. 
                     Бар вай синаҳо аз баҳри тарих 
                      Рақам карданд: “Оҳ дили муқаррар”. 
Мазмуни: Жаҳондан икки муршид ўтдилару сабру қарор дилдан кетди. Уларнинг вафот тарихи: “Оҳ дили муқаррар” бўлди.
“Оҳ дили муқаррар”дан ҳижрий 1010 йил ҳосил бўлади (Шарафиддин Роқимий, “Тарихи томм”, Т. “Маънавият”, 1998 й. 144-б.).
“Китоби назми Муллозода”да Ҳазрат Шоҳ Ахсининг вафот этган йилларини билдирувчи бошқа байт ҳам бор:
Аз жаҳон рафт дар ҳазору даҳ
Сўйи дорул қарор он огаҳ.
Мазмуни: Бу жаҳондан ул огоҳ зот кетди бир мингу ўнинчи йилда. Ҳижрий 1010 йил мелодий 1601 йилга тўғри келади. Демак Поянда Муҳаммад 1601 йилда вафот қилганлар. Худди шу китобда Ҳазратнинг қабр жойлари ҳақида ҳам маълумот келтирилгандир:
Дар Бухоро аст он рофеъ мақом,
Хоки у маржаи хосу ом.
Ҳар баҳористон макон обод,
Он заминро ҳаст ном Файзобод. 
Мазмуни: Бу олий мақом жой Бухородадир. У ер хосу авомнинг зиёратгоҳи хисобланади. Жуда ҳам обод бўлган бу жойнинг номи Файзободдир.
“Туҳфат аз зоирин” китобида ёзилганки, Ҳазрат Поянда Муҳаммад Шоҳ Ахсининг қабрлари Файзобод мавзесидадир.
Бухоро шаҳри ичидаги Шоҳ Ахси масжиди атрофидаги гузарнинг номи ҳам Шоҳ Ахси деб аталади.
Файзобод мавзесидаги Ҳазрат қурдирган хонақоҳ Шоҳ Ахси хонақоҳи деб аталган, лекин ҳозир Файзобод жомеъ масжиди деб аталмоқда. Мазкур хонақонинг кунчиқар томонида мозористон бор. Ушбу мозорда ҳазрат Поянда Муҳаммад Шоҳ Ахси дафн қилинганлар. 
“Туҳфат уз-зоирин”да Ҳазрат Шоҳ Ахсининг мурид, шогирд, асҳоблари ҳақида ҳам маълумот бор. Улар қўйидаги авлиё, алломалардир: Ҳазрат Мавлоно Масти, Мавлоно Охунд Камолиддин Вағанзавий (ваф.1652), Мавлоно Муҳаммад Қосим ал-Бухорий Дарвозаи Обий (ваф.1660), Мавлоно Шоҳ Муҳаммад Сарроф ва бошқалар.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, собиқ Иттифоқ замонида Ахси жомеъсида (бу шаҳардаги Самарқанд кўчасидадир) пойафзал омбори, хонақохда эса жамоа хўжалиги омбори жойлашган эди. Мустақиллик шарофатидан жомеъ ҳам, хонақоҳ ҳам намозхонлар ихтиёрига берилди, Файзободдаги Ҳазрат Шоҳ Ахси зиёратгоҳлари обод этилди. атрофидаги боғ янада кўркам қилинди. 
 
 
 
Манбалар  асосида   Отабек  Авезов  “ Файзобод ”  
 масжиди  имом  хатиби  тайёрлади.
 
«орқага