Қизбиби зиёратгоҳи
10 феврал 2017 й.
135 марта ўқилди.

                                    Қизбиби зиёратгоҳи

Қизбиби ёки Оғойи Бузрук аёллар хонақоси  Бухоро вилоят Жондор туманида, Бухоро шаҳридан 30 км ғарбда жойлашган. Майдони 0,5 гектар. Асосий кириш эшиги жануб томондан, пишиқ ғиштдан қурилган. Мажмуа бинолари асосан XIX аср давомида қад кўтарган ва тўрт ҳовли атрофида жойлашган. 
Қишги ва ёзги хоналардан ташкил топган  улкан гумбазли мачит-хонақоҳ  баланд бўлиб, мажмуани бирлаштириб туради.  Унинг силлиқланган ғиштлар билан безатилгган маҳобатли пештоқли олд томони (фасад) шарққа, Қизбиби мозорига қараган. Кичик пештоқли шимолий олд томони (фасад)  уч томондан ҳужралар билан ўралган  ибодатхона ҳовлиси билан туташ. Ҳужраларда ўчоқсимон печ ва ташнов мавжуд бўлиб, улар зиёратчиларнинг бу ерда узоқ муддат истиқомат қилишига мўлжалланган. Хонақоҳнинг жанубий қисмига  зиёратчиларнинг қисқа муддатли туришига мослаштирилган дарвозахонали ҳовли туташтирилган. Қибла деворда, меҳробнинг икки томони бўйлаб, шифобахш сувли қудуққа чиқадиган икки эшик ўрни бўлган. Ушбу қисмда ҳаммом ва таҳоратхона қурилгандан сўнг,  эшиклар ўрни  суваб ташланган. 
Қизбиби мозори тахминан XVIII аср охирларида икки  хилхонали этиб қурилган  мақбарага эга. Унинг ягона безакли биноси  ҳисобланган айвон кейинроқ мачит-хонақоҳнинг бош пештоқига қаратилиб қурилган. Айвон ойнали ёғоч ўймакорлик услуби билан безатилган. Безаклар сақланмаган. Айвон тагида қора-кулранг мармар қабртош мавжуд. Унинг шакли ноанъанавий, яъни ўртаси тешик тўртбурчак тоштахта кўринишида. Қабртошда қуйидаги мазмундаги ёзув мавжуд: “Бу хушбўй, нурафшон мақбара Оғойи Бузрукникидир. [Ушбу сўзларни]  камтарин қул Ниёз Муҳаммад котиб ёзди. Ҳижрий 1223 [милодий 1808]  йил”. Мақбаранинг шимолий девори олдида  панжали туғ қад кўтариб турибди. Панжада “Ҳижрий 1227 йил” деган ёзув мавжуд.
Қизбиби мақбарасининг  жанубида мозорга ўтишни махсус қийинлаштирадиган бир қанча иморатлар барпо этилган. Шунингдек, бу ерда меҳмонхона, аёллар мачити ва  ҳовличалар жойлашган эди. Уларнинг мақбарадан ташқари  барчаси ўтган асрнинг 30-йилларида  бузиб ташланган. Мақбара ва хонақоҳнинг аёлларга мўлжалланган қисмига эркаклар ҳеч қачон кирмаган. Бу одат ҳозиргача сақланмоқда. Мажмуани шимолий шарқ томондан ошхона ёки ҳалимхона ва хўжалик ҳовлиси ўраб туради. Бу ерда кўплаб ўчоқ ва тандирлар жойлашган. Шунингдек, уй-рўзғор анжомлари, жумладан,  ҳалиса (ҳалим) тайёрлаш учун катта қозонлар сақланган. Номи бизга номаълум саховатпеша шахс томонидан 1913-1914 йилларда мажмуанинг аёллар қисми ва ошхона қурилади. Бунинг учун  мажмуа яқинида хумдон  қурилиб, унда “салдоти”, “европача” деб аталган машҳур  тўғри бурчакли ғиштлар пиширилган.
Хонақоҳнинг ташқи тарафида, бош кириш жойига яқин ерда жойлашган бинода  деворга занжирбанд қилинган руҳий хаста кишилар сақланган.
XX асрнинг 80 йиллари бошларига қадар  хонақоҳнинг ярмидан кўпи  кўчувчи қумлар остида қолиб кетган эди. Шунга қарамай, бу жой атроф қишлоқлар аҳолиси ўртасида зиёратгоҳ сифатида машҳур бўлиб  қолаверди.
Таъмирлаш ишлари даврида янги ошхона қурилди. Наврўз, Рўза, Қурбон байрамлари, шунингдек, пайшанба, якшанба кунлари бу ерга кўплаб одамлар ташриф буюради. 
Маҳаллий аҳоли орасида Қизбибига нисбат бериладиган уч ривоят мавжуд. Биринчи қадимий ривоятга кўра, Қизбиби Сулаймоннинг қизи ҳисобланади.  Иккинчи ривоят бўйича, Қизбиби хонақоҳи Бухородаги Мир Араб мадрасаси билан бир пайтда, яъни XVI асрнинг 30-йилларида барпо этилган ва мадрасани қурган қурувчи  томонидан Қизбибига юборилган совчилик муваффақият қозона олмаган. Ушбу маълумотни “Мазҳар ал-ажойиб  ва мажмуа ал- ғаройиб” (Ажойиб воқеалар мажмуаси) асари муаллифи тасдиқлайди. Нақшбандия тариқати маҳаллий тармоқларидан бирининг муршидаси Мастура- хоним ёки Оғойи Бузрук  ушбу мансабни  Шайх Шоди Ғидйути ва унинг рафиқасидан сўнг эгаллайди. У бобоси ва отаси тарафидан муршид(а)лик руҳида тарбияланади. Унинг муридлари  орасида эркак ва аёллар, жумладан, Мўғул-хоним (ёки Ойша-хоним), яъни Бобурнинг опаси- Шайбонийхоннинг рафиқаси ҳам бор эди. Қизбиби ҳижрий 929 йил 16 рамазонда, милодий 1523 йил 30 июлда вафот этади.
Учинчи ривоят Мирзо Шариф билан Биби Шарифанинг турмуш қургани  тўғрисида хабар беради.  Биби Шарифа яқин орада қиз кўришини ва у қиз 14 ёшгача ота-онаси билан бирга яшашини, сўнгра ота-она уйини тарк этиб, олима  бўлишини, сўнгра эса “Оғойи Бузрук” деган жойга бориб, у ерда Худо ва одамлар ўртасида воситачилик қилиб умргузаронлик қилишини башорат қилади. Дарҳақиқат, дунёга келган Биби Ҳанифа исмли қиз 14 ёшида савод эгаллаб, онаси башорат қилган жойга келиб ўрнашади ва ўзини ибодат ва табобатга бағишлайди. Кунларнинг бирида у ҳужралардан бирига кириб, йўқолиб қолади. Аёллар ҳар жума куни  муайян бир жойга  унинг учун сув, қатиқ ва тароқ олиб келишган. Қизбиби ҳеч кимга кўринмай, ювинган. Бир сўфий Қизбиби билан  одамлар ўртасида воситачилик қилади. Бу сўфий кейинчалик хонақоҳ биноларининг бирида дафн қилинади.
 
 
Манбалар асосида  “ Қизбиби”  жомеъ  масжиди  
имом  хатиби  Асқад  Рахмонов  тайёрлади.    
 
«орқага