Бухоро аҳлига муносиб туҳфа.
25 май 2018 й.
377 марта ўқилди.

 Бухоро аҳлига муносиб туҳфа.

       Мамлакатимизда дин равнақи йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар сабаб шодликлар шодликларга уланмоқда, десак муболаға бўлмайди.
      Муборак Рамазон ойининг файзли кунларида Бухоро  шаҳрида янги “Умар ибн Хаттоб” жоме масжиди очилди  ва  Бухоро  вилояти масжидлар сони яна биртага кўпайди.
        Масжиднинг очилиш маросимида Бухоро вилояти бош имом-хатиби Мансур Нуруллаев сўзга чиқиб, бугунги кунда яратиб берилаётган шароитлар тўғрисида маъруза қилди. Бундай имкониятларнинг ортида тинчлик ва хотиржамлик деган буюк неъмат борлигини таъкидлади. Тадбирга йиғилганларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг саломини етказди. “Умар ибн Хаттоб” жоме масжиди Бухоро шаҳрининг кўп қаватли уйлар жойлашган кўп сонли аҳолиси учун мўътабар манзилга айланишини таъкидлаб, барчани ушбу муборак ойдаги хурсандчилик билан яна бир бор қутлади ҳамда бу каби хайрли ишлар диний қадриятларга бўлган улкан эътибор натижаси эканини таъкидлади.
        Шунингдек, бу борада ояти каримада ҳам қуйидагича таъкидлангани эслатиб ўтилди: “Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган, намозни баркамол ўқиган, закот берган ва фақат Аллоҳдангина қўрққан кишилар обод қилурлар. Айнан ўшалар ҳидоят топувчилардан бўлишлари мумкин” (Тавба, 18). 
      Ушбу ояти каримадан маълум бўладики, масжидларни обод қилиш, уларни таъмирлаш юксак имон ва мустаҳкам эътиқоднинг кўринишидир. Зеро, масжид қуриш, уни обод қилишнинг савоби улуғ эканини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай ифода этганлар: “Ким Аллоҳнинг розилигини истаб масжид қурса, Аллоҳ унга жаннатда қаср барпо қилади” (Имом Бухорий ривояти). 
        Яна  шуни таъкидлаш жоизки, масжидлар ободлиги юртнинг маъмурлигидан нишон. Илло, масжидга ибодатга келган кишилар Ватан тинчлиги, юрт равнақи, халқ осойишталигини сўраб дуо этади. Ана шу дуолар шарофати ила Яратган юртимизни янада фаровон қилади. 
       “Умар ибн Хаттоб” жоме масжидида бугун жума намози адо этилди. Масжидга келган намозхонлар масжидимиз муборак ойнинг жума куни очилди, мана жумани ҳам ўқиш насиб этди деб, севинмоқдалар.
        Ушбу янги очилган жоме  масжидни Аллоҳ таоло Бухорои Шариф аҳлига муборак қилсин!   
 
ЎМИ Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:00
Куёш: 07:54
Пешин: 13:10
Аср: 15:50
Шом: 17:30
Хуфтон: 18:50
Тўлиқ тақвим »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram